Ўзбекистон: Бизни Россияга юборишни осонлаштиринг! Россия: Москваликлар мигрантларни нега сиғдирмаяпти? Икки давлатда “прописка”: узайтириш керакми, бекор қилиш? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Россиядаги мигрантлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Россияда ўзбекистонликларнинг миграция рўйхатига қўйиш муддати 15 кунга узайтирилади.

(Бу атама Россияда "регистрация", Ўзбекистонда "прописка" дейилади - таҳр.).

Мазкур тартиб ҳозиргача Шимолий Корея, Венесуэла, Туркманистон, Россия ва Ўзбекистон каби мамлакатларда сақланиб қолган.

Мигрантлар изоляцияси: муҳожирлар учун алоҳида туман, ётоқхоналар, махсус транспорт ва хатто полиция маҳкамаси очиш таклиф қилинди.

  • Қўшниларга 15, ўзбекистонликларга 7 кун эди;
  • Шимолий Кореядаги тартиб Россия ва Ўзбекистонда;
  • Агентлик орқали муҳожирликка кетиш осонлашадими?
  • "Келгиндиларнинг бир жойда тўпланишига йўл қўйиб бўлмайди";

Ўзбекистонликларнинг муддати кам эди

Россиядаги мигрантлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Россияга борган Ўзбекистон фуқаролари амалдаги тартибга кўра, 7 кун ўрнига 15 кун ичида миграция рўйхатидан ўтишлари мумкин бўлади.

(Бу атама Россияда "регистрация", Ўзбекистонда "прописка" дейилади - таҳр.).

Россияда Беларусь, Қозоғистон, Арманистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари мамлакат ҳудудига киргач, миграция қайдидан ўтишлари учун 15 кун муддат берилган. Ўзбекистон фуқаролари учун бу муддат 7 кундир.

Бу борада Россия Ички ишлар вазирлиги Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги келишувни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиққан.

Россия фуқароларининг Ўзбекистонда ва Ўзбекистон фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида бўлиш тартиби тўғрисида 21 май куни Москвада ва 17 июнь куни Тошкентда икки давлат ҳукуматлари ўртасида келишув имзоланган.

Ўзбекистонликларнинг Россияга киргач, 7 кун ичида миграция рўйхатидан ўтиши шартлигининг 15 кун муддатга узайтирилиши шу келишув натижаси ўлароқ келтирилмоқда.

Эскирган тизимнинг янги талаблари

Россиядаги мигрантлар

Россия миграция қонунчилигида амалдаги тартибга мувофиқ, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон ва Қирғизистон фуқаролари Россияга кириб келгач, 15 кун ичида миграция қайдига қўйишади.

Таъкидлаш керакки, чет эл фуқароларини миграция рўйхатидан ўтказиш дунёнинг кўплаб давлатларида қўлланилмайди.

Аксар мамлакатларда хорижликлар бир мамлакатга боргач, виза муддатига қадар ортиқча расмиятчилик хужжатларисиз эркин юриш ҳуқуқига эга.

Россия ва Ўзбекистон ўз мамлакатига кирган чет эл фуқароларини миграция рўйхатидан ўтишини талаб қилувчи саноқли мамлакатлар ҳисобланади.

Бундай тартиб сақланиб қолган мамлакатларнинг энг машҳурлари Шимолий Корея, Венесуала ва Туркманистондир.

Агентликнинг Россияга таклифи нима?

Россиядаги мигрантлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Ўзбекистон Россияга меҳнат муҳожирларини саралаш асосида ташкилий юбориш жараёнларини соддалаштиришни таклиф қилди.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги россиялик ҳамкасбларига ишга қабул қилиш тартибини соддалаштириш мақсадида ўзбекистонликларни Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувга ўзгартириш киритишни таклиф қилди, деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов ва Россия Федерацияси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Антон Котяков ўзбекистонликларнинг Россияда ишлаш тизимини ривожлантиришни муҳокама қилишган.

Шунингдек, мигрантлар учун хужжатлар масаласи ва иш берувчилар томонидан меҳнат меъёрларига риоя этилиши кафолатларини тасдиқлаш каби масалалар кўрилган.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистондан 10 минг меҳнат муҳожирини Россия Федерациясидаги қурилиш обектларига олиб келиш бўйича тажриба дастурини ишга тушириш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.

Келишувга кўра, дастур жорий ҳафта бошидан Ўзбекистонда ишга туширилган.

Мазкур тажриба 2022 йил январь ойида амалга оширилиши режалаштирилган.

Муҳожирлар алоҳида яшасинми?

Россия Федерал миграция хизмати директорининг собиқ ўринбосари, ҳозирда Миграция жараёнларини таҳлилий ва амалий тадқиқотлар маркази раҳбари Вячеслав Поставнин мигрантлар учун алоҳида турар-жойлар қуриш таклифи билан чиқди.

Бу таклиф Марказий осиёликлар гавжум жойлашган "Фуд-сити" савдо маркази жойлашган ҳудуддаги Сосен шаҳарчаси аҳолисининг муҳожирлардан норозилиги манзарасида билдирилмоқда.

Новомосковск аҳолиси "уларни тартибга келтириш" илтимоси Россия президентига 8000 дан ошиқ имзоли мактуб йўллаганди.

Поставнин маҳаллий аҳолининг муҳожирларнинг тажовузкор хатти-ҳаракатлари ҳақидаги шикоятларини шарҳлар экан, "ҳеч ким чет элликлар билан ҳеч қанақасига ишламайди", дея таъкидлади.

- Келгиндиларнинг бир жойда тўпланишига йўл қўйиб бўлмайди, - деди у "Газета.ру" нашрига берган интервьюсида. - Алоҳида ётоқхоналар ва туманлар қуришимиз керак.

Поставнин муҳожирлар маҳаллий аҳоли орасида бўлишини ёқламайди. Сабаби, унинг таклифлари орасида мигрантлар истиқомат қиладиган ҳудудларда "иш жойига ва метрога элтувчи алоҳида транспорт ташкил қилиш" ҳам бор.

Ва ҳатто муҳожирлар тартибини назорат қилувчи ва уларга Россия жамиятида қонунлар ва ўрнатилган хулқ-атвор нормаларини тушунтирувчи махсус полиция бўлинмаларини яратиш керак, деган фикрни билдирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek