Ўзбекистон: Боғча болаларида оммавий заҳарланиш. Муаммо илдизлари янада чуқурми? - Видео

Нурафшон шаҳридаги Болалар тиббиёт маркази

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Нурафшон шаҳридаги Болалар тиббиёт маркази
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Бир неча кун олдин бемор болалар билан тўлган касалхона даҳлизларини акс эттирувчи видео тасвирлар ижтимоий тармоқлар бўйлаб тарқалган эди. Кейинроқ Мактабгача Таълим вазирлиги Тошкент вилоятидаги боғча болаларининг аксариятида оммавий заҳарланиш кузатилганини тасдиқлади.

Заҳарланиш билан мурожаат қилган болаларнинг умумий сони бўйича ҳали расмий маълумот мавжуд эмас. Бироқ маҳаллий нашрлар уларнинг сони икки мингга яқинлашганини иддао қиладилар.

Би-би-си вазиятни тўлақонли ёритиш учун ҳодиса юзасидан берилган расмий ахборот ва муносабатларни ўрганди ҳамда бемор болаларнинг ҳозирги ҳолатини билиш учун улар ётқизилган касалхоналардан бирида бўлди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мактабгача таълим вазирлиги нима деди?

25 сентябрь куни тонгда Мактабгача Таълим вазирлиги Пискент ва Бўка туманларида болалар боғчалари тарбияланувчилари заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани маълум қилди.

Сурат манбаси, Мактабгача Таълим вазирлиги

Сурат тагсўзи, 25 сентябр куни тонгда Мактабгача Таълим вазирлиги Пискент ва Бўка туманларида болалар боғчалари тарбияланувчилари заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани маълум қилди.

Тарқалган видеоларда Тошкент вилоятидаги болалар шифохонасини кўриш мумкин.

Унда касалхона даҳлизлари бемор болалар ва уларнинг ота-оналари билан тўлганини, бино ташқарисида ҳам тизилган зич навбатлар аксланади.

25 сентябр куни тонгда Мактабгача Таълим вазирлиги Пискент ва Бўка туманларида болалар боғчалари тарбияланувчилари заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани маълум қилди.

"Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга "Ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфекцияси" ташхиси қўйилиб, зарурий муолажалар амалга оширилган ҳамда шу куннинг ўзида аксарият болаларнинг соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб бериб юборилган. Оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаган", - дейилади вазирликнинг илк муносабатида.

Ўша куннинг ўзи кечроқ МТВ касалхоналарда 109 нафар бола, жумладан, Қуйи Чирчиқ туманида 12 нафар ва Оққўрғон туманида 97 нафар бола борлигини маълум қилди. Вазирлик уларнинг аҳволини барқарор деб баҳолаган.

Бироқ, маҳаллий нашрлар шифохоналарга заҳарланиш аломати билан мурожаат қилган болаларнинг сони икки мингга яқин эканлигини иддао қилдилар.

26 сентябр куни Газета.уз'нинг ёзишича, улар 1922 нафар бўлган.

"Уларнинг 930 нафаридан ортиғида касаллик тасдиқланмай, уйига жавоб берилган. 26 сентябр куни эрталаб 961 нафар бемор рўйхатда турган бўлиб, улардан 941 нафарининг аҳволи енгил, 22 нафарининг аҳволи ўртача", - деб ёзади нашр ўз манбасига таяниб.

Нурафшонда нима гап?

Илтифот Хасанова, Нурафшон шаҳар ШТБ Болалар бўлими реаниматолог шифокори

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Илтифот Хасанова, Нурафшон шаҳар ШТБ Болалар бўлими реаниматолог шифокори

Би-би-си емор болаларнинг ҳозирги ҳолатини билиш учун улар ётқизилган Нурафшон шаҳридаги Болалар тиббиёт марказида бўлди. 25 сентябр куни эрталаб Пискент туманидаги шифохоналарга сиғмаган бемор болаларнинг баъзилари айни марказга олиб келинган.

Марказ шифокорларининг маълум қилишича, шифохонага 48-50 нафар атрофида бемор олиб келинган. Уларнинг ҳолати ўртача ва енгил бўлган. Фақатгина бир нафари оғир аҳволда бўлган.

"Асосан 4-5 ёш атрофидаги болалар [эди]. Боғчага боришган. Кўпининг [ота-оналарнинг] айтишича, кечқурун 01:30, 02:00 дан бошлаб, қорни оғриб, ичи кетиб, қусишни бошлашган. Иссиғи чиққан беморлар ҳам бор эди. Тезлик билан муолажа қилиб, биринчи ёрдам кўрсатишни бошладик. Муолажадан кейин 2-3 соат ичида яхши бўла бошлашди. Ота-оналар ўз хоҳиши билан енгил ҳолатда келганларни ўша куннинг ўзида олиб кетишди", - дейди Илтифот Хасанова, Нурафшон шаҳар ШТБ Болалар бўлими реаниматолог шифокори.

У заҳарланиш аломати билан марказга олиб келинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатган шифокорлардан бири бўлган.

Шифокорнинг айтишича, ўртача ҳолатда бўлган беморлар ҳамда бир нафар оғир аҳволда бўлган тарбияланувчи ҳам айни шифохонадада бир кун қолган ва эртаси куниёқ соғайиб, уйга қайтишган.

Тергов

Болалар омбудсмани идорасининг маълум қилишича, воқеа бўйича 25 сентябрь куни Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

"Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги вилоят бошқармаси ҳамда Пискент, Бўка ва Оққўрғон туман бўлимлари мутахассислари томонидан ДМТ муассасаларининг ошхоналари кўздан кечирилиб, болалар суткалик истеъмол қилган таомлардан олинган намуналар лабораторияларда тегишли тартибда текширилмоқда." – дейилади Обмудсман 25 сентябр куни ўз Telegram саҳифасида эълон қилган муносабатда.

Мактабгача Таълим вазирлигининг дастлабки тахминларига кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган.

Мактабагача таълим ташкилотларига шу куни олиб келинган 3,2% ли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган. Аммо бу якуний хулоса эмас.

26 сентябр куни Қонунчилик палатасидаги "Адолат" партияси фракцияси ҳам оммавий заҳарланиш ҳолати юзасидан Бош прокуратурага депутатлик сўрови юборган. Партия ҳодиса сабабларини ўрганиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш зарурлигини маълум қилди.

Кейинроқ, маҳаллий нашрлар, хусусан, Vaqtю.uz тергов доирасида 7 киши қўлга олингани ҳақида ёзди.

Тарқатилган ахборотга кўра, улардан 3 нафари озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхона мансабдорлари бўлиб, маҳсулот сифатидаги қонунбузарликларда айбланмоқда ва қолган 4 киши боғчаларга озиқ-овқат етказиб берувчи аутсорсер фирмалар масъуллари ҳисобланади.

"Жиноят иши дастлаб Тошкент вилояти ИИББ томонидан тергов қилинган бўлса, кейинчалик материаллар Ички ишлар вазирлигига ўтказилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар айбдорларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилиши кераклигини билдирмоқда", - дейилади Vaqt.uzнинг ўз манбасига таяниб ёзган хабарида.

Бироқ, айни ахборот расмий ташкилотлар томонидан на тасдиқланган, на инкор этилган.

BBC маълумот юзасидан Ички ишлар Бош бошқармаси Ахборот хизмати билан боғланди.

ИИББ Матбуот котиби Бобур Туляганов BBC'га тергов давомида унга алоқадор маълумотлар ошкор этилмаслигини билдирди.

Сўнгги тафсилот

Нурмат Отабеков, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

Сурат манбаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Сурат тагсўзи, Нурмат Отабеков, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

29 сентябр 12:00 ҳолатига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тошкент вилоятидаги шифохоналарда 38 нафар бола даволанаётганини маълум қилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков штаб фаолиятида иштирок этаётган махсус комиссия вакилларининг хулосасига таяниб айтишича, беморларнинг барчасига ўткир гастроэнтерит ташхиси қўйилган.

"Жорий йилнинг 29 сентябр 12:00 ҳолатига [кўра], Тошкент вилояти шифохоналарида даволанаётган болаларнинг сони 38 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг аҳволи барқарор. Касаллик енгил шаклда кечмоқда. Оғир ёки асоратли ҳолатлар қайд этилмаган", дейди Нурмат Отабеков вазирлик ўз Telegram саҳифасида эълон қилган видео-муносабатда.

Мутахассиснинг айтишича, бу касаллик аксарият ҳолларда икки-уч кун давом этадиган ва тўғри даволаш муолажалари амалга оширилса, тезда даволаниб кетадиган касалликлар тоифасига киради.

Ижтимоий тармоқларда болаларнинг оммавий заҳараланиши мавзуси кенг муҳокама этилаяпти, фаоллар ДОК-1 дорисидан ҳалокатли заҳарланиш ҳодисасини эслаяптилар. Муаммо фақат носоғлом егуликда эмаслиги айтилаяпти.

"Бундай ҳолатлар юзага келишига сабабчи мактабгача таълим ташкилотларида болаларни овқатлантиришни давлат хусусий шериклик асосида тадбикорга топширилганлигидир. «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига жамоатчилик назоратининг объекти сифатида ишлаб чиқарувчи, сотувчи ва хизмат кўрсатувчиларнинг фаолиятини ҳам киритиш мақсадга мувофиқдир. «Док-1 Макс» ва МТТлардаги овқатдан заҳарланишлар кейси бизга дарс бўлиши керак", деб ёзди ҳуқуқшунос Анвар Бозоров ўзининг Телеграм каналида.