Ҳамас "геноцид стратегияси" сифатида жинсий зўравонликни қўллади, дейди Исроил гуруҳи

Сурат манбаси, EPA
Ҳамас Исроилга 2023 йил 7 октябрида қилган ҳужумида "геноцид стратегиясининг бир қисми" сифатида жинсий зўравонликни қўллади, дея иддао қилади исроиллик аёл ҳуқуқшунос ва гендер экспертларидан ташкил топган гуруҳ.
"Дина лойиҳаси" ўз ҳисоботи жинсий зўрлаш ҳаракати жабрдийдаси ва Ғазода гаровда ушланган 15 собиқ асирларнинг кўрсатмалари, ҳамда жинсий тажовузларнинг гувоҳлари кўрсатмаларига асосланганини айтади.
Гуруҳ ўз ҳисоботида "ҳатто жиноятчи шахсини аниқлаш имконсиз бўлган ҳолда ҳам, бу жиноятларни судга тортиш учун ҳуқуқий асос"ни тақдим қилади.
Ҳамас аёлларга қарши жинсий зўравонликни қўллагани ёки аёл асирларни таҳқирлаганини рад қилади.
Аммо, 2024 йил мартида ўз ишини якунлаган БМТ миссияси 7 октябрь ҳужумида қатор жойларда "можарога-боғлиқ жинсий зўравонлик" юз берганига "ишончли асослар" борлигини хулоса қилган.
Унга кўра, бу зўравонликларга жинсий зўрлаш ва гуруҳ бўлиб жинсий зўрлаш киради. БМТ миссияси, шунингдек, асирлар жинсий зўравонлик, жумладан зўрлаш ва жинсийлашган қийноқларга тортилганига "ишонтирувчи маълумотлар" мавжуд.
Исроил томонидан ўлдирилишларидан аввал Ҳамаснинг уч лидери Халқаро жиноят судининг прокурори томонидан инсониятга қарши жиноятлар, зўрлаш ва бошқа жинсий зўравонликларда айблангандилар.
7 октябрда Ҳамас ва унга иттифоқчи Фаластин қуролли гуруҳларининг юзлаб аъзолари Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1 200 одамни ўлдиришган ва 251 одамни гаровга олганлар.
Исроил бунга жавобан Ғазога қарши бошлаган ҳарбий операциясида 57 500 дан ортиқ одам ўлдирилди, дейди Ҳамас юритувчи Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Огоҳлантириш: жинсий зўрлаш ва жинсий зўравонлик тафсилотлари бор
Дина лойиҳаси 7 октябрдан кейин жинсий зўравонлик қурбонлари учун адолатга эришиш мақсади билан очилган. Унга ҳуқуқшунос олим Рут Ҳалперин-Каддар, ҳуқуқшунос ва собиқ бош ҳарбий прокурор Шарон Загаги-Пиняс, собиқ судя ва бош прокурор муовини Нава Бен-ор асос солганлар.
Сешанба куни чоп қилинган ҳисоботга кўра, у "Ҳамас геноцид схемасининг бир қисми, ҳамда Исроил жамиятини қўрқитиш ва инсоний қадр-қимматини топташ мақсадида, жинсий зўравонликдан тактик қурол сифатида фойдаланганини аниқлади".
Муаллифлар кенг кўламли манбалар, жумладан ижтимоий тармоқлардаги постлардан тортиб, ёзиб олинган кўрсатмалар, суд-тиббий далиллар, визуал ва аудио кўрсатмаларни ўрганганларини айтишади.
Hamas genotsid sxemasining bir qismi, hamda Isroil jamiyatini qo‘rqitish va insoniy qadrini toptash maqsadida, jinsiy zo‘ravonlikdan taktik qurol sifatida foydalangani aniqlandi.
Ҳисобот жабрдийдалар шахсини очиқламаган, лекин уларнинг исми-шарифи келтирилган хабарларни илова қилган. Улардан бирига кўра, 7 октябрда Нова мусиқий фестивалига бўлган ҳужумдан омон қолган аёл Дина лойиҳасига ўзига қарши жинсий зўрлаш ҳаракати бўлгани ва жинсий ҳужум бўлганини айтган.
Ҳисоботда айтилишича, 15 собиқ асирлардан бири жинсий амални қилишга мажбурлангани, ундан олдин жинсий таҳқирлангани, ҳамда оғзаки ва жисмоний жинсий тегажоқликка учраганини айтган. У, шунингдек, мажбуран яланғоч ечинтирилганини айтган. Ечинтирилиш яна олти асир томонидан ҳам хабар қилинган.
15 асирлардан деярли барчаси оғзаки ва баъзи жисмоний таҳқирлашлар, жумладан "жинсий органларга уларнинг розилигисиз тегиш"ни хабар қилганлар. Олти нафари мажбурий никоҳ таҳдидларини олганларини ҳам айтганлар.
Асирлар орасидаги икки эркак мажбуран ечиртирилганлари ва яланғоч ҳолда жисмоний таҳқирланганлари, бири эса танасидаги барча сочни қирганини сўзлаган, дейилади ҳисоботда.
Дина лойиҳасига кўра, жинсий зўравонликни кўрган ва эшитган одамларнинг кўрсатмалари 7 октябрда бундай жиноятлар "кенг ва мунтазам" бўлганини намойиш қилади.
Ҳисоботга кўра, беш гувоҳ камида тўртта алоҳида ҳолатда гуруҳ бўлиб жинсий зўрлаш ҳолати бўлгани; етти нафари камида саккизта зўрлаш ва қатор жинсий ҳужум ҳолатлари бўлгани; беш нафари камида учта алоҳида жинсий ҳужум ҳолатлари бўлгани; уч нафари учта ҳолатда кесиш юз берганини хабар қилганлар.
Бу ҳолатларнинг тўққизтаси Нова мусиқий фестивалида, иккитаси Наҳал Оз ҳарбий базасида, биттаси 232-магистрал йўлида, ва тўрттаси Ғазодаги тутқунлик вақтида юз бергани айтилган.
Илк тез тиббий ёрдам кўрсатувчи 27 ходим "олтита ҳудудда жинсий зўравонлик аломатларини яққол кўрсатувчи" ўнлаб ҳолатларни хабар қилганлар, дейди ҳисобот – Нова фестивали, 232-йўл, ҳамда Беери, Алумим, Наҳал Оз ва Реим киббутцларида.
Ҳисобот, шунингдек, "аксар қурбонлар абадий тинчлантирилгани"ни, яъни улар ё 7 октябрда ўлдирилгани ёки гапиришга руҳий мадори қолмаганини айтади.
Ҳисоботнинг хулосасига кўра, адолат "нафақат индивидуал жабрдийдалар учун, балки кенгроқ тамойилларни мустаҳкамлаш учун муҳим: яъни можаро давридаги жинсий зўравонлик – халқаро қонунларнинг жиддий тарзда бузилиши, жиноятчилар жавобгарликка тортилади, ва халқаро ҳамжамият бу каби жиноятларнинг жазосизлик билан амалга оширилишига йўл қўймайди".












