Тожикистон: "Гриль" ўнлаб одамни заҳарлади, айбдор ким? Tojikiston dunyo yangiliklar

Grill

Сурат манбаси, courtesy

    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон

Тожикистоннинг Суғд вилоятида камида 20 киши товуқ гўштидан тайёрланган таомдан заҳарланиб, беморхонага ётқизилган. Хўжанд шаҳар прокуратураси халқ орасида «гриль» деб аталувчи егуликни тайёрлаган тадбиркорга нисбатан жиноий иш қўзғаган.

Алоқадор мавзулар:

Аввалига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан товуқ гўшти истеъмол қилиб заҳарланган кишилар 60 нафарга яқин эканлиги айтилганди.

Улар Хўжанд, Гулистон шаҳарлари ва Бобожон Ғафуров туманида яшайдиган 14 та оила аъзолари бўлишган.

Хўжанд шаҳри Ҳукумати бошқа жабрланганлар бўлса, мурожаат этишларини сўраган.

Лекин шаҳар Раиси матбуот маркази бошлиғи Маъмур Юсуфзоднинг айтишича, дастлабки тахмин товуқ гўшти еган барча оила аъзоларининг умумий сонига қараб чиқарилган.

Уларнинг ҳаммаси текшириб кўрилган. Текширишлар асносида бу оилаларнинг ҳамма аъзолари эмас, фақат икки-уч кишидан «гриль» истеъмол қилишгани аниқланган.

Кўпчиликнинг заҳарланишида гумонланаётган тадбиркор Муҳсинжон Тожибоев оила аъзолари билан биргаликда товуқ гўштидан «гриль» тайёрлаш, пишириш ва уни сотиш билан шуғулланган.

Прокуратура маълумотларига кўра, у санитария-эпидемиология қонунчилиги талабларини қўпол равишда бузган.

«Тадбиркор ва унинг оила аъзолари хизмат кўрсатиш жараёнида санитария-эпидемиология қонунчилиги талабларини атайлаб бузишган, тиббий кўрикдан ўтишмаган», дейилади матбуот маркази хабарида.

Товуқ гўштидан заҳарланган йигирма икки нафар киши Бобожон Ғафуров туманидаги юқумли касалликлар беморхонасига ётқизилган.

Тожибоевлар оиласига нисбатан қўзғатилган жиной ишга кўра, улар Тожикистон Жиноят кодексининг санитария-эпидемиология қонунчилиги талабларини бузиш натижасида оммавий касаллик ё заҳарланиш келтириб чиқаришга оид моддаси билан айбланишмоқда.

Масъулларнинг ўзлари қоидага риоя қилишадими?

Do'kon

Сурат манбаси, courtesy

Тожибоев «гриль»ни Хўжанд марказидаги аҳоли орасида «Афғон-бозор» номи билан машҳур бозорга кираверишда пиширган.

- Мен умуман бозорда овқатланмайман. Чунки грилни эмас, балки кабоб, сомса, паловни ҳам очиқ ҳавода пиширишади. Ҳатто тез айнийдиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам музлатгичда сақланмасдан сотилаверади. Бошқаларини қўяверинг, овқатга чанг-тўзон ёпишиши билан ҳеч кимнинг иши йўқ. На санэпидстанциянинг, на бошқа масъулларнинг. Фақат мана бунақа кўнгилсиз ҳодиса юз берса, ҳаммалари типирчилаб қолишади, - деди хўжандлик шифокор Адҳам Комилов.

- Менимча, фақат тадбиркорни айблаш тўғри эмас. Айтинг, нега шунча кунгача ундан товуқ гўшти сотиб олганлар заҳарланишмаган? Балки заҳарланишга сабаб бўлган товуқ гўшти сифатсиз бўлгандир ё фойдаланиш муддати ўтиб кетгандир? Нега буни била туриб сотганларга чора кўрилмайди? Тўғри, бу инсофсизлар ҳам, гриль пиширган одам ҳам бола-чақасини боқишни, қора қозонни қайнатишни ўйлашади. Лекин тирикчилик-тирриқчилик эмас-да, - деди заҳарланган оилалардан бирининг аъзоси.

«Агар ўша куни иш сафарида бўлмаганимда, балки мен ҳам гриль еган ва заҳарланган бўлармидим», деди Бобожон Ғафуров туманида яшайдиган 30 ёшлардаги бу киши.

- Мен фақат бозорда озиқ-овқат, мева-чева сотаётганлар, таом пишираётганларгина эмас, балки улар фаолиятини назорат қилаётган кишиларнинг ўзлари ҳам санитария-эпидемиология қоидаларига риоя этишларини истайман. Бозор маъмурияти ходимлари кўпроқ фойда кўриш учунми, кичик тадбиркорларга санитария-эпидемиология қоидаларига мос келмайдиган жойларни ҳам сотаверишади. Санитария-эпидемиология марказининг айрим ходимлари белгиланган қоидалар бузилаётганини кўрсалар ҳам, кўрмасликка оладилар. Номига бир-икки тадбиркорга чора кўришади, қолган қоидабузарликлардан кўз юмишади. Албатта ниманингдир эвазига! - деди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов.

Заҳарланишнинг олдини олиш мумкинми?

Yemakxona

Сурат манбаси, courtesy

Таҳлилчиларнинг афсусланиб айтишларича, матбуотда оммавий заҳарланишлар борасида тез-тез хабарлар бериб турилади.

«Бу ташвишли хабарлар айниқса, коронавирус эпидемияси давом этган кейинги икки йилда кўпайди. Яна заҳарланиш воқеаларининг ҳаммаси ҳам эълон қилинмайди», деди Аҳмад Бобожонов.

Ўтган ноябрь ойида Хатлон вилоятининг Мўминобод туманида 9 киши заҳарланиш белгилари боис Кўлоб шаҳар беморхонасига ётқизилди.

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва аҳоли мудофааси қўмитаси хабарига кўра, уларнинг ҳаммаси консерваланган салатдан заҳарланишган.

«Ботулизм» ташхиси қўйилган заҳарланган бу инсонларнинг ёши каттаси 64 ёшда, энг кичиги 6 ёшда бўлган.

Худди шу вилоятнинг Кушониён туманида эса, тўрт нафар киши қўзиқориндан заҳарланиб, вафот этган.

Прокуратура Заргар қишлоғидаги маҳаллий беморхона бош врачи ва яна бир врачга нисбатан жиноий иш очган.

Улар заҳарланган кишиларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаганида айбланишган.

Лекин айбланган врач Шариповнинг айтишича, қишлоқ беморхонасида даволаш учун етарли шароит йўқлиги боис беморларни вилоят беморхонасига тезлик билан етказишни тавсия этган.

Лекин эртасига куни беморларни яна қишлоқ беморхонасига қайтаришган.

Ҳатто бунгача ҳам беморларнинг нега заҳарланишгани маълум бўлмаган.

Фақат оиланинг битта фарзанди вафот этгач, катталар қўзиқорин ейишганини айтишган.

Бундан бир ой олдин заҳарланиш белгиси билан Кўлобдаги беморхонага ётқизилган Шариповлар оиласининг тўрт нафар аъзоси нимадан заҳарлангани эса аниқланмаган.

Бу оиланинг икки аъзоси беморхонага келтирилгач, бир кун ўтиб дунёдан кўз юмган.

Балжувон туманида яшайдиган 33 ёшли Зафар Шарипов хотини билан қайнонасининг уйига меҳмонга боришган. Мезбонлар ва меҳмонлар бирга овқатланишган. Лекин Зафар, унинг хотини, уларнинг бир ёшли қизлари ва қайниси - Абдумудассир ўзларини ёмон ҳис қила бошлашган.

Кўлоб шаҳридаги юқумли касалликлар беморхонасида Зафар ва Абдумудассир вафот этган. Зафарнинг хотини ва қизи вилоят беморхонасига ўтказилган.

Балжувон тумани санитария-эпидемиология маркази директори Беҳрўз Холовнинг айтишича, заҳарланиш сабабини аниқлаш учун махсус комиссия тузилган.

У меҳмондорчилик ўтган хонадонда консерваланган маҳсулотлар топилмаганини айтган. Хонадондаги қурут, хурмо, олмалар текшириш учун юборилган.

Кейинги икки йил орасида заҳарланишга оид энг шов-шувли воқеа маҳбусларни Суғд вилоятидан Душанбега кўчириш пайтида юз берган.

14 нафар маҳбус заҳарланиш туфайли вафот этган. Республика бош прокурори Юсуф Раҳмон заҳарланиш нон ейилгач, юз бергани аниқлангани айтган.

Бош прокурор заҳарланишга сабаб бўлган уч дона буханка ноннинг ким берганлиги албатта аниқланишини билдирган.

«Қўзиқориндан заҳарланишни тушуниш, изоҳлаш мумкин. Чунки кўпчилик заҳарли ва истеъмол қилса бўладиган қўзиқоринни ажрата олмайди ва кўплар мутахассислар тавсияларига қулоқ тутишмайди. Лекин бошқа егуликлардан заҳарланишларни қандай изоҳлаш мумкин? Инсон ўлимига олиб бораётган бундай ҳолатларнинг юз бермаслиги учун мамлакат миқёсида чора-тадбирлар кўриш зарур деб ўйлайман. Шунда заҳарланишлар олдини олса бўлади», деди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов.

Bozor

Сурат манбаси, courtesy

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek