Баракликлар Қирғизистонга кўчишмоқда

Ватанини тарк этганлар
Сурат тагсўзи, Ватанини тарк этганлар
    • Author, Тўлқинбек Турдибоев
    • Role, Би-би-си, Бишкек

Қирғизистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Барак эксклави аҳолисининг мол-мулкларини Қорасув туманига кўчириб келган.

Ҳозир Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегараоша муносабатлар қаттиқ тартибга солингани айтилади.

Хабарларга кўра, Баракда ҳозир ўттиздан кўпроқ оила қолган, холос.

Имконияти борлар эса Барак қишлоғини тарк этаётганлари айтилмоқда.

Аввалроқ Барак аҳолиси учун Қирғизистон ҳукумати ўз ҳудудидан 18 гектар ер ажратиб берган.

Аммо молиявий ёрдам масаласи ҳал бўлмагани учун ҳамон қурилиш ишлари бошлангани йўқ.

Баракдан кўчганлар эса ижарага олинган ҳовлилар ва ё қариндош-уруғлариникида истиқомат қилишмоқда.

Ёши саксонни ҳатлаган Аттақур Тўрақулов чегарани кесиб ўтишдаги қийинчиликларга тоқат қилиб бўлмаслигини айтади.

Худди шу сабабдан у туғилиб ўсган қишлоғини тарк этишга қарор қилган.

У каби Баракни тарк этаётганлар сони эса борган сари кўпаймоқда.

Барак қишлоғи раиси Бурқонбек Аширов ҳам ҳамма муаммо чегарани кесиб ўтиш билан боғлиқ бўлиб қолганини айтади.

Аксарият баракликлар қариндошлари билан ва ё ижарада яшашга мажбур
Сурат тагсўзи, Аксарият баракликлар қариндошлари билан ва ё ижарада яшашга мажбур

«Иккала тарафдан ҳам чегара чизиғига туташ ҳудудда вазият оғир. Бу ерда чорвачилик билан ҳам кун қилиб бўлмайди. Қорамол сони кескин қисқариб кетди. Баракда рўзғор тебратиш йил сайин оғирлашмоқда», дейди Бурқонбек Аширов.

Бараклик аёллардан бири эса, айнан чегарадаги қаттиқ тартиб туфайли у ўз касал фарзандини шифохонага етказишга қийналган.

« Зўрға улгурдим, ўғлимдан ажралиб қолар эдим», дейди у.

Барак Қирғизистонга тегишди, аммо Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ягона эксклавдир.

Аммо икки ўртадаги чегара ҳудудида Баракдаги каби муаммолар талайгина.

Сўнгги йилларда Барак аҳолиси ўзаро борди-келди масалаларини ҳал қилишни сўраб бир неча бор Қирғизистон ҳукуматига мурожаат қилган.

Ҳозирга қадар бу мурожаатлар билан баракликларнинг аҳволи ўнглангани йўқ.

Қайтага агар чегарадаги ўтиш нуқталарида вазият ўнгланмаса, Баракда ҳеч ким қолмаслигидан хавотирлар янграмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002