Ўзбекистон Сўхга йўлак очиб беришни сўрадими?

Қирғиз матбуотининг ёзишича, Ўзбекистон Ўшга газ таъминотини қайта тиклаш учун Сўх анклавига йўлак очиб беришни талаб қилган. Аммо расмий Тошкент бу каби талаб илгари сурилганини тасдиқламаяпти.
Қирғизистондаги айрим нашрлар Ўзбекистон бунга қўшимча расмий Бишкекдан Норин ГЭСи қурилиши юзасидан халқаро экспертиза ўтказиш талабини ҳам газ масаласига боғлаётганини ёзган.
Озодлик радиосининг қирғиз хизмати бу ҳақда қирғиз ҳукуматидаги номи ошкор этилишини истамаган манбаъга таяниб, хабар тарқатган.
"Қирғизистон бундай талабни ҳеч қачон қабул қилмайди", деган қирғиз ҳукуматидаги манбаъ.
Қирғизистон жануби икки ойдан буён газдан бутунлай узилган.
Ўзбекистон жорий йилнинг 14 апрелидан бошлаб қўшни Қирғизистонга газ етказиб беришни тўхтатиб қўйганди.
Ўзбек томонининг бундай қадамига Россиянинг "Газпром" ширкати апрел ойи бошида "Қирғизгаз" очиқ ҳиссадорлик жамиятини рамзий 1 долларга сотиб олиши сабаб бўлгани айтилади.
Қирғиз расмийлари Ўзбекистон бу масалада ўз қўшниси билан мулоқот қилишни истамаётганидан шикоят қилишган.
Аммо пайшанба куни Бишкек ва Тошкентдаги манбаъларнинг Би-би-сига тасдиқлашларича, газ борасидаги расмий музокаралар бошланган, аммо ҳозирча ҳеч қандай силжиш йўқ.
'Шарҳ йўқ'
Расмий Тошкент Қирғизистон жанубига газ таъминотини қайта тиклаш шартларини очиқламаган.
Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонасининг ўзини таништиришни истамаган масъул ходими ўзбек томони гўёки Сўх анклавига йўлак очиб беришни сўрагани ҳақидаги хабарларни шарҳламади.
"Бу масалада бизда ҳеч қандай шарҳ йўқ", деб айтди Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистоннинг Бишкекдаги дипломати.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Турдакун Сидиқовнинг Би-би-сига айтишича, Сўх анклавига расмий йўлак очиш талаби "расмий кун тартибида йўқ".
Аммо умуман,бу ҳақда гап ёки бирон ишора борми, деган саволга Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси "талаб қилаяпти ҳам, қилмаяпти ҳам, деб айтолмайман" дея жавоб қайтарди.
Унинг билдиришича, газ борасидаги музокараларда ҳозирча сезиларли силжиш йўқ.
Тошкентдаги қирғиз элчихонасининг номи ошкор этилишини истамаган ходими ҳам Би-би-си билан суҳбатда бу хабарларни тасдиқламади, аммо рад этгани ҳам йўқ.
Анклавлар икки давлат ўртасида ҳануз ниҳоясига етмаган чегара музокараларидаги энг қийин нуқталар ҳисобланади.
Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистоннинг икки йирик анклавлари-Сўх ва Шоҳимардон, Ўзбекистонда эса Қирғизистонга тегишли Барак қишлоғи бор.
Чегара ҳодисаларининг аксарияти айни ҳудудларда юз беради.
Ўтган йили Сўхдаги тўқнашувлар сабаб анклав аҳолиси бир муддат қамалда қолган.
Ўтмишда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз ҳудудларидаги қоғозда бир-бирига қарашли бўлган ҳудудларни биратўла алмаштириш йўли билан ҳал этишга ҳаракат қилганликлари айтилади.
Аммо Тошкент ва Бишкек ҳозиргача бу борада ниҳоий келишувга эриша олмаган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002












