Ўзбек-Қирғиз чегарасида яна отишма рўй берган

Қирғизистон расмийларига кўра, Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманида ўзбек чегарачилари бир Қирғизистон фуқаросини отиб ўлдирган.
Дастлабки хабарларда Қирғиз фуқаросининг Ўзбек томонига контрабанда молларини олиб ўтишга урингани айтилади.
Маълум бўлишича, яраланган қирғиз фуқароси касалхонада вафот этган. Марҳумнинг оила аъзоларига чегарани кесиб ўтиб, жасадни касалхонадан олиб кетишларига рухсат берилган, дейди мухбиримиз.
Айни пайтда можаро юз берган жойга маҳаллий ҳокимият вакиллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари мулозимлари етиб боришган. Улар маҳаллий аҳолига чегарани кесиб ўтиш қонун-қоидалари, ноқонуний ўтишнинг оқибатлари ҳақида тушунтириш ўтказишаётган экан.
Ўзбекистон давлат чегара қўмитаси қирғиз томонини чегарадаги контрабандага қарши чоралар кўриш ҳақида огоҳлантирган.
Қирғизистондаги мухбиримиз Тўлқинбек Турдибоевга кўра, Ўзбек ва Қирғиз томони Чегара хизмати вакиллари ушбу масала бўйича музокаралар ўтказишган ва воқеа тафсилотларини алоҳида ўрганишга келишганлар. Тергов жараёни якунлангач, томонлар яна учрашишлари айтилган.
Ҳодисани алоҳида ўрганишга келишиш эса Ўзбек томонининг Қирғиз томони фаразини қабул қилмаётганини англатадими?
Қирғизистон Давлат Чегара хизматининг контрабандага йўл қўймасликка тушунтиришга уринаётганларининг ўзи Ўзбек чегарачиларининг бу борадаги айбловлари, гумонларини қисман тан олганларидан хабар бериши мумкин, деб айтади Тўлқинбек Турдибоев.
Ўзбекистон расмийлари чегарадаги ҳодиса тўғрисида ҳозирча изоҳ берганлари йўқ.
10 ноябр куни Боткен вилоятида юз берган ҳодисада ҳам Ўзбек чегарачилари бир Қирғиз ва беш нафар Ўзбекистон фуқароларини отиб яралагани хабар қилинган эди.
Чегарадан ноқонуний молларни олиб ўтишга уринган икки қирғиз фуқаросидан бири Ўзбек чегарачилари томонидан яраланган ва Фарғонанинг Водил туман касалхонасига ётқизилган эди.
Қўшни давлатлар чегарасидаги таранг вазият, бемалол ўтиб-қайтишга рухсатнинг йўқлиги боис турли ҳодисалар рўй беришига қарамай, фуқаролар ноқонуний йўл билан чегарани кесиб ўтишга уринишга мажбур бўлишларини айтишади.
Шунингдек, Ўзбек-Қирғиз, Қирғиз-Тожик давлатлари чегараларининг аниқ белгиланмагани ҳам бундай муаммоларни келтириб чиқаради.












