Дунё, янгиликлар: Жонли эфирдаги сўкиниш ва нондан заҳарланган маҳбуслар

Путин

Сурат манбаси, AFP

Журналист жонли эфирда Путинни сўкди

Грузиянинг Rustavi-2 телеканали ходими Георгий Габуния якшанба кунги жонли эфир пайтида ҳақоратли ва куракда турмас сўзлар қўллаган ҳолда, Россия президенти Владимир Путинга мурожаат этган.

Грузия президенти, Бош вазири, Парламент спикери, ташқи ишлар вазири ва Тбилиси мери каби юқори лавозимли шахслар телебошловчининг бу амалини қаттиқ қоралаган.

Мухолиф кучлар эса ҳокимиятдан сўз эркинлигини бўғмасликни талаб этган.

Россия томони ҳодисани "сиёсий иғвогарлик" дея қоралаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, ҳодиса ортида "икки ўртадаги муносабатларни издан чиқаришни қасд қилган радикал кучлар турибди".

Тожикистон

Сурат манбаси, AFP

Тожикистонда 14 маҳбус нондан заҳарланди

Ҳодиса маҳбусларни бошқа қамоқхоналарга кўчириш жараёни вақтида содир бўлган.

News.tj сайтининг хабар беришича, 7 июль куни 128 нафар маҳбус Хўжанд ва Истравшан вилоятларидан Душанбе ва Нурек шаҳри ҳамда Яван туманига уч махсус машинада кўчирилган.

Машиналар тўхтаган пайтда маҳбуслардан бири 16 маҳкумга уч дона буханка нон тарқатган. Кейинроқ, нонни истеъмол қилганларнинг бари қайт қила бошлаб, ҳушини йўқотган.

Оқибатда 14 маҳбус ҳаётдан кўз юмган.

Тожикистон Бош прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатган.

Исми сир қолишини истаган тожикистонлик экспертлардан бири 128 маҳбусни атиги учта машинада кўчириш белгиланган нормаларга зидлиги ва бундай вазиятда маҳкумларнинг қочишга уриниш эҳтимоли юқори бўлишини айтган.

Ҳозирча, ноннинг қаердан келиб қолгани ва у одамларни қандай заҳарлаган бўлиши мумкинлиги тўғрисида маълумот берилмаган.

Азимжон Асқаров

Сурат манбаси, Koop.kg

Сурат тагсўзи, Дунё ҳамжамияти Азимжон Асқаровни сиёсий маҳбус ўлароқ кўриб келади

Европа Иттифоқи ҳибсдаги этник ўзбек Азимжон Асқаров масаласини муҳокама қилмоқда

Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Европа Иттифоқи олий комиссари Федерики Могерини Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков билан музокаралар давомида Азимжон Асқаров тақдири масаласини ўртага ташлаган.

Журналистлар билан суҳбатлашган Могерини хоним икки томон муносабатларида муҳокама қилиб бўлмас масалалар мавжуд эмаслиги, Асқаров тақдири бўйича ҳам очиқ суҳбат бўлиб ўтганини билдирган.

Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, асли этник ўзбек бўлмиш Азимжон Асқаров 2010 йил июнь воқеалари ортидан милиция ходимларига нисбатан уюштирилган ҳужумга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

2010 йил сентябрь ойида суд унга умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган.

Дунё ҳамжамияти Асқаровни сиёсий маҳбус ўлароқ кўриб келади. Куни кеча саккизта нуфузли халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Могерини хонимга мактуб йўллаб, уни Азимжон Асқаровнинг озод этилиши йўлида ҳаракат қилишга чақирган эди.

Жанубий Африка

Сурат манбаси, AFP/GETTY IMAGES

Илк африкалик фазогирга айланиши кутилган инсон ҳалок бўлди

Жанубий африкалик Мандла Масеко 2013 йилда бир миллион талабгорларни доғда қолдириб, АҚШ космик академиясидаги 23 ўриндан бирини қўлга киритган эди.

Коинотга чиқиши кутилган илк қора танли африкалик бўлмиш 30 яшар Масеко шанба куни автоҳалокатда ҳаётдан кўз юмган.

У бир соат давомида очиқ коинотда бўлиш учун машғулотлар ўтаган, асли 2015 йилга мўлжалланган парвоз кейинга қолдирилган эди.

Афронаут ва Спейсбой лақабларини олган Масеко бу ишни Африкадаги ёшларни руҳлантириш ва қандай жамият қатламидан чиққан бўлмасин, ҳар ким ҳар нарсага эриша олиши мумкинлигини исботлаш учун қилаётганини билдирганди.

Би-би-си билан суҳбатлашган Масеко бир кун коинотдан худди Нил Армстронгдек Ерга қўнғироқ қилиш орзусида эканини айтган эди.

Америкалик фазогир Нил Армстронг 1969 йилда Ойга қадам қўйган илк инсонга айланган ва табиий йўлдош сиртидан туриб: «Бу бир инсон учун кичик қадам, инсоният учун эса катта сакрашдир,» сўзларини Ерга етказган эди.

Deutsche Bank 18 минг иш ўрнини қисқартирмоқчи

Бош қароргоҳи Германияда жойлашган йирик халқаро банклардан бири ҳисобланмиш Deutsche Bank минглаб иш ўринларининг қисқартирилишини маълум қилди.

Ходимларни оммавий ишдан бўшатиш юзасидан қарор Commerzbank билан қўшилиш бўйича музокаралар муваффақиятсизликка учраши ортидан олинган.

Оқибатда, банк тармоқларида хизмат қилувчи 18 минг инсон ишидан айриладиган бўлди.

Сўнгги йилларда Deutsche Bank турли муаммоларга дуч кела бошлаган эди. Банкнинг инвестиция бизнеси кўрсаткичлари тушиб кетган ва Германия ҳуқуқ-тартибот органлари банкни ноқонуний пул ювиш амалиётларига аралашганликда гумонлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek