Қозоғистон мактаблари ва ҳижоб масаласи: Таълим вазири ўз муносабатини билдирди

Сурат манбаси, QR Oqu-ağartu ministrlıgı
Қозоғистон матбуотидаги хабарларга кўра, Маориф вазири Ғани Бейсембаев ўқувчилар ҳижоб ўраб келадиган таълим муассасаларига ҳеч огоҳлантиришсиз текширувлар ўтказилишини маълум қилди. Бир неча ой аввал у хусусий мактаблар ҳам диний устбош бўйича қонун-қоидаларга бўйсуниши кераклигини айтганди.
Эндиликда, унга кўра, текширувлар бўйича қоидалар ўзгармоқда.
Алоқадор мавзулар:
"Тадбиркорлик кодескига кўра, бизда огоҳлантиришсиз хусусий мактабларни текширишга ҳаққимиз йўқ эди. Ҳатто огоҳлантириш берган тақдиримизда ҳам, прокуратура рухсатини олиб текширардик. Ҳозир бу йўлда катта ўзгаришлар юз беряпти. Энди биз барча таълим муассасалари қонунга бўйсунаётганини текшириш учун биз огоҳлантиришларсиз ҳар қандай таълим муассасасига кириш имконига эга бўламиз", - деб айтди вазир.
Qaz365 ва UlysMedia сайтларига кўра, Бейсембаев дин таълимдан айри бўлиши кераклигини урғулаган.
"Таълим ташкилотларида қонун ва қоидалар бор. Биз уларга бўйсунишимиз ва татбиқ қилишимиз керак. Улар мактаб қоидалари ва низомларига ҳам киритилган. Хусусий мактабларга келадиган бўлсак, аниқ шикоят келиб тушиши ортидан биз Атирау вилоятидаги мактабни ёпдик. Демак, бу борада ишлар давом этади", - деб айтган у.

Ўтган йил октябрида Қозоғистон ғарбидаги Атирау вилоятида жойлашган "Миллий аёллар мактаби" лицензиясиз ишлагани учун ёпилгани хабар қилинганди. Блогер Нургуль Мукушева бу мактабда қизлар ҳижоб ўраши ва салафий таълимоти устунлик қилишини даъво қилган. Аммо, Qaz365 сайтига кўра, мактаб директори таълим давлат маориф мезонларига биноан олиб борилишини айтган.
Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ Комиссиясининг охирги ҳисоботида Қозоғистон махсус кузатув рўйхатига киритилиши тавсия қилинган. Ҳисоботда айтилишича, Қозоғистонда "ўтган йиллардаги каби, мусулмонлар хорижда диний таълим олиш ва мактабларда диний устбош кийиш бўйича чекловларга юз тутмоқда.
Қозоқ матбуотига кўра, бунга муносабат билдирган Маориф вазири Бейсембаев қонун устувор бўлиши лозимлигини айтган.

Қозоғистонлик мусулмонлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Олжас Биляловнинг айтишича, мамлакатда 13 минг қиз мактабга ҳижоб ўраб боради.
Ўзбекистон
Ўзбекистон қонунчилигида таълим ва ҳижоб масаласи мавҳум бўлиб қолмоқда.
Уч йил аввал парламент маъқуллаган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги янги қонун лойиҳасидан жамоат жойларида ибодат либосида юришга қарши мавжуд тақиқ олиб ташланди.
Аммо, Халқ таълими мактаблардаги ҳижоб масаласи ҳақида сўралганда, буни Вазирлар Маҳкамаси белгилашини айтган.
Бундан бир йил ўтиб, 2022 йилда эса Вазирлар Маҳкамасининг 3 октябрдаги [558-сон] қарори билан ягона мактаб формасини жорий этиш талаби расман бекор қилинди.
Ўзбекистонда ягона мажбурий мактаб формасини жорий этиш жамиятдаги норозиликлар туфайли амалга ошмай келаётганди.
Айни дамда, баъзи мактаблар ўз ички қоидалари ва низомлари асосида ҳижобли ўқувчиларнинг мактабга киришларини тақиқлаб келган. Бироқ, охирги йилларда ўқувчилар орасида ҳижоб ўраш ҳоллари ошганини кўриш мумкин, тақиқлаш ҳоллари эса камайган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














