Ўзбекистон, Қарши: "Тўйда заҳарланганлар сони 74 кишига чиқди"

Тўй

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, Бу суратнинг "заҳарланиш ҳодисаси" юз берган тўйга алоқаси йўқ.

Матбуотда имконли бўлган энг сўнгги расмий маълумотлардан Қарши шаҳридаги тўйда аввал хабар берилганидан бир неча бор кўп, яъни 74 кишининг "заҳарлангани" маълум бўлган.

"Уйма-уй юриб, қолган касалларни ҳам фаол аниқлаш, беморларни даволаш ва овқатдан заҳарланиш ҳолатлари профилактикаси юзасидан тадбирлар давом этмоқда".

Бу ҳақда кеча, 30 сентябрь куни "Халқ сўзи онлайн" нашри Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Матбуот хизматининг маълумотларига таяниб хабар берган.

Тўй маросими 27 сентябрь куни Қарши шаҳридаги "Бахтли оила" тўйхонасида бўлиб ўтган.

Орада кечган вақт давомида "овқатдан заҳарланиш" гумони билан жаъми 74 нафар бемор вилоят Юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Улардан икки нафарига аллақачон уйига жавоб берилган, қолган беморларнинг аҳволлари ўртача енгил ҳолатда.

Янги эълон қилинган маълумот тафсилотларидан маълум бўлишича, "овқатдан заҳарланишда гумон этилаётган"ларнинг аксарияти, яъни 60 нафари хотин-қизлар бўлишади.

Беморларнинг орасида 18 ёшга тўлмаганларининг сони тўрт кишини ташкил қилади.

"Заҳарланиш" ва текширувлар

Мазкур нашрнинг ёзишича, ҳозир тўйда иштирок этганлар рўйхати шакллантирилмоқда, патронаж ҳамширалари ёрдамида уйма-уй кўрик ўтказиш ташкил этилган.

Шу пайтгача Қарши шаҳридан 180 нафар тўйда қатнашганларнинг аҳволлари ўрганилган, 14 нафар кишининг ҳолати фаол аниқланиб, кузатув учун шифохонага олиб келинган.

Ўзбекистон Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги эса, Қашқадарё вилоятидаги бошқармасидан 29 сентябрь куни олинган маълумотга асосан кечаги сана остида бу ҳақда расман хабар берган.

28 сентябрь куни вилоят Юқумли касалликлар шифохонасига 16 нафар, кейинги куни яна 7 нафар, жаъми 23 нафар фуқаро ётқизилганини маълум қилган.

Уларга "ўткир гастроэнтерит" ташхиси қўйилгани ҳақида ёзган. Бу ташхис ошқозон ва ингичка ичак яллиғланишини кўзда тутади.

Вазирлик ўз хабарида беморларнинг сўзларига таяниб маълум қилишича, улар "тўй маросимида турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотларини аралаш истеъмол қилишган".

Ўзбекистонда Ўқитувчилар куни муносабати билан расман дам олиш куни эканига қарамай, Би-би-си Ўзбек Хизмати бу хусусда мамлакат Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги вакили билан боғланишга муваффақ бўлди.

Унинг биз билан суҳбатида айтишича, шифохонада қолаётганларнинг аҳволлари яхши, улар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда ва текширув натижасига қараб, уйларига жавоб берилади.

Санитария ва гигиена...

"Халқ сўзи онлайн" нашри хабари тафсилотларидан 30 сентябрь куни тўйхонадаги санитария ва гигиена меъёрлари билан боғлиқ аҳвол ўрганилгани ҳам маълум бўлган.

Текширув натижаларига кўра, тўйхона ошхонасида маҳсулотларга ишлов бериш хоналари ташкил этилмаган.

Тез бузиладиганлари дохил озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун совутгичлар сони етарлича бўлмаган.

Мавжуд бўлган битта совутгичда хом ва тайёр маҳсулотлар уларни сақлаш қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда сақланмоқда.

Идиш-товоқларни ювиш учун шароит яратилмаган, кетма-кетлик қоидасига риоя қилинмаган.

Тўйхона ходимлари тиббий кўрикдан ўтмаган, санитария минимум ўқув курсларида ўқимаган.

Тўй маросимига 3 хил салат тайёрлаган Қарши шаҳар яшовчиси М.Х. Шукуров хонадонида бунинг учун умуман шароит бўлмагани аниқланган.

У тиббий кўрикдан ўтмаган, ушбу фаолият учун тегишли рухсатнома олмаган бўлган.

Санитария-эпидемия талабларини бузганлиги учун бу фуқарога нисбатан аллақачон маъмурий иш қўзғатилган.

Унга "энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима солинган".

Текшириш вақтида ошхона-ишчи ходимлари ва ташқи муҳит объектларидан турли намуналар олиниб, лабораторияга юборилган.

Хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, юз берган "заҳарланиш ҳодисаси" ортидан, вилоят Юқумли касалликлар шифохонасида махсус штаб ташкил қилинган.

Бу штабга Республика санитария-эпидемиология назорати марказининг малакали мутахассислари жалб этилган.

Амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар белгилаб олинган.

Беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида барча зарур дори-дармонлар захираси яратилган.

Бу биринчи ҳодиса эмас, аммо...

Ўзбекистонда овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари минтақадаги бошқа мамлакатларга нисбатан анча кам учрайди.

Лекин шу пайтгача мамлакат ёпиқ бўлган ва бу каби ҳолатлар рўй берган тақдирда ҳам ҳеч ким хабардор бўлмай қолгани эҳтимолини назардан соқит қилиш қийин.

Шу йил март ойида Бекободдаги тўйда 55 киши заҳарланганига оид хабарлар олинган.

2017 йилнинг май ойида Андижонда 212 кишининг музқаймоқдан заҳарланиши ҳодисаси кузатилган.

Ундан олдинроқ 2014 йили Жиззах шаҳридаги "Прим" емакхонасида тайёрланган овқатдан 100 нафардан кўпроқ хўранда заҳарланган эди.

Ўзбекистон шаҳарларида эса эшакларнинг яширин равишда истеъмол учун сўйилиш ҳолатлари учраб туради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek