28 ёшда юзни торттириш? Кўп ёшлар пластик жарроҳликка юзланмоқда

Эмили жарроҳлик амалиётидан кейин.

Сурат манбаси, @hotgirlenhancements

Сурат тагсўзи, Эмили, жарроҳлик амалиётидан кейин.
    • Author, Ruth Clegg
    • Role, Health and wellbeing reporter
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Юз терисини кўтартириш – фейслифтинг оммалашиб бормоқда.

Ижтимоий тармоқларда қисқа қидирувим натижасида лентам 20 ёшлар охири ва 30 ёшлардаги одамларнинг турли хил юз кўтартириш усуллари – мини, понитейл, чуқур текислик ҳақидаги постлари билан тўлди.

Юз кўтартиришга фақат кексайган бойлар қизиққан даврлар ўтди – ҳозир тобора кўпроқ ёшлар тиғ остига боришга тайёр.

Баъзилари операциядан олдинги, кейинги ва орадаги жуда кўкарган даврдаги юз расмларини, кўпинча жуда оғриқли тикланиш жараёнини мамнуният билан намойиш қилмоқда.

Бу энди сир тутиладиган амалиёт эмас. Крис Женнер, Кетт Садлер ва Марк Жейкобс каби машҳурлар бу ҳақда очиқ гапирмоқда. Яна кўпчилик бундай амалиётдан ўтгани ҳақида миш-мишлар тарқалган.

Фейслифтингга кўпинча охирги чора, энг жиддий косметик жарроҳлик сифатида қаралади.

Одамлар кўпинча алдамчи бўлган онлайн дунё "латофат"и олдида ўзига шу қадар ишонмай қўйдики, операция учун минглаб доллар тўлашга тайёр бўлмоқдами?

Ёки биз ботокс ва филлерлар каби ножарроҳий муолажаларни шунчалик кўп олганмизки, ёноқ суякларимиздан теримизни ажратиб олиш, юз тўқималари ва ёғларини қайта жойлаштириш узоқроқ натижа берадиган кейинги қадам бўлиб туюлмоқдами?

Жарроҳлик даврида ва кейин суратга олинган Эмили. У бу қароридан пушаймон эмас.

Сурат манбаси, @hotgirlenhancements

Сурат тагсўзи, Жарроҳлик даврида ва кейин суратга олинган Эмили. У бу қароридан пушаймон эмас.

28 ёшида юз кўтариш амалиётидан ўтган Эмили учун бу натижага тез эришиш йўли эди – йўнилган ўткир жағ, баланд ёноқ суяклари ва оҳу кўзлар. У Туркияда ўтказилган жарроҳлик амалиёти "ҳаётини ўзгартирганини" ва бундан афсусланмаслигини айтади.

"Жами олти хил жарроҳлик амалиёти биттада бажарилди, – дея тушунтиради у. – Улар орасида юз ўртасини кўтариш, лаб кўтариш ва ринопластика [бурун пластикаси] бор эди."

Жараённи тасвирлаб, Канаданинг Торонто шаҳридан бўлган тадбиркор аёл шундай дейди: жарроҳ умумий наркоз қилиб, унинг севимли қўшиғини қўйган, кейин эса: "ухлаб қолдим ва уйғонганимда, қайд қилдим, янги юз ва янги бурунга эга бўлдим."

Тикланиш жараёни узоқ давом этди – оғриқ ва кўкаришлар дастлабки бир неча ҳафта ичида камая бошлади, аммо Эмилининг ёноқларининг баъзи қисмларида сезги қайта тикланиши учун олти ой керак бўлди.

Яна шундай қилиш керак бўлса, тағин такрорлармиди? У иккиланиб қолади.

"Операциядан кейин ҳаётимни ўзгартирдим. Соғломроқман, камроқ ичаман, теримга эътибор бераман, яхши ухлайман. Агар ҳозирги билганларимни олдиндан билганимда, эҳтимол бу ишга қўл урмасдим.

Операциядан бир-икки кун ўтгач айтмагунимча, ҳатто онам ҳам билмаган эди."

Аммо кейин тўхтаб, ўйланиб қолади.

"Лекин мен шунчаки ўзимнинг энг яхши версиям бўлишни хоҳлардим, – дейди Эмили, – ва энди шундай бўлдим деб ўйлайман."

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Британия Эстетик Пластик Жарроҳлар Ассоциацияси (БЭПЖА) маълумотларига кўра, Буюк Британияда сўнгги 12 ой ичида юз кўтариш ҳолатлари 8 фоизга ошган – улар рақамларни ёш бўйича ажратмайди, аммо кўплаб аъзолар демография ўзгараётганини таъкидламоқда.

Бу дунёнинг бошқа қисмларида ҳам кузатилмоқда, Америка Пластик Жарроҳлар Жамияти Х авлод (45 ёшдан 60 ёшгача) вакиллари орасида юз кўтариш амалиёти кўпайганини қайд этмоқда.

Ассоциация президенти Нора Нюжентнинг фикрича, бунинг бир қанча сабаблари бор, жумладан, озиш учун дори-дармонлар кўпайгани.

"Бу дорилар ёрдамида тез озиш кўп ортиқча тери қолдиради. Юз кўтариш бунда ёрдам бериши мумкин, – дейди у. – Техникалар сезиларли даражада ривожланди – юз кўтариш энди биз кўп йиллар олдин кўрган «шамол туннели» [терининг ортиқча тортилиши натижасида ҳаддан ташқари юз чўзилиши] хавфини англатмайди."

Ушбу турдаги муолажаларнинг хавфи ва асоратлари бор, масалан, гематома ривожланиши – тери остида қон тўпланиши, агар даволанмаса, некроз (атрофдаги тўқималар ўлими), инфекциялар, асаб шикастланиши ва соч тўкилишига олиб келиши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ушбу турдаги муолажаларнинг хавфи ва асоратлари бор, масалан, гематома ривожланиши – тери остида қон тўпланиши, агар даволанмаса, некроз (атрофдаги тўқималар ўлими), инфекциялар, асаб шикастланиши ва соч тўкилишига олиб келиши мумкин.

Бироқ, юз кўтариш ҳамон жиддий операция бўлиб қолмоқда ва уни фақат мутахассис, лицензияли пластик жарроҳ тегишли жиҳозларга эга бўлган рўйхатдан ўтган муассасада ўтказиши керак, дейди у.

Бристолдаги клиникасида пластик жарроҳ-маслаҳатчи Саймон Ли юзлаб юз кўтариш операцияларини ўтказган ва менга улардан бирининг видеосини кўрсатди.

Бутун жараён давомида мижоз уйғоқ ҳолатда бўлади, чунки унинг терисига ва остидаги чуқур тўқималарга паст дозадаги маҳаллий оғриқсизлантирувчи укол қилинган.

У мижознинг юзида бир қатор кичик кесмалар қилади, сўнг тери остига, ёғ қатлами ва юзаки юз фасцияси – юз ифодаларимизни бошқарадиган қисм остига кириб боради, кейин чуқур текисликка етиб, у ерда тўқима ва мушакларни қайта жойлаштириб, юзни қайта шакллантиради.

У ишини тугатгач, тўрт соат давомида жарроҳлик столида ётган мижоз енгил тортиб жилмаяди.

Жаноб Лининг айтишича, бу амалиётнинг тобора жозибадор бўлиб боришига сабаб – юз ва бўйин кўтариш жараёни осонлашганидир. Илгари бу шифохонада ва умумий наркоз остида ўтказилган бўлса, эндиликда у ўз клиникасида юз ва бўйин кўтариш амалиётини ўтказмоқда.

Унинг айтишича, бу соҳа учун "қизғин давр" бўлиб, ривожланиш жуда тез суръатларда кетмоқда. Пастки жағ ва бўйинга қаратилган анъанавий юз кўтариш усули ҳамон машҳур бўлса-да, юзнинг юқори учдан икки қисмига қаратилган янги даволаш усуллари пайдо бўлмоқда – айнан шу қисмларда қариш жараёни бошланади ва эртароқ сезилади.

Жарроҳ буни шундай изоҳлайди: юзни кўтариш 40 ёшдан ошганларга мос келади, аммо 20-30 ёшдаги одамда бундай мураккаб амалиётни ўтказиш жуда ноодатий бўларди.

Ушбу турдаги муолажаларнинг хавфи ва асоратлари бор, масалан, гематома ривожланиши – тери остида қон тўпланиши, агар даволанмаса, некроз (атрофдаги тўқималар ўлими), инфекциялар, асаб шикастланиши ва соч тўкилишига олиб келиши мумкин.

Буюк Британияда юз кўтариш амалиёти ўртача 15-45 минг фунт стерлингга тушади, аммо бу муолажаларни атиги 5 минг фунт стерлингга таклиф қиладиган клиникалар ҳам бор.

Мутахассислар таъкидлашича, аввал яхшилаб ўрганиб, сўнг юзни кўтаришга ихтисослашган пластик жарроҳни танлаш муҳим.

Олдинги расмда у камерага қараб, кумуш юлдузли сирғалар ва кумуш занжирли маржон тақиб олган. Ўртадаги расмда унинг юзида пластирлар бор ва баъзи қалам излари ҳали ҳам кўриниб турибди. Унинг кўзлари шишган ва кўкарган. Учинчи расмда бинт ва пластирларсиз кўриниши. Унинг узун қора сочлари юзининг икки томонига тушиб турибди.

Сурат манбаси, Julia Gilando

Сурат тагсўзи, Жулиянинг жарроҳлик амалиётидан олдинги ва кейинги қиёфаси.

34 ёшли Жулия Гиландо жағлари жойлашуви билан боғлиқ муаммоларга дуч келганидан сўнг, юзидаги номутаносибликни тузатиш учун юзни кўтаришга қарор қилди.

Гарчи кўплаб дўстлари унинг юзида муаммо кўринмаслигини айтган бўлса-да, у буни ҳис қиларди, "ички сезгисига ишонди" ва муолажа учун Туркияга учиб кетди, бу 8 000 долларга (6 000 фунт стерлинг) тушди.

Туркияда косметик жарроҳлик билан боғлиқ хавфлар ҳақида огоҳлантиришларга қарамай, асосан нархлар арзонлиги туфайли тобора оммалашиб бормоқда.

"Аввалига мен бу ғоя ақлдан озганлик деб ўйладим, лекин ўрганиб чиқдим ва уни амалга оширишга қарор қилдим, – дейди ўзи тиббиёт ходими бўлган Гиландо хоним. – Қўрққан эдим, бегона юртда эдим, ёлғиз эдим, тилни билмасдим.

"Операциядан сўнг икки кун касалхонада ётиб, кейин ўзимга ўзим қарайдиган бўлдим. Шунчалик шишиб кетдимки, кўзим кўрмай қолди.

Баъзи оғир дамлар бўлди, ҳиссиётлар кўтарилиб, тушиб туради, баландлик ва пастликларни бошдан кечирасиз."

Тадқиқотчилар бундай косметик жарроҳлик амалиётлари саноат реклама қилаётгандек одамларда ўзига бўлган ҳурмат ва ишончни оширишига шубҳа билан қарамоқда.

"Менимча, мисли кўрилмаган босим бор, – дейди Ғарбий Англия университети Тана қиёфасини ўрганиш маркази эксперти доктор Кирсти Гарбетт. – Айниқса, юзга келганда – биз ўзимизни видео қўнғироқларда, ижтимоий тармоқларда кўрамиз, ўзимизни бошқалар билан осон таққослаймиз."

У биз кўраётган нарсалар воқеликнинг ҳақиқий акси бўлиши шарт эмаслигини айтади.

"Сунъий интеллект, филтрлар – барчаси алдамчи онлайн дунёни яратишда роль ўйнайди. Шу билан бирга, косметик муолажалар нормал ҳолга айланиб бормоқда."

Унинг айтишича, машҳурларнинг бундай операциялар ҳақида кўпроқ гапириши қайсидир маънода яхши, лекин бу уларни нормаллаштиради – уларни "ҳаётнинг бир қисми қилиб қўяди, буниси хавотирли".

Биринчи расмда у сарғиш сочларини ўнг томонига силкитиб, камерага қараб турибди. У қизил кийим кийган, қулоғида катта олтин сирға ва қизил лаб бўёғи бор. Ўртадаги расмда у бошига бинт ўралган ва касалхона либосига ўхшаган кийимда тасвирланган. Учинчи расмда у узун сариқ сочли ва марварид маржонли оч яшил устки кийим кийган.

Сурат манбаси, Caroline Stanbury

Сурат тагсўзи, Кэролин Стенберининг юз кўтариш операциясидан олдинги ва кейинги қиёфаси.

Дубайнинг ҳақиқий уй бекаларидан бири, телебошловчи Кэролин Стенбери икки йил олдин, 47 ёшида, жуда ёш бўлгани учун бундай қилмасликни айтишганига қарамай, юз кўтариш амалиётини ўтказди.

"Бу мен қилган энг яхши иш эди, – дейди Кэролин. – Нега мен 60 ёшга чиққунча кутишим керак, умидсиз бўлиб, бунга муҳтож бўлгунимча? Мен ҳозир гўзал кўринишни ва ўзимни яхши ҳис қилишни хоҳлайман."

20 йил давомида мунтазам равишда ботокс ва тўлдирувчилар қабул қилганидан сўнг, у ўзини "ғалати кўрина бошлаётгандек" ҳис қилди. У АҚШда юзни кўтариш учун 45 минг доллар тўлаган.

"Мен ҳали ҳам ўзимга ўхшайман ва бу амалиёт менга яна 20 йил давомида ўзимни ажойиб ҳис қилиш имконини берди," дейди у.

Белгияда жойлашган, бутун дунёдан, шу жумладан, Буюк Британиядан ҳам мижозлари бўлган пластик жарроҳ Алексис Верпаэле даволанишга келаётган ёшлар сони кўпайиб бораётганидан хавотирда.

У кўпинча бу мижозлар билан жарроҳликсиз ҳам маълум бир кўринишга эришиш усуллари ҳақида узоқ суҳбатлашади.

"Агар улар 20 ёшида юз кўтартирса, унинг самараси 10 йилга, боринг ана, 15 йилга етади.

Шундай қилиб, 60 ёшга тўлганида, у уч марта шундай амалиётни ўтказиши керак," дейди Де Верпаэле.

"Бу бир юз учун жуда оғир жароҳат».