Қозоғистон: Нур-Султонда хавфсизлик кучайтирилган, собиқ ва амалдаги президент қудрат учун талашдими? Qozog'iston Dunyo, Yangiliklar

Эски ва янги президент

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Тоқаев Назарбоевнинг "ўзининг одамт" сифатида кўриб келинган

Мухбирларимизга кўра, Оқ ўрдага кириш тўсилган, Қозоғистон пойтахтида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани яққол кўзга ташланади. Сўнгги зўравонликларни икки президент ўртасидаги қудрат талашувига боғловчи тахминлар кучайган.

Алоқадор мавзулар:

Сўнгги вазият ва кучаяётган тахминлар

Пойтахт Нур-Султон

Сурат манбаси, Getty Images/arxiv

Мухбирларимизга кўра, Оқ ўрдага кириш тўсилган, Қозоғистон пойтахтида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани яққол кўзга ташланади.

Қозоғистонда бўлган мухбиримиз Стив Розенбергнинг айтишича, сўнгги зўравонликларни бошқарувдаги элита ўртасидаги қудрат талашувига боғловчи тахминлар ҳам кучайган.

Мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатни 30 йилча бошқарган.

2019 йилда у ўз хоҳиши билан истеъфога чиққан.

Ўз ихтиёри билан президентликдан кетган биринчи ва ҳозирча ягона Марказий Осиё президенти бўлади.

Нурсултон Назарбоев янги президентликка номзодни ўзи илгари сурган.

Алал-оқибат ўзига мойил, деб кўрилган Қасим-Жомарт Тоқаев муваққат президент вазифаси ижросига киришган.

Бунинг ортидан муддатидан илгари чақирилган президент сайловида ҳам у ютиб чиққан.

Афтидан, Қозоғистондаги кўпчиликнинг энди ўзгаришлар, янгиланишлар муқаррар эканига оид қувончлари узоққа чўзилмаган, умидлари ўзини оқламаган.

Одамларнинг ҳаёт даражаси улар кутганчалик яхшиланмаган.

Бу фақат халқнинг норозилигини кучайтиришга хизмат қилган ва январь ойида чакана савдодаги суюлтирилган газ нархининг оширилиши оммавий намойишлар учун фақат бир туртки бўлган, дейди ҳозир Қозоғистонда бўлган яна бир мухбиримиз Абдужалил Абдурасулов.

Бошқа сабаблари ҳам борми?

Олма-ота

Сурат манбаси, PAVEL MIKHEYEV

Мухбиримизнинг айтишича, айрим кузатувчилар оммавий намойишларнинг нега зўравон тўқнашувларга айланиб кетгани сабабини биргина одамлардаги норозилик билан изоҳлашаётгани йўқ.

Уларнинг айтишича, собиқ ва амалдаги президент ўртасидаги қудрат талашуви сўнгги кунлардаги тўқнашувларга сабаб бўлган.

Яъни, сиёсий саҳнада Назарбоевнинг таъсири кучли экан, қудрат тўлиқ Тоқаевнинг қўлида бўлмаган.

Кўпчиликнинг ишонишича, собиқ президентнинг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилган Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимовнинг ҳибсга олиниши ҳам бунинг бир далолати бўлади, дейди мухбиримиз.

Кўзга кўринган минтақавий таҳлилчилардан бири бўлган Досум Сатпаевнинг унга айтишича, элита ўртасидаги бу каби кураш Қозоғистоннинг барқарорлигига жиддий таҳдиддир.

Таҳлилчига кўра, ҳокимият учун кураш икки етакчининг ўзи эмас, балки уларнинг ўз одамлари ўртасида ҳам кечган бўлиши мумкин.

Тоқаев Карим Масимовни оммавий намойишлар ва зўравон тўқнашувлар фонида ишдан олган.

Шанба куни унинг давлатга хиёнат қилиш гумони билан қўлга олингани хабар қилинган.

Аммо ҳибснинг бошқа тафсилотлари берилмаган.

Кеча, якшанба куни унинг икки муовини ҳам ўз вазифаларидан четлатилган.

Президент идораси бунинг сабабини ҳам ҳозирча очиқламаган.

Амалдаги ҳукумат аллақачон истеъфода, янгиси ҳалича қасамёд келтирмаган.

5 январь куни телевизион мурожаатида эса, Тоқаев энди Назарбоев эмас, ўзи қудратли Хавфсизлик Кенгаши раиси эканини ҳам эълон қилган.

Аммо нега бундай бўлгани сабабини очиқламаган.

Собиқ президент бу лавозимга умрбод ҳақли. деб кўрилган.

Шу дам олиш кунларида Элбошининг матбуот котиби вазиятга ойдинлик киритгандек кўринган.

У Тоқаевга сўнгги лавозимини ҳам Назарбоевнинг ўзи берганини айтган.

Унинг бу изоҳига Қозоғистон амалдаги президентининг муносабати ноаён қолган, ҳалича бўй кўрсатмаган.

Оммавий намойишлар ва зўравон тўқнашувлар билан кечган сўнгги бир неча кун ичида Элбоши халққа кўриниш бермаган.

Унинг ҳануз Қозоғистон, пойтахт Нур-Султонда экани матбуот котибининг шанба кунги твитидан маълум бўлганди.

Аммо унинг твитидан собиқ биринчи президентнинг ўз ҳайкали ағдарилиши, саройига ўт қўйилиши, жиянининг ҳибси ва оиласи билан Қозоғистонни тарк этганига оид хабарларга муносабати ноаён қолган.

Агар, унинг твитларига ишонилса, Элбоши соғ.

"Қозоғистонга қардош бир қанча давлат раҳбарлари билан гаплашиб ҳам олган".

Аммо матбуот котиби ўз твитида уларнинг қай бир давлат эканини очиқламаган.

Бундан аввал Беларусь президенти ўзининг Элбоши билан телефон орқали мулоқот қолганини айтиб чиққанди.

Матбуот котибига кўра, Нурсултон Назарбоев, "Барчани Қозоғистон президенти атрофида жипслашишга чақирган".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek