Америка: Трамп долларга қарши - Дунёдаги асосий валюта ҳукмронлигига нуқта қўйиладими?

Трамп ва доллар

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Алексей Калмиков
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 8 дақ

Доллар деярли бир асрдан бери — дунёдаги асосий валюта бўлиб келмоқда. Америка валютасининг қулаши ҳақидаги барча башоратлар ҳозиргача амалга ошмади. Бироқ Доналд Трамп саҳнага чиқиб, 100 кун ичида долларнинг қарийб 100 йиллик ҳукмронлигини шубҳа остига қўйди.

У буни қандай уддалади ва Трамп ҳақиқатан ҳам долларни беқиёс мақомидан маҳрум қила оладими?

Дунёда долларнинг алоҳида ўрни АҚШнинг истиснолик ғоясини акс эттиради — яъни Америкага умумий қоидалар амал қилмайди, чунки у дунёда энг йирик иқтисодиёт, демократияни ҳимоя қилувчи ҳарбий қувват ва эркин савдо ҳамда капитал ҳаракатни кафолатчиси сифатида етакчи ўрин тутади.

Трамп айнан шу истисноликни шубҳа остига қўйди. Ва доллар ҳам ўз навбатида Трампни ўз жойига қайтарди. Бу қандай рўй берди?

Доллар қандай қилиб Трампдан кучли чиқди?

Чет элликлар омонатларини Америкада сақлашни яхши кўради ва ҳатто доллар қадрсизланганда ҳам АҚШга сармоялар ётқизиш йилдан йилга ортади. Капитал оқими Америкага ўз маблағларини бемалол сарфлаш, бюджет тақчиллиги ва давлат қарзини ошириш имкониятини беради. Бошқа ҳар қандай давлат бу каби иқтисодий кўрсаткичлар билан таназзулга учрар эди. Лекин АҚШ эмас.

Алоқадор мавзулар:

Шунинг учун ҳам иқтисодий инқироз пайтида сармоялар анъанавий равишда АҚШга оқаверади — ҳатто инқироз Америкадан чиққан бўлса ҳам. Инвесторлар бўрон вақти ишончли жой излайди.

Улар даромади, аммо рискли молиявий инструментлар – акция, корпоратив облигацияларни ривожланаётган бозорларга сотишади.

Қутқарилган маблағлар эса одатда АҚШ давлат облигацияларига сармоя қилинарди. Шунинг учун инқироз пайтида ушбу облигациялар қиймати ўсарди ва доллар курси ҳам ошарди, чунки облигациялар долларда сотилади.

Трамп бутун дунёга савдо уруши эълон қилганига қадар ҳаммаси шу тарзда давом этаётганди...

Бозорларда саросима бошланди — компанияларнинг акциялари кескин арзонлашди, чунки Трампнинг тарифлари улар учун катта зарар ваъда қилаётганди. Аммо анъанага зид равишда бу сафар давлат облигациялари нархи ҳам, доллар курси ҳам ошмади — балки пасая бошлади.

Хорижда ёқилган хар бир доллар америкаликлар учун совға

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Хорижда ёқилган хар бир доллар америкаликлар учун совға

Доллар 5% қадрсизланди ва Трамп сайланганидан кейин ўсишни йўқотди. АҚШнинг истиснолик афсуни йўқолди, капитал оқими кириши ўрнига чиқа бошлади.

"Бу АҚШ учун янги манзара, аммо ривожланаётган бозорлар учун таниш ҳолат", — деб ёзди АҚШнинг собиқ молия вазири Ларри Саммерс.

Вазият шунчалик фавқулодда ва жиддий кўриндики, Трамп шошилиб тормозни босди ва киритилган тарифларни ҳам бор-йўғи 13 соатдан кейин музлатди.

Шу тариқа "Трамп долларга қарши" жангининг биринчи раунди долларнинг ғалабаси билан якунланди. Лекин бу охиргиси эмас эди.

Нима учун доллар тахти ларзага келди?

Агар аввал долларнинг ҳукмронлиги асосан Россия ёки Бразилия каби ривожланаётган мамлакатларнинг норозилигига сабаб бўлган бўлса, бу сафар ҳатто АҚШнинг бой иттифоқчилари — долларга илгари ҳеч қандай аллергияси бўлмаган давлатларда — ҳам саволлар пайдо бўла бошлашди.

Бундай бўлишига сабаб, Трамп барчага ва ҳар йўналишда бир вақтда ҳужум қилди. У эркин савдо тамойилларини бузди ва Канада, Европа Иттифоқи, Япония ва ҳатто узоқдаги Австралиядан импорт қилинган товарларга 10% дан 25% гача бож тўловлари жорий қилди.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

У урушдан кейинги даврда шаклланган тартибни вайрон қилди — у ерда АҚШ иттифоқчилар хавфсизлигининг кафолатчиси ва НАТОнинг етакчиси ҳисобланган эди. Трамп Даниядан Гренландияни тортиб олишни ваъда қилди ва Украина ҳудудининг бир қисмини Владимир Путинга беришни таклиф қилди.

Трамп иккинчи президентлик муддатининг илк 100 кунида АҚШнинг халқаро мажбуриятларини шунча кўп бузди ёки уларни ерга урдики, натижада Американинг ишончли шерик сифатидаги обрўси жиддий шубҳа остида қолди.

Бу эса табиий равишда АҚШнинг дунё савдоси, иқтисодиёти ва сиёсий таъсиридаги ўрнининг пасайишига олиб келади. Шундан сўнг долларнинг роли ҳам пасайиши муқаррар, деб огоҳлантирди АҚШнинг Молия вазирлиги ва Марказий банкида бу масалалар билан бевосита шуғулланган икки собиқ юқори лавозимли амалдор.

Америка ортиқ Европада хавфсизлик кафолатчиси бўлишни истамаяпти

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Америка ортиқ Европада хавфсизлик кафолатчиси бўлишни истамаяпти

"Иккинчи жаҳон урушидан кейинги АҚШнинг ҳукмронлиги хавфсизликка кафолат берди ва Европа ва бутун дунёда фаровонлигига ёрдам қилди, бу эса долларнинг кучайишига олиб келди", — деб ёзишади АҚШ молия вазирлиги фахрийси Марк Собел ва Американинг Марказий банки халқаро молия бўлими собиқ директори Стивен Камин.

АҚШ НАТО ва Халқаро валюта жамғармаси каби халқаро институтларга таянгани, Европа бирлигини қўллаб-қувватлагани, эркин савдо ва демократияни ҳимоя қилгани учун дунёда етакчи бўлган, дейди улар.

Аммо Трамп бунинг ҳаммасига қарши чиқмоқда. Бу эса Американинг иттифоқчилари сони камайишини англатади. Яъни иқтисодий ва молиявий жиҳатдан "ўзи истаганча яшаш" моделини ҳам сўроқ остига қўядиган давр бошланишига ишора қилади. Ва бу АҚШдан маблағ чиқиши билан изоҳланади.

Плакат Вашингтон

Сурат манбаси, AFP

Нега доллар дунёнинг асосий валютаси?

Бунинг 10 сабаби:

  • АҚШнинг — йирик иқтисодиёти бор (жаҳон иқтисодиётининг 25%), ва у бошқа ривожланган давлатларга қараганда тезроқ ўсмоқда. Америкаликлар пул топиш, ихтиро қилиш ва бутун дунёдан истеъдодларни жалб қилиш қобилиятини исботлашган. Шунинг учун уларга мамнуният билан қарз беришади — хорижликлар ўз валюталарини, товар ва хизматларини долларга алмаштириб, уларни яна Америка активларига сармоя қилишади.
  • АҚШда қонун устуворлиги мавжуд, бу хусусий мулк дахлсизлигини ва бизнес учун барқарор ҳуқуқий муҳитни таъминлайди.
  • АҚШда ривожланган институтлар бор — молиявий назорат ва тартибга солишдан тортиб, Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ) каби халқаро ташкилотларда етакчи рол ўйнашгача.
  • АҚШда капитал ҳаракатлари эркинлиги мавжуд — хорижликлар учун доллар айирбошлаш ёки молиявий активларни сотиб олишда чекловлар йўқ.
  • АҚШда дунёдаги энг катта молиявий бозор бор — долларда қарз олиш осон ва арзон. Шунинг учун кўпчилик бундан фойдаланади.
  • АҚШнинг мустақил марказий банки барқарор. Сиёсатчиларни аралаштирмасдан кутилган ва оқилона пул-кредит сиёсати олиб боради,
  • Доллардаги облигациялар — дунёдаги энг ликвид активлар. Улар билан ҳар куни тахминан 1 триллион долларлик савдо амалга оширилади. Бу уларни бозордаги ҳар қандай таҳликали пайтда ҳам мустаҳкам сақлаб турадиган идеал воситага айлантиради.
  • Доллар — дунёдаги асосий ҳисоб-китоб валютаси. Ишлаб чиқариш ва савдо бозорларида нархлар долларда белгиланади. Ҳатто долларнинг нақд шакли ҳам бутун дунёда талабга эга: доллар айрим мамлакатларда миллий валюта ўрнини эгаллаган.
доллар

Сурат манбаси, Bloomberg

  • Савдо. Америка барча билан фаол савдо қилади. У катта ва жозибали бозорга эга, дунёдаги энг йирик нефть ва газ ишлаб чиқарувчи, технологиялар ва озиқ-овқат экспортчиси.
  • АҚШ — Ғарб етакчиси. Ривожланаётган мамлакатлар (Россия, Хитой) доллардан воз кечишга ҳаракат қилаётган бўлса ҳам, Германия ёки Япония каби ривожланган давлатларга бу нарса керак эмасди. Уларда эркин пуллар кўп ва улар юқоридаги сабаблар туфайли долларга сармоя қилишни афзал кўришади.

Трамп долларга қандай таҳдид қилмоқда?

Bloomberg
Dollar inqirozi uchun odamlar dollardan qochib, xorijiy aktivlarga o‘tishlari kerak bo‘ladi. Biroq bu yerda bir muammo bor...
Bred Setser
AQSHning Xalqaro munosabatlar kengashi mutaxassisi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Трамп долларнинг "тахти"ни ушлаб турган бу 10 устуннинг деярли ҳаммасини йўқ қилишга киришди. Қандай қилиб?

  • Трамп АҚШ иқтисодий ўсишига таҳдид қилмоқда, чунки унинг тарифлари импорт нархларини оширмоқда. Компанияларда инновация учун камроқ маблағ қолмоқда, аҳолида эса истеъмол учун.
  • Трамп қонун устуворлигига таҳдид қилмоқда — унинг ёввойи ҳаракатлари Америкада конституциявий инқироз хавфини кучайтирди.
  • Трамп америкалик давлат институтларини заифлаштирмоқда — бюрократияни қисқартириш учун Илoн Маскни жалб қилди, давлат ишларини яқин доирадаги миллиардерлар, қариндошлар ва телевидение юлдузларига топширмоқда.
  • Трамп жамоаси капитал ҳаракати эркинлигини чеклаш ғоялари билан тўлиб-тошмоқда. Ҳозирча бу фақат назарий мулоҳазалар даражасида, аммо ҳатто ташқи қарзлар бўйича қисман дефолт ёки хорижликлар учун қимматли қоғозлар харид қилишга солиқ жорий қилиш ҳақидаги енгил ишора ҳам инвесторларга бир неча кунлик руҳий азоб ва хавотир келтириш учун етарли бўлади.
  • Трамп Американинг йирик молия бозорига ҳужум қилишга қодир эмас. Бу бозор етакчилик мавқеини ва теранлиги ҳамда ликвидликни йўқотиши учун йиллар давомида вайронагарчилик ва янги ислоҳотлар керак бўлади.
  • Трамп Марказий банк мустақиллигига ҳам таҳдид қилмоқда — Маркаўий банк раиси Жером Пауэллни танқид қилди ва уни алмаштириш ҳақида гапирди.
  • Трамп хорижликлар учун АҚШ облигацияларининг жозибадорлигини камайтирмоқда.
  • АҚШнинг молиявий санкциялар билан овора бўлиши долларнинг асосий ҳисоб-китоб валютаси ролини хавф остига қўяди. Санкциялар ҳали бекор қилинмаган, балки Трамп янгиларини жорий қилган.
  • АҚШнинг жаҳон савдосидаги улуши аста-секин камаймоқда, бу долларга талабнинг камайишига олиб келади. Трампнинг "бизга ҳеч ким керак эмас" сиёсати бу жараённи тезлаштирмоқда.

Трамп иттифоқчиларнинг долларга бўлган ишончини йўқотмоқда — Канада фаол ҳимояга ўтди, Европа эса мустақил ҳаракат қилишни ўрганяпти.

"АҚШ ўз қўли билан доллар ҳукмронлигига болта урмоқда", — деб ҳисоблайди Европанинг CER тадқиқот марказининг катта иқтисодчиси Сандер Тордуар.

Трамп

Сурат манбаси, Reuters

Доллар курсига нима бўлади?

Доллар курси ва унинг жаҳон молия тизимидаги ўрни — бу иккита турли масала.

Ҳатто агар долларнинг курси пасайишда давом этса ҳам, бу унинг ролини хавф остига қўймайди. Бу 2008–2009 йиллар молиявий инқирозидан кейин ҳам содир бўлган — доллар арзонлашган, аммо хорижий инвестициялар Америка активларига рекорд даражада ошган эди.

"Доллар курси пасайиши учун у жаҳон молия тизимининг марказий ўрнидан воз кечиши шарт эмас. Бунга камроқ истисно ҳолати томон ҳаракат бошлашнинг ўзи етарли. Буни сунъий иқтисодий пасайиш орқали амалга ошириш мумкин", — деб огоҳлантиради АҚШнинг Халқаро муносабатлар кенгаши мутахассиси Брэд Сетсер.

Трампнинг сиёсати мамлакатни айнан шу йўналишда олиб бормоқда — иқтисодиёт ўсиш суръати секинлашмоқда, иқтисодчилар ҳатто қисқа муддатли рецессияни башорат қилишмоқда. Ундан кейин компаниялар фойдаси ўсишининг ҳам секинлашиши кутилмоқда. Агар бунга Трампнинг кейинги қадамлари борасидаги ноаниқлик ва АҚШ марказий банки (ФРС) мустақиллигига бўлган ҳужумларини қўшсак, хорижий инвесторларнинг Америка активларига қизиқиши пасайиши учун барча шароитлар мавжуд, деб ёзади Goldman Sachs инвестиция банкининг бош иқтисодчиси Ян Хатциус Financial Times учун мақоласида.

"Бу деярли аниқ долларнинг сезиларли қадрсизланишига олиб келади, — деб ёзади у. — Бироқ курснинг тушиши билан долларнинг доминант валюта мақомини йўқотишни адаштирмаслик керак. Илгари ҳам катта алмашинув курсларидаги ўзгаришлар бўлган, аммо доллар ўз доминант ролини сақлаб қолган".

Трампнинг ўзи ҳам доллар курсининг тушишига қарши эмас — у савдо дефицитини камайтиришнинг бир усули сифатида қарайди, чунки арзон доллар шароитида импорт қимматлашади ва камаяди, экспорт эса арзонлашади ва кўпаяди.

Курснинг тушиши бунинг ўзи билан инқироз эмас, дея қўшилади Сетсер: "Доллар инқирози учун одамлар доллардан қочиб, хорижий активларга ўтишлари керак бўлади".

Бироқ бу ерда муаммо бор — доллар активларига муносиб муқобил ҳозирги кунда дунёда мавжуд эмас.

Долларнинг ўрни нима эгаллайди?

алмаштириш

Сурат манбаси, EPA

"Яқин келажакда долларнинг жаҳон молиясидаги ҳукмронлига муносиб муқобил йўқ», — деб ёзади Марк Собел ва Стивен Камин. "Бироқ, Трампнинг ҳаракатлари унинг ролини секин-асталик билан камайишини тезлаштириши мумкин".

Ўтган йил охирига келиб, дунёда тахминан 12 триллион долларга тенг захиралар тўпланган эди. Улардан қарийб 60% долларда сақланади, 20% евро ҳисобида. Йен улуши — 6%, британ фунтиники — 5%. Юаннинг ҳиссаси эса — бор-йўғи 2% атрофида, яъни Канада ёки Австралия долларидан ҳам кам.

Бу манзара йиллар давомида деярли ўзгармаган.

Бу расмий захиралар ҳақида. Валюта функцияларининг бошқа соҳаларида эса доллар янада катта даражада монополия ўрнатган. Дунё бўйича валюта алмашинувининг тахминан 90% доллар иштирокида амалга оширилади, савдо ҳисоб-китобларида унинг улуши 50%дан ортиқ, ва хорижий валютадаги қарзларнинг 70% долларда номланади.

Юан тахминан унга даъвогар сифатида кўрилади, чунки Хитой дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт. Бироқ Хитой ва юан курси Хитой Коммунистик партияси томонидан назорат қилинади. Ҳуқуқ устуворлиги, капитал ҳаракати эркинлиги ва ривожланган молия бозорлари — булар Хитой учун ҳали узоқ келажак. Ҳатто компартия ҳам ҳозирча мамлакатни экспортёрдан импортерга айлантириш ниятини билдирмаган.

Энг реал даъвогар — евро. Лекин ўтган 25 йил мобайнида евро долларга жиддий рақобат қила олмади. Унинг улуши ҳам захираларда, ҳам ҳисоб-китобларда деярли ўзгармаган. Евро ҳозирги шаклида доллар учун ҳақиқий альтернатива эмас, чунки еврозонада молия бозорлари пароканда ва кичик, бюджет сиёсатлари марказлашмаган, ва унинг иқтисодиёти узоқ йиллардан бери деярли ўсмаган.

Бошқа машҳур валюталар — йен, фунт, франк — умуман бошқа вазн тоифасида ва дунё иқтисодиётининг улкан ўлчамлари билан солиштирганда улар долларни алмаштира олмайди.

Ларри Саммерснинг 2019 йилда "Ҳеч нарсани ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди. Европа — музей, Япония — қариялар уйи, Хитой — қамоқхона, биткойн — тажриба", - деб айтган гапи ҳануз долзарб.

Трамп

Сурат манбаси, Reuters