"Қозоғистон АҚШ ва Шимолий Корея ўртасида воситачилик қилиши мумкин"

Сурат манбаси, Getty Images
Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев АҚШ билан Шимолий Корея ўртасида дипломатик муносабатлар йўқлиги сабабидан мамлакати музокараларда воситачилик қилиши мумкинлигини айтган.
Жаноб Назарбоев Оқ Уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашган.
Хабар қилинишича, икки президент бошқа масалалар қатори Шимолий Кореянинг "дунёга ядровий таҳдиди" масаласини ҳам муҳокама этганлар.
Қозоғистоннинг Совет Иттифоқи парчаланган пайтда энг йирик ядровий қурол-аслаҳа захирасига эга мамлакат бўлгани ва бу захирадан ўз ихтиёри билан воз кечган мамлакат эканини эслатган Президент Назарбоев, мамлакатининг "ядровий қурол ишлаб чиқармоқчи бўлаётган" Эрон ва Шимолий Корея сингари мамлакатлар билан "гаплашишга маънавий ҳуқуқи бор"лигини айтган.
Президент Нурсултон Назарбоев АҚШ билан Шимолий Корея ўртасида дипломатик муносабатлар йўқлиги сабабли Шимолий Кореянинг ядровий дастурини муҳокама этиш музокараларида Қозоғистон воситачилик қилиши мумкин деган.
Президент Назарбоевнинг АҚШга расмий сафари мобайнида Америка компанияалари билан 2,5 миллиард долларлик шартномалар имзоланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери ила боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













