Ўзбекистон: Ҳокимлар йўқотадиган ваколат, янги Damas ва уч муаммога бир ечим

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Ҳокимиятда янги ислоҳотлар
Ўзбекистонда ҳокимият тизимида янги ислоҳотлар - ваколатлар ажратилиши барча туман ва шаҳарларда жорий этилади.
2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг барча 208 туман ва шаҳарларида ҳокимлар ва маҳаллий кенгашлар ўртасида ваколатларни ажратиш тизими амалга киритилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни парламент ва халққа йўллаган мурожаатида маълум қилди.
Янгиланган Конституцияга мувофиқ, ҳоким ва халқ депутатлари кенгаши раиси лавозимлари алоҳида қилинади. Илгари ҳокимлар бир вақтнинг ўзида ҳам ижроия, ҳам вакиллик ҳокимиятини бошқариб келгани ҳокимият тармоқлари ўртасидаги мувозанатни бузгани таъкидланди.
Президент буни "жиддий сиёсий ислоҳот" деб атади ва халқнинг овозини эшитиш, унинг таклифларини инобатга олиш фуқаролар ишончини қозонишнинг ягона йўли эканини қайд этди. "Бугун уйғонмасак, эртага кеч бўлади", - деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, кенгашлар аҳоли манфаатларини ифода этувчи ҳақиқий органга айланиши шарт.
Депутат сўровлари ижроси қатъий назоратга олинади, сансалорлик ҳолатлари прокуратурага юборилади.
Президент шунингдек, янги тизим халқнинг 30 йиллик орзусини рўёбга чиқарганини эслатди ва барча раҳбарларни халқ овозини эшитишга чақирди.
30 йилда янгилик

Сурат манбаси, UzAuto Motors
UzAuto Motors бозорга икки янги тижорат автомобилини чиқаришини маълум қилди: Chevrolet Damas Max ва Chevrolet Damas Move. Бу 30 йил деганда халқ севган Дамасларнинг йирик модернизация қилиниши бўлади.
Янги моделлар замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради. Улар хавфсизлик ёстиқчалари, ABS тизими ва қулайликни оширувчи жиҳозлар билан таъминланган. Бу моделлар тадбиркорлар ва оилавий мижозлар талабларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, Дамаснинг олдинги версияси ишлаб чиқаришда қолади ва сотувда давом этади.
Ҳам тежайди, ҳам совутади

Сурат манбаси, Rasmiy
Янги Тошкентда юқори самарадорликка эга ёпиқ турдаги энергетика подстанция қурилмоқда
Podrobno.uz сайтининг хабар беришича, Ўзбекистон Хитойнинг Haocheng Industry Group Limited компанияси билан ҳамкорликда Янги Тошкент ҳудудида биринчи ёпиқ турдаги юқори самарадорликка эга энергетика подстанцияси барпо этмоқда.
У замонавий тригенератсия технологияси асосида ишлайди. Унинг ўзига хослиги - бир вақтнинг ўзида шаҳарни иситиш, совитиш ва энергия тежаш имконини беришида дейилмоқда.
Хабарда қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёевга лойиҳа ҳақида маълумот берилган.
"Янги Тошкентдаги асосий бинолар ва иншоотлар энергия билан айнан шу подстанция орқали таъминланади", - деб ёзади веб саҳифа.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 75 МВт иситиш, 100 МВт совитиш қуввати ва 17 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Биринчи 100 МВтлик подстанция шаҳарнинг дастлабки эҳтиёжларини қондириш учун етарли дейилади хабарда.
Шунингдек, бундай иншоотлар анъанавий очиқ турдаги подстанцияларга нисбатан бир қатор афзалликларга эга эканлиги таъкидланади.
Бу турдаги подстанциянинг шаҳар муҳитига уйғун тарзда мослашиши, архитектура манзарасини бузмаслиги, шовқин даражаси одатий подстанцияларга нисбатан икки баробар кам, эгаллайдиган майдони эса уч баробар кичиклиги ҳам айтиб ўтилган.
Бу муҳандислик концепцияси мураккаб бўлган Янги Тошкент учун айниқса муҳим эканлиги ҳам таъкидланган.












