Ўзбек- Қирғиз чегарасидаги икки текширув нуқтаси нима учун ёпилди?

- Author, Тўлқинбек Турдибоев
- Role, Би-би-си, Бишкек
Қирғизистон Чегара давлат хизматининг бошлиғи Қурманакун Матенов ўзбекистонлик ҳамкасби Рустам Эминжонов билан музокаралар юритган.
Қирғизистон Чегара давлат хизматининг Жамият ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими билдиришича, музокаралар натижасида Ўзбекистон томони серқатнов йўлда жойлашган “Япоги” чегара-божхона маскани билан “Водил” чегара ва қайд этиш нуқтасини олиб ташлашга рози бўлган.
Расмий маълумотга биноан, Ўзбекистон тарафи олдинроқ Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Кадамжой тумани каршисидаги худудда назорат масканларини ўрнатган.
Икки тарафнинг чегара масъуллари музокараларига асосий сабаб - чегарага туташ жойлашган маҳаллий қирғиз аҳолисининг норозилик намойиши бўлган.
Қадамжой ва Пулгон қишлоқларининг намойишга йиғилган тахминан эллик фуқароси шу ердан ўтган серқатнов йўлни тўсиб, масканларни олиб ташлашни талаб қилган.
Мулозимлар билдиришича, намойишчилар йиғилган жойга хуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан маҳаллий ҳокимият вакиллари етиб боришган ва тушунтириш ишларини ўтказган.
Бу можаро – қирғиз-ўзбек чегарасида содир этилган ягона ҳодиса эмас. Сўнгги бир йил давомида чегарага туташ жойлашган худудда икки тарафдан хам чегарачилар ва оддий аҳоли иштирокида тўқнашувлар, хатто оммавий гаровга олиш ҳоллари рўй берган.
Шу воқеалар оқибатида икки тарафдан ҳам бир неча чегарачилар ва оддий одамлар қурбон бўлган.












