Долларнинг сўниши. Доллар ҳукмронлигига ким ва қачон нуқта қўяди? Yangiliklar Dunyo

Сурат манбаси, AFP
- Author, Алексей Калмиков
- Role, Би-би-си
Доллар ўтган асрнинг ўрталаридан бери дунёда ҳукмронлик қилмоқда ва бу вақт давомида унинг муқаррар чўкиши ҳақида башоратлар қилинган. Америка валютасининг жанозасини Европа валютаси - евро муомалага киритилгандан кейин ҳам, 2008 йилда АҚШда бошланган глобал молиявий инқироздан кейин ўқишган эди. Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг, дунёнинг захира ва ҳисоб-китоб валютаси сифатида долларнинг умри тугагани ҳақидаги гап-сўзлар яна авж олди.
Ўтган ўн йил ичида нима ўзгарди ва бу сафарги башоратлар эътиборга арзийдими?
Долларга қарши учта факт келтирилади. Биринчидан, АҚШнинг асосий рақиби Хитой иқтисодий ҳажми бўйича Европа Иттифоқини ортда қолдирди ва АҚШга етиб олди.
Иккинчидан, ички низолар ва протекционизм АҚШнинг ўта ишончли қарз олувчи ва қарз берувчи сифатидаги обрўсига путур етказади. Яқинда АҚШ тарихидаги биринчи дефолт ҳолати хавфи ҳақида гапирила бошлади.
Алоқадор мавзулар
Учинчидан, америкаликлар АҚШ ёки унинг иттифоқчиларига таҳдид солувчи давлатларни жазолаш учун авиаташувчилар ва дронлар ўрнига доллардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда.
Ҳозирча доллар курсининг тез тушиши ҳақидаги ушбу учта далилнинг ҳеч бири ишонарли эмас.

Америка охир-оқибат дунёдаги асосий ва ишончли қарздор сифатида ўз обрўси ҳатто фуқароларидан ҳам муҳимроқ эканини яна бир бор кўрсатиб, дефолтдан омон қолди. Оқ уй мухолифат билан муроса қилиш учун бюджет харажатларини қисқартиришга рози бўлди.
Украинадаги уруш учун Россияга қарши мисли кўрилмаган молиявий санкцияларга келсак, улар нафақат АҚШ, балки Европа, Буюк Британия ва Япония томонидан ҳам киритилган. Ҳозиргача заҳира валютаси сифатида доллардан тийилиш евро ва иена улушини ўтган йили 5 фоизга оширди.

Сурат манбаси, AFP
Маълум бўлишича, Ғарб санкцияларидан ҳимояланиш учун доллардан воз кечишнинг ўзи етарли эмас. Бизга янги захира валюта керак.
Ғарбдан ташқарида ягона ҳақиқий даъвогар - Хитой. Аммо юань глобал захираларнинг атиги 3 фоизини ташкил қилади ва долларга муносиб муқобил бўлиш учун ўнлаб йиллар курашиши керак.
Доллар оммавийлигини йўқотяптими?
Долларда уни дунёдаги асосий валютага айлантирадиган иккита муҳим функция бор.
Биринчидан, доллар захира валюта ҳисобланади. Кимда ортиқча пул бўлса, уни долларда сақлайди.
Иккинчидан, доллар ҳисоб валютасидир. Нафақат америкаликлар, балки бутун дунё товарлар ва хизматлар учун у орқали тўлайди.
Хитой, Россия, Бразилия, Ҳиндистон ва бошқа ривожланаётган иқтисодиётларнинг рупий ва юань билан савдо қилишга фаол уринишларига қарамай, ҳисоб-китоб валютаси сифатида долларнинг позицияси барибир мустаҳкамланмоқда. Қуйида бу ҳақда кўпроқ гапирамиз, лекин биринчи навбатда долларнинг асосий вазифаси - захира ҳақида.
Ўтган йил охирига келиб, дунёда тахминан 12 триллион доллар эквивалентида захиралар тўпланган эди. Бу захиранинг деярли 60% долларда, тахминан 20% еврода сақланади. Юаннинг улуши 3% ни ташкил этади, бу япон иенаси ва инглиз фунт стерлингидан (ҳар бири 5%) камроқ.
Бироқ, долларнинг улуши пасайиб бормоқда ва ХВЖнинг сўнгги маълумотларига кўра, 1995 йилдан бери энг паст даражага тушган.

Сурат манбаси, Getty Images
Доллар захираларининг қисқариш даражаси ва суръати ҳақида қизғин баҳс-мунозаралар давом этмоқда.
Баъзиларнинг айтишича, Россияга қарши мисли кўрилмаган молиявий санкциялар туфайли 2022 йилда вазият анча кескинлашган.
Morgan Stanley ва ХВФда ишлаган валюта гуруси Стивен Ли Жен: "Доллар ўйланганидан анча тез суръатда заҳиравий валюта сифатида ўрнини йўқотмоқда. 2022 йилга келиб бу пасайиш суръати 10 бараварга ошган".
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, 2016 йилдан бери доллар ўз улушининг 11 фоизини йўқотган, 2008 йилдан эса бу кўрсаткич икки баробарга ошган.
Бошқалар эса, Жен бўрттириб кўрсатмоқда ва умуман олганда, Россия Украинага бостириб кирган йилда захира валюталар дунёсида ҳеч нарса ўзгармади, деб таъкидлайди.
"Шунчаки, мен бу фикрга қўшилмаслигимни айтаман. Аслида, 2022 йилда долларнинг захирадаги улуши умуман ўзгармади", дейди Бред Сетсер, Council on Foreign Relations (CFR) тадқиқот маркази валюта мутахассиси.
Унинг ҳисоб-китобига кўра, ХВЖ маълумотларидаги доллар улушининг пасайиши Россияга қарши санкцияларга жавобан АҚШ валютасидан воз кечиш билан эмас, балки тўпланган доллар захиралари сақланадиган асосий активнинг - АҚШ давлат облигацияларининг қайта баҳоланиши билан изоҳланади.
Бу облигацияларнинг нархи Америкада кредит ставкалари ошгани сайин пасаймоқда. 2022 йилда бу бошқа заҳира валюталарини чиқарувчи мамлакатларга қараганда тезроқ юз берди, шунинг учун ҳам долларнинг захирадаги улуши камайди, деб ҳисоблайди Сетсер.
"Агар сиз ХВФ маълумотларини АҚШ давлат облигацияларини қайта баҳолашни ҳисобга олган ҳолда тузатсангиз, доллардан қочишаётганини кўрмайсиз. Бундан ташқари, 2022 йилда бошқа ҳеч бир рақиб валютага долларга бўлганчалик талаб бўлмаган», - дейди Сетсер.
Долларга ўқилган жанозалар
Доллар ҳукмронлигининг тугаши ҳақида ярим аср, ҳатто ундан ҳам кўпроқ вақт давомида гапириб келинади, деб таъкидлайди пул ва молия тизими тарихчиси Нил Фергюсон.
Бразилия президенти Лула да Силва яқинда Хитойга қилган ташрифи чоғида ҳар кеча уни "нега ҳамма доллар билан савдо қилади, бунга ким қарор қилган?" деган савол тинчлик бермаслигини айтди.
1965 йилда Франция президенти Шарл де Голл ҳам худди шундай гапирган эди ва унинг молия вазири ва бўлажак президенти Валери Жискар д'Эстен "тийиқсиз имтиёз" иборасини муомалага киритган эди, долларнинг чўкиши ҳақида гап кетганда бу ибора ишлатилмай қолмайди.

Сурат манбаси, AFP
Долларни, айниқса, аср бошларида Европада ягона валюта бўлган евро пайдо бўлиши билан дафн қилиб қўйишган эди, Чунки Европанинг умумий иқтисоди Американикидан кам эмас ва қиёсласа бўлар эди.
Ваҳоланки, евронинг 20 йиллик муомаласи давомида доллар жаҳон захираларидаги улушининг атиги 10 фоизини йўқотди - аср бошида у 70 фоизга яқин бўлса, ҳозир 60 фоизга яқин.
Бу захиралар билан боғлиқ. Ҳисоб-китобларда эса ҳеч нарса ўзгармади. Доллар ҳукмрон валюта бўлиб қолмоқда.
Халқаро ҳисоб-китоблар банки (BIS) маълумотларига кўра, сўнгги ўттиз йил ичида долларнинг улуши 80% дан 90% гача ўзгарган. Охирги вақтларда у янада оммалашяпти: 2010 йилда доллар барча халқаро ҳисоб-китобларнинг 85 фоизини, 2022 йилда эса 88 фоизни ташкил этди.
Доллар ҳисобнинг асосий валютаси бўлиб қолиши ҳам унинг асосий захира валютаси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди, чунки қора кун учун шу валютада пул жамғариш яхши, ўша кун келганда бу валютада муҳим импорт маҳсулотлар арзон бўлади.
Бундан ташқари, доллардаги барча тўловлар дунёдаги энг йирик АҚШ банклари орқали амалга оширилади ва АҚШ расмийлари назарий жиҳатдан пул ҳаракатини кузатиш имкониятига эга.
Ғарб молия тизимидан ташқарида юань ва бошқа валюталардаги тўловлар, айниқса, банклар халқаро SWIFT тизимини четлаб ўтганда кўздан яширин кечади.
Нега ҳамма долларда савдо қилади?
Стивен Ли Женнинг таъкидлашича, ҳисоб-китоб валютаси сифатида доллар вақт ўтиши билан ўз ўрнини йўқотади. Бироқ, бу яқин келажак масаласи эмас, дея таъкидлайди у, чунки дунёда Америка молия бозорларига муқобил йўқ - ҳеч ким улар билан ҳажми, чуқурлиги, барқарорлиги ёки очиқлиги бўйича беллаша олмайди.
Бунинг ёрқин мисоли - дунёнинг асосий товари бўлмиш нефтдир.
Ҳиндистон Россия хомашёси учун рупийда, Хитой эса Саудияга юанда тўлаши мумкин. Аммо нефть бозорининг асосий валютаси ҳали ҳам доллар бўлиб қолмоқда, чунки Ғарб биржаларида нефт бўйича тузиладиган молиявий шартномалар бевосита томонларнинг ўзаро савдосидан ҳажман анча катта бўлади.

Сурат манбаси, AFP
Ривожланаётган мамлакатлар ичида фақат Хитой дунёнинг молиявий маркази сифатида Қўшма Штатларга қарши чиқишга қодир. Аммо бунинг учун у товарларни етказиб бериш бўйича молиявий шартномалар учун ўзининг очиқ ва ликвид бозорини яратиши керак.
Шанхайда нефтнинг жисмоний томонлари билан биржа савдосини бир марта ўтказишнинг ўзи етарли эмас - молиявий воситалар Нью-Йоркда ишлаётган экан, долларга ҳеч нарса таҳдид солмайди.
Дунёнинг етакчи нефть экспортчиси Саудия Арабистони бутун нефтни жаҳоннинг энг йирик нефть харидори бўлган Хитойга юанда сотишга рози бўлса ҳам, Шанхай энергетика биржасининг улуши ҳозирги 5% дан бор-йўғи 2 фоизга ошиб, жаҳон нефть бозорининг 7 фоизини ташкил этади, дейди FT газетаси иқтибос келтирган Норвегия банки DNB таҳлилчилари.
АҚШ долларнинг чўкишидан қўрқадими?
Нега доллар захира валюта сифатида фунт ўрнини эгаллаганини эслаш кифоя, дейди АҚШнинг собиқ молия вазири Ларри Саммерс.
"Тарих аниқ жавоб беради: доллар заҳира валютаси мақомини йўқотиши мумкин, аммо шундай бўлганда, бизда янада жиддий муаммолар пайдо бўлади. Чунки доллар ўз мақомини йўқотса, бу фақат Қўшма Штатларнинг дунёдаги нуфуз ва таъсири пасайиши натижасида бўлади. Ва биз нобарқарор қарзга ботганимиз учун", деди у яқинда, Американи дефолт ҳолатига солиши мумкин бўлган қарз инқирози кучайганда.

Сурат манбаси, AFP
Қўшма Штатларнинг долларнинг дунёдаги гегемонлигини қўллаб-қувватлашни исташи ёки истамаслиги етарли эмас - сизни яхши бўлишга ҳеч ким мажбур қилмайди, дейди у
"Доллар халқаро валюта сифатида улкан афзалликларга эга бўлишда давом этмоқда, бунинг асосий сабаби йирик, ликвидли ва яхши ишлайдиган молиявий бозорлардир. Бироқ, бу шартлар сақланиб туриши олдиндан белгиланмаган", дея огоҳлантиради у.
"Агар АҚШ янги хатолар қилишда давом этса ва ўтмишни таҳлил қилишни тўхтатса, дунё доллардан четлашадиган вақт келади. Кўпгина давлатлар аллақачон кучи етмаса ҳам, ундан воз кечишга ҳаракат қилмоқда".
Хитой ёки Саудия Арабистони каби йирик савдо профицити бўлган мамлакатларда ўз жамғармаларини қўйишга бошқа нарса йўқ. Дунёда триллионлаб сақлаш учун долларлик активлардек қулай ва ликвидли альтернатива йўқ.
Баъзи таниқли экспертлар ҳатто долларнинг гегемонлиги АҚШнинг ўзига зарар етказишини, дунёнинг асосий захира валютаси эмитенти бўлиш имтиёз эмас, балки юк эканлигини таъкидламоқда.
Доллар активларига талаб АҚШга йирик савдо ва бюджет тақчиллигини қоплаш имконини беради. Буни яхши деб бўлмайди, дейди Пекиндаги Карнеги марказидан америкалик иқтисодчи Майкл Петтис.
"Хорижий капиталнинг АҚШга кириб келиши сармояни оширмайди. Бу фақат жамғармаларни тўплайди ва қарзларни кўпайтиради, - дейди у. - Молия бозорлари эса фақат маълум бир чегарага қадар иқтисодга ёрдам беради, ундан нарига улар ишлаб чиқарувчилардан кўра банкларга кўпроқ фойда келтиради."

Сурат манбаси, AFP
"Доллар курсининг пасайиши жаҳон иқтисодиётига, айниқса, АҚШга фойда келтирар эди. Лекин савдо профицити бўлган мамлакатлар учун бу оғриқли бўлади", деб ёзади Петтис.
Бу мамлакатлар (Россия ёки Хитой каби) асосан хомашё ёки товар ишлаб чиқаради ва ортиқча жамғармаларини долларда сақлайди. Шундай қилиб, Американинг савдо дефицити уларга профицит ва заиф айирбошлаш курсини сунъий ушлаб туриш, ўз ишлаб чиқарувчиларининг рақобатбардошлигини ошириш ва ички талабни бостириш имконини беради.
Бу уларга хомашё ёки ишлаб чиқариш иқтисодиётини даромад ошиши билан харид кўтариладиган ва фуқароларнинг жамиятдаги роли баланд бўлган иқтисодиётга айлантиришни кечиктириб туришга ёрдам беради.
Долларга муқобил борми?
Тарихчи Фергюсоннинг бу борада ажойиб иқтибоси бор - худди ўша имзоси доллар банкнотларида турадиган собиқ АҚШ молия вазири Ларри Саммерсдан олинган иқтибос.
"Бор нарсани йўқ нарсага алмаштириб бўлмайди", деган эди Саммерс 2019 йилда.
Долларга муқобил йўқ, дейди у, чунки "Европа - музей, Япония - қариялар уйи, Хитой - қамоқхона, биткоин эса - тажриба".
Захираларни сақлаш учун Ғарб валюталарига ягона муқобил юань бўларди, аммо бунинг учун Хитой кўп нарсани ўзгартириши керак эди. Ислоҳот ва ошкоралик, жамғармаларни рағбатлантириш, капитал ҳаракати назоратини бекор қилиш талаб этилади.
Шу билан бирга, юандаги активлар захираларнинг учта асосий функцияси билан боғлиқ муаммоларга дуч келади: 1) капитални сақлаш, 2) уни кўпайтириш 3) ва ликвид бўлиш, яъни активни исталган вақтда жорий бозор нархида сотиш имконияти.
Ликвидлик катта муаммо, чунки Хитой ўз молиявий бозорларига хорижий сармояларни ҳам, капитал экспортини ҳам чеклайди.
Агар бу чекловлар бекор қилинса, хусусий капитал мулк ҳуқуқи яхшироқ ҳимояланган юрисдикцияларга оқиб чиқиб кетади, дейди экспертлар. Юань заифлашади ва шу билан алвидо, капитал ўсиши.
Коммунистик Хитой яқин ўн йилликларда инқилобий катта ўзгаришларсиз мулк эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Қўшма Штатлар билан рақобатлаша олмайди.

Сурат манбаси, AFP
Бироқ юань аста-секин капитал ҳаракати жиддий либераллаштирилмаганда ҳам заҳира валютасига айланиши мумкин, деб тан олади иқтисодчилар.
Хитой ўз валютасида савдо ҳисоб-китобларини фаол рағбатлантирмоқда ва шу йўл билан унинг савдо ҳамкорлари марказий банкларида юань тўпланиб бормоқда, дея таъкидлайди америкалик ва европалик иқтисодчилар яқинда ўтказилган тадқиқотда.
"Хитойнинг ўз валютасини халқаролаштиришга уриниши юаннинг ҳукмронлигини таъминламайди, аксинча, доллар, евро ва юань бирга яшайдиган кўп қутбли валюта дунёси вужудга келади", деб ёзади улар.
Тўғри, бунгача хали узоқ. Пулни юанда ушлаб туриш имконияти бошқа нарса, буни хоҳлаш бошқа нарса.
Дунё бўйлаб доллар сотиб олиш ва сотиш имконияти чексиз, юань эса Хитойдан ташқарида фақат Гонконгда ва ўнлаб кичик марказларда сотилади.
Оффшордаги юань депозитлари ўнлаб триллион оффшор долларларга нисбатан солиштирганда юзлаб миллионни ташкил этади. 40 га яқин давлатнинг марказий банклари билан Хитой валюта своплари ярим триллион доллар эквивалентидан зўрға ошади.
Тарихчи Фергюсон доллар, евро ва юань ўртасидаги ҳукмронлик пойгасини "тошбақа пойгаси" деб атайди.
Унинг эслашича, фунт стерлингдан долларга ўтиш жуда секин бўлган ва фунт япон иенасидан кейин тўртинчи ўринда бўлса ҳам, ҳозиргача заҳира валюта ҳисобланади.
Фергюсонга кўра, бу суръатда юань тахминан йигирма йил ичида, яъни 2043 йилга бориб доллар ва евродан кейин дунёдаги учинчи заҳира валютасига айланади.
Биринчи ўрин ҳақида ҳеч ким иккиланмайди.
Бундан ташқари, долларга муқобилни фақат АҚШнинг рақиблари изламоқда. Америкаликларнинг ривожланган демократик давлатлардаги иттифоқчиларида долларга нисбатан аллергия йўқ.
Ва улар жаҳон иқтисодиётининг деярли ярмини ва АҚШ яна 20 фоизини ташкил қилишини ҳисобга олсак, доллар яқин келажакда ҳукмрон жаҳон валютаси бўлиб қолади.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















