Жиҳодчилар орасида қозоғистонликлар борми?

- Author, Шодиёр Сайф
- Role, Би-би-си, Олма-ота
Қозоқларни Сурияда жиҳод қилишга чақиришди. Америкада жангариларнинг веб саҳифаларини текшириб борувчи SITE Intel Group ширкатининг маълум қилишича, Ироқ пойтахти Бағдоддаги отишмалар манзарасида мурожаат қилган жангари қозоқ тилида гапирган.
Абу Муад ал-Муҳожирни ширкат асли қозоғистонлик деб таништирган.
У қозоқ тилида Қозоғистондаги барча мусулмонларни Сурияда жиҳод қилишга чақирган.
“Биродарларим, агар сиз ҳақиқий мусулмон бўлсангиз, Сурия, Фаластин ва Ливандаги биродарларимизнинг кулфатини тушунишингиз керак. Сизларни мужоҳидларга қўшилишингизни ва уйқудан уйғонишингизга чақираман”, - деган жангари.
Жангарининг ҳақиқий исми борасида маълумот йўқ. Аммо исмларни арабчага алмаштириш кенг ёйилгани маълум.
Қозоғистон фуқароларининг Афғонистондаги жангларда иштироки ҳақида кўп гапирилади. Расмийлар бу борада бирор рақамни аниқ айтмайди.
Бунгача афғон-покистон чегарасида амал қилиши айтилган “Жунд ал-Хилафа” гуруҳи 2011 йили Қозоғистоннинг бир неча шаҳарларида содир этилган портлаш ва ҳужумларни ўз зиммасига олиб чиққан эди.
Гуруҳ иштирокчилари қозоғистонликлар эканлиги тахмин қилинади.
Гуруҳ Назарбоев режимига қарши жиҳод эълон қилганини билдирган.
Аммо кейинчалик улар томонидан таҳдидлар сўниб қолган эди.
Кузатувчилар ёшларнинг бу каби экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетаётганини мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар билан боғлашади. Шунингдек, Қозоғистонда норозилик изҳор қилишнинг сиёсий йўллари ўта чекланганлиги, ёшларнинг исломий радикалларга сафига қўшилиб кетаётганига сабаб бўлиши мумкин.
Сиёсатшунос Расул Жумали муаммонинг илдизини ёшларнинг тарбияси ва уларни таълим ва иш билан таъминлашга боғлайди.
“Бу фақат диний илм, ҳуқуқ тартибот органларининг фаолияти билан боғлиқ эмас. Балки мамлакатда ёшларнинг муаммоси бўлмиш –таълим, тарбия ва ишга жойлашишдаги муаммолар билан боғлиқ. Ёшлар ушбу муаммолар билан юзма- юз келаяпти, аммо ечимини тополмаяпти. Бир қисм йигитлар радикал оқимдаги гуруҳлардан далда ва тушинишни ҳис қилмоқда”, - дейди Расул Жумали.
Сиёсатшуносга кўра Шимолий Қофқоз, Афғонистон ва Суриядаги каби жанг майдонларида қозоғистонликларни топиш мумкин.












