'Ўзбек чегарачилари қирғиз фуқаросини отиб ўлдиришган'

Қирғизистон Давлат Чегара хизматининг хабар беришича, қирғиз-ўзбек чегарасида юз берган ҳодисада ўзбек чегарачилари бир Қирғизистон фуқаросини отиб ўлдиришган.
Қирғиз расмийларига кўра, ҳодиса кеча Қирғизистон жанубидаги Боткен минтақаси Қадамжой туманининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудида юз берган.
Ҳодиса икки давлат чегарачилари белгиланмаган чегара ҳудудларини биргаликда қўриқлашга келишиб олишларидан бор-йўғи бир неча кун ўтиб юз бермоқда.
Мухбиримиз Тўлқинбек Турдибоевнинг хабар қилишича, бугун парламент чегарадаги ўлим ҳодисасини мубоҳаса этиш учун йиғилган.
Парламент депутатлари саволларига жавоб қайтарган Давлат Чегара хизмати муваққат раиси Таалайбек Усубалиев ўзбекистонлик чегарачилар Қирғизистон фуқаросига икки бор ўқ узганларини айтган.
Ҳозир ҳодиса жойига Қирғизистон Чегара хизмати раиси биринчи ўринбосари полковник Искандар Мамбеталиев жўнаб кетган.
Айни пайтда мазкур фожеа юзасидан Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизмати вакиллари ҳам учрашишаётгани хабар қилинади.
Қирғиз матбуоти камида 100 нафарга яқин Қирғизистон фуқароси ўз ватандошларининг ўлдирилишига норозилик билдириб, чегарага яқин ҳудудда тўпланишгани ҳақида ёзган.
Улар бир неча соат Ўш-Боткен йўлининг бир қисмини тўсиб қўйишган.
Ҳукумат идораларининг билдиришича, ҳозир йўл очилган ва вазият тинч ҳолатга қайтган.
Бош вазир Жонтўра Сотиболдиев ҳам фавқулодда йиғин ўтказиб, чегарадаги ҳодисани мубоҳаса қилган.
Текширув ўтказиш учун икки томонлама комиссия тузилиши айтилган.
Ўзбекистондаги 12uz.com веб-сайти хабарига кўра, Ўзбек чегарачиларининг ҳавога отган огоҳлантирувчи ўқларига Қирғизистондан Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний ўтишга ҳаракат қилаётган уч автомобил тўхтамаган.
Шундан сўнг "Фолксваген" русумидаги автомашинага қарата ўқ отилган.
Машина ҳайдовчиси автомобилини ташлаб Қирғизистон ҳудудида яширингани, бироқ олган жароҳати туфайли вафот этган, деб хабар тарқатган Ўзбекистон чегара қўмитаси.
Ўзбек чегарачиларига кўра, автомобилда кир ювиш порошоклари, шампун ва совунлар юкланган бўлган.












