"Тожик полковниги Гулмурод Ҳалимов ўлдирилди"

Гулмурод Халимов

Шундай хабарни Россия Мудофаа вазирлиги тарқатди. Россия ҳарбийларига кўра, "Исломий Давлат" гуруҳига бориб қўшилган Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг махсус қўшинлари собиқ қўмондони Гулмурод Ҳалимов Дайр аз-Зур шаҳри яқинида авиа ҳужум оқибатида ўлдирилган.

Россия Мудофаа вазирлиги Гулмурод Ҳалимовни "ИШИДнинг уруш вазири" деб атайди.

Ҳалимов ўлдирилгани ҳақидаги хабар бошқа манбалардан тасдиқлангани йўқ.

Бундан олдин ҳам Тожик полковнигининг ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Россия Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, Дайр аз-Зур шаҳри яқинидаги ерости штабида ИШИД қўмондонлари учрашаётгани ҳақида жосуслик маълумоти олинган.

"Ахборот олинганидан кейин ва нишон аниқланганидан кейин Хмеймим авиабазасидан икки самолёт - Су-34 ва Су-35 ҳавога кўтарилди ва бетонни ёрадиган бомбалар билан авиазарбалар бердилар", дея хабар тарқатган Россия ҳарбийлари.

Ҳужум оқибатида 40 дан ортиқ жангари, шу жумладан, тўрт дала қўмондони ўлдирилгани айтилмоқда.

"Шунингдек, мажлисда ИШИД халқаро террорчи гуруҳининг "уруш вазири" Гулмурод Ҳалимов ҳам бўлган, у олган жароҳатлари туфайли ҳалок бўлган", дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмаси қўмондони Гулмурод Ҳалимов 2015 йил апрелида ғойиб бўлди.

Орадан бир ой ўтиб Тожик полковнигининг видео мурожаати Интернетда пайдо бўлди.

Видеомурожаатда у Тожикистон ҳукуматини мусулмонларни таъқиб этаётганликда айблади.

Гулмурод Ҳалимовнинг Сурияда олинган сурати

Сурат манбаси, Twitter

Тожикистондаги ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари ва меҳнат муҳожирларини ИШИД сафига бориб қўшилишга даъват этди.

Ҳалимовнинг видеоси Сурияда ёзиб олинган деб тахмин қилинди.

41 яшар Гулмурод Ҳалимов профессионал мерган бўлган.

У Россия ва АҚШда махсус қўшинларни тайёрлаш мактабларида ҳарбий тайёргарлик ўтган.

Сўнг Тожикистон президенти гвардиясида хизмат қилган.

2009 йили Тожикистоннинг Рашт водийси ва 2012 йилда Хорог шаҳридаги ҳарбий амалиётларда иштирок этган.

2016 йили августида АҚШ Давлат департаменти Гулмурод Ҳалимовнинг қаерда эканини топишда ёрдам берадиган маълумот учун 3 миллион долларлик мукофот эълон қилган эди.

Шу йил июлида Тожикистон расмийлари Ҳалимовнинг қариндошлари ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатган, бу қариндошларнинг гўёки Сурияга йўл олганини айтишган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Восеъ туманининг Ибрати қишлоғида Гулмурод Ҳалимовнинг қариндошлари билан отишма рўй берган.

Вазирлик бошқа тафсилотларни ошкор этмаган, аммо қатор матбуот хабарлари Ҳалимовнинг тўрт қариндоши ўлдирилганини хабар қилган.

Июл ойида Гулмурод Ҳалимовнинг 18 яшар ўғли Беҳруз Ҳалимов ўз отасининг танишлари билан ижтимоий тармоқларда алоқада бўлгани ва Ироқ ёки Сурияга жиҳод учун сафар қилиш ниятидалиги даъво қилиниб 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02