Истанбул ҳокими: 'Ўзбек ҳужумчи айбига иқрор бўлди'

Истанбул

Сурат манбаси, AFP

Истанбул вилоят ҳокими Васип Шаҳиннинг айтишича, янги йил кечаси Истанбулдаги тунги клубга ҳужум қилган шахс Ўзбекистон фуқароси Абдулқодир Машариповдир.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, Афғонистонда махсус тайёргарликдан ўтган гумондор "айбига иқрор бўлган".

Душанба куни Туркия полицияси Истанбулнинг Эсенюрт мавзеъсида ўтказилган махсус амалиёт чоғида Машарипов билан бирга ироқлик бир эркак ва фуқаролиги номаълум уч аёлни ҳам ҳибсга олган.

Васип Шаҳиннинг айтишича, Абдулқодир Машариповнинг бармоқ излари ҳодиса жойидан олинган бармоқ изларига тўғри келган.

Аввалроқ турк матбоутида юзи кўкарган ва қон излари бўлган футболкадаги эркакнинг сурати пайдо бўлган.

Ўзбек томони ҳозиргача Машариповнинг ўз фуқароси эканини расман тасдиқламаган.

Истанбул

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Аввалроқ полиция ҳужумчининг камерадаги аксларини эълон қилганди

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Истанбулдаги ҳужум юзасидан бирон-бир баёнот бермаган.

Турк расмийсининг сўзларига кўра, Машарипов Туркияга 2016 йил январида ноқонуний келган.

Ҳужум содир бўлган куни унинг Кўнё шаҳридан Истанбулга етиб келгани айтилганди.

Турк матбуотининг хабарларига кўра, Кўнёда Машарипов аёли ва икки фарзанди билан яшаган.

Турмуш ўртоғи унинг ИШИДга аъзолигидан хабари бўлмаганини айтган.

Reina тунги клубига ҳужум учун масъулиятни ИШИД ўз зиммасига олганди.

Ҳужумга алоқадорликда жаъми 50 киши ҳибсга олинган.

Ҳужумда 39 киши ҳалок бўлган, 40 одам яраланган,

Ҳалок бўлганларнинг аксарияти хориж фуқароларидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг