Қирғизистон Ўзбекистонга сув таъминотини чеклаши мумкин

Қирғизистон Жоқорғу Кенеши ҳукуматга Ўзбекистонга бериладиган сув миқдорини чеклашни таклиф қилган.

Буни Тоқтағул сув омборида сув заҳираси камайгани билан изоҳлаган.

Айни пайтда Қирғизистон жануби 14 апрелдан бери Ўзбекистондан келадиган табиий газсиз қолмоқда.

Кузатувчилар эса, Қирғизистон депутатларининг Ўзбекистонга суғориш сувлари беришни чеклаш талаби кўпроқ ана шу важга асосланганини айтганлар.

Боиси, Қирғизистон интернет нашрларининг хабар беришича, ҳозирги пайтда Тоқтағул сув омборида сув миқдори айтилаётганидек пасаймаган, кескин кўпайган, сув омборида 9 млд 60 минг кубометр сув тўпланиб қолган.

Ўзбекистонда эса суғориш сувларига айни мавсумда эҳтиёж катта.

Қирғизистон расмийларига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон Ўшни газ билан таъминлаш борасида ҳали бир қарорга келганлари йўқ. Ўзбекистон томони Қирғизистон билан бу масалани муҳокама қилишни истамаётганини айтганлар.

Ўзбекистон билан газ эксрорти бўйича шартнома муддати 15 апрелда ниҳоясига етган.

Апрел ойида Қирғизгаз Россиянинг Газпром ширкатига 1 долларга сотилган эди.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев мамлакат жанубини газ билан таъминлаш масаласини ўз назоратига олгани, яқин кунларда бу муаммо ҳал бўлишига ваъда берган.

"Биз озроқ сабр қилишимиз керак. Биз ишончсиз таъминотчидан кетиб тўғри қилаётганимизни яна бир бор гувоҳ бўлмоқдамиз. Агар икки йил олдин шундай вазият бўлганида фақат Ўш эмас, ҳозир бутун Қирғизистон газсиз ўтирган бўларди", деган жаноб Атамбаев журналистларга Ўзбекистоннинг ишончсиз таъминотчи экани ва Газпром билан ҳамкорлик тўғри эканини таъкидлар экан.

Жоқорғу Кенеш депутатлари Ўзбекистонга сув узатилишини чеклашни муҳокама қилар эканлар, ўз ўрнида газ масаласига ҳам тўхталганлар.

Улар Қирғизгаз ширкати директори Турғунбек Қулмирзаев Газпром билан келишувдан сўнг мамлакат жануби газ билан узлуксиз таъминланиши ва арзон нархда бўлишини ваъда қилганини эслатганлар.

Қирғизистоннинг "Электрические станции" жамияти матбуот хизмати хабар беришича, Тоқтағул сув омборида секундига 548 кубометр сув тўпланмоқда. Ўтган йили шу пайтда сувнинг миқдори дақиқасига 362 кубометрни ташкил қилган.

"Электрические станции"га кўра, бу вазият табиий шароитлар туфайли тоғдаги қорлар кеч эрий бошлаганига боғлиқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002