Минтақада янгилик: Туркманистонда Ит байрами нишонланди Turkmaniston bo'ribosar alabay dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Туркманистонда Ит байрами нишонланди. Янгилик минтақанинг бу яқин тарихида кузатилмагани билан ҳатто Ғарбда ҳам ўзига эътибор тортди.
Туркманистондаги Ит байрами кеча, якшанба куни бўлиб ўтган.
Тантаналар ва махсусан таъсис этилган мукофотлар Туркманистоннинг ўта зотдор, шахсан президент Гурбангули Бердимуҳамедов диққат-эътиборидаги Алабай итларига бағишланган.
Туркман Алабайининг илмий номи Марказий Осиё овчаркаси.
Уни Ўзбекистонда бўрибосар деб аташади, Алабай кўпроқ чўпон ити зоти сифатида кўрилади.
Туркманистон президенти бу зотдор итларни миллий мерос рамзи сифатида ҳурмат қилишга ундаб келади.
Алабай итлари ва Ахалтекин отлари Туркманистонда миллий ғурур манбаи саналади.
Якшанба куни итлар Туркманистонда уларнинг юксак маданий мавқеъларини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларда марказий ўринни эгаллашди.

Сурат манбаси, Reuters
"Энг зўр"ларини топишга қаратилган танловда ўзларининг туришлари ва эпчилликларини намоён этишди.
Президент Гурбангули Бердимуҳамедов кўрсатган жасорати учун энг олий мукофотни давлат чегара хизматидаги итга беришга қарор қилди.
Мукофотни президентнинг ўғли, Туркманистон Бош вазирининг ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов топширди.

Сурат манбаси, Reuters
Расмий хабарларга кўра, у Алабай зотидаги итларни кўпайтириш учун махсусан барпо этилган янги мажмуанинг тантанали очилиш маросимида ҳам кўриниш берган.
Айнан Алабай зотлиси Туркманистондаги кўпчилик чўпонларнинг ҳам энг севган ити бўлади.
Улар дунёдаги энг жасади йирик итлар сирасига киришади, оғирлиги 80 килограммгача тош босади.
Ўтган йили пойтахт Ашхобод марказида Алабай итига узунлиги нақ 6 метрлик олтин ҳайкал ҳам ўрнатилган, уни шахсан Туркманистон президентининг ўзи очиб берган.
Туркманистон пойтахтини безаб турган бунга ўхшаш зарҳал ҳайкаллар эса, оз эмас.
Уларнинг орасида Гурбангули Бердимуҳамедов от миниб турган қиёфада акс этгани ҳам бор.

Сурат манбаси, Getty Images
Президент Бердимуҳамедов Туркманистонни 2007 йилдан буён бошқариб келади, минтақанинг ўз атрофида шахсга сиғиниш муҳитини яратган авторитар лидерларидан бири сифатида кўрилади.
Туркманистон ҳали-ҳануз дунёнинг "энг эркин бўлмаган" саноқли давлатлари рўйхатида бўлади, бунга Freedom House нинг сўнгги ҳисоботи ҳам далолат қилади.
Президент ўзларига яқин бўлган давлатлар раҳбарларига ора-орада зотдор итлари ёки отларидан ҳадя қилиб туради.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бундай ҳадяларни олган раҳбарлардан бири Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов ва Россиянинг жорий Президенти Владимир Путин, Қатар амири бўлган.
2017 йили Президент Бердимуҳамедовнинг Россия Президенти Владимир Путинга туҳфа қилиш пайтидаги бўрибосар кучукни ушлагани танқидларга сабаб бўлган эди: у кучуквачччани бўйнидан чангаллаб ҳавода ушлаб турган эди.
2019 йилда Туркманистон президенти Алабайга бағишлаб китоб ҳам чоп этган.
Мамлакатда "Туркман алабайлари" ассоциацияси ҳам фаолият юритади.
Халқаро мақомга эга бу ассоциацияга ҳозир Сердар Бердимуҳамедов раислик қилади.
Туркманистондаги сўнгги байрам тадбири аксарият минтақа давлатларида коронавирус билан боғлиқ аҳвол қайта ёмонлашаётган бир пайтда бўлиб ўтган.
Бошқа томондан, Туркманистон ҳали-ҳануз Марказий Осиёнинг коронавирус расман қайд қилинмаган ягона давлати бўлади.

Сурат манбаси, Reuters
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















