Сингапур нега дарахт ва сояга бу қадар ўч?

Сингапурнинг машҳур "супердарахт"лари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сингапурнинг машҳур "супердарахт"лари
    • Author, BBC Янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ўзбекистоннинг катта шаҳарларидаги ҳаво ифлосланишда давом этмоқда. Тошкент ҳаво сифати энг ёмон шаҳарларнинг глобал рейтингида қайта-қайта юқори ўринларни эгаллаяпти. 2024 йилда ScienceDirect сайтида чоп қилинган тадқиқотда айтилишича, пойтахтда тез суратларда юз бераётган урбанизация туфайли 1990 ва 2019 йиллар ўртасида яшил ҳудудлар 60 фоизга қисқарган. Унга кўра, 2024 йилга келиб шаҳарнинг атиги 5,56% фоизини яшил ҳудудлар ташкил қилади.

Жазирама орол давлати ҳисобланган Сингапур узоқ вақтдан бери ҳар бир бурчагига яшиллик ва соя қўшишга устувор аҳамият бериб келади. Бошқа шаҳарлар ҳам шундай қила оладими?

Иссиқлик инсоният учун иқлимнинг энг хавфли таҳдиди бўлиб, ҳар йили сув тошқинлари, тўфонлар ва ўрмон ёнғинларини қўшганда ҳам, кўпроқ одам ҳаётига зомин бўлмоқда. Энг катта хавф эса сайёрамизнинг қолган қисмига қараганда икки баравар тезроқ исиб бораётган шаҳарларда кузатилмоқда.

Хавфли ҳароратлар тобора кўпайиб борар экан, Париждан Финиксгача бўлган дунё шаҳарлари раҳбарлари стратегик жиҳатдан кўпроқ соя-салқин жойлар яратишни режалаштирмоқда.

Бироқ, эҳтимол Ер юзидаги энг яхши соя инфратузилмасига эга мамлакат – Сингапур. Бу ерда одамлар азалдан шаррос ёмғир ва иссиққа қарши кураш усулларини билган.

Улар орасида энг асосийси усти ёпиқ пиёда йўлкалари бўлиши мумкин. Ушбу оммавий сояли йўлкаларнинг келиб чиқиши аниқ эмас. Аркали дўконлар ва уйларнинг биринчи қаватларидан ўтадиган бу "беш футлик йўллар" Болонья портикларига ўхшаса-да, улар Жануби-Шарқий Осиё учун ҳам хос бўлиши мумкин. 19-аср бошларида Сингапурга асос солгани айтиладиган Британия мустамлакачи амалдори Стэмфорд Раффлес уларни 1822 йилда биринчи шаҳар режасига киритган эди.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Раффлес ноқулай об-ҳавода юришни қулайлаштириш учун ҳар бир кўчанинг икки томонида узлуксиз ва ёпиқ йўлкаларни қуришни талаб қилган. Вақт ўтиши билан унинг "айвон йўллари" аҳамиятини йўқотди. 1960-йилларда Сингапурни мустақилликка олиб чиққан қудратли бош вазир Ли Куан Ю уларни замонавий шаклда қайта тиклади.

Ли ўзига хос микроменежер бўлиб, иқлим ва қулайликка алоҳида эътибор қаратарди. Унинг фикрича, намлик мамлакатнинг иқтисодий унумдорлигини пасайтирмоқда эди. Ичкарида у Сингапурни, журналист Чериан Жорж "кондиционерли давлат" деб атаган, мамлакатга айлантирди. Очиқ ҳавода эса у сояларга ишқибоз эди. Ли қўл остидагиларга пиёдалар йўлкалари ва сайргоҳлар ёмон лойиҳалаштирилгани ҳақида танбеҳ берарди.

Сингапур макети

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сингапур макети

1960-1970 йилларда Лининг авторитар ҳукумати осмонўпар жамоат уй-жойларини қурганида, меъморлар ҳар бир бинонинг биринчи қаватини очиқ сақлаб, бу жойларни аҳоли йиғилиши мумкин бўлган, умумий шабадали "бўш майдончалар" сифатида қолдирди. 1980-йиллар охири ва 1990-йилларда Сингапурнинг уй-жой ва транспорт идоралари пиёдалар энг яқин автобус ёки поезд бекатига етиб олиши учун тротуарлар устида алоҳида металл соябонлар қуришни буюрди.

Бугунги кунда расмийлар 200 км атрофида ёпиқ йўлкалар қурилганини таъкидлашмоқда. Тасаввур қилинг: Нью-Йоркдаги ҳамма жойда учрайдиган қурилиш ҳавозалари доимий тротуарларга айланса, манзара жуда чиройли бўлмаса-да, функционал жиҳатдан қанчалик фойдали бўлишини кўз олдингизга келтираверинг.

АҚШда кўчмас мулк қурувчилари кўпроқ ёруғлик тушиши учун ўз биноларини кўчадан орқага суриши керак, Сингапурда эса улар ўз биноларининг биринчи қаватидан 2,4-3,7 метр ўйиб, пиёдалар учун сояли йўлкага ҳисса қўшиши шарт. Тадқиқотлар кўрсатишича, соябонлар тоза ва яхши лойиҳаланган автобус бекати каби таъсирга эга. Бекат яхши бўлса, автобусни кутиш вақти қисқаргандек туюлади, сингапурликлар ҳам йўлкалар остида сайр қилиш қуёш остида сайр қилишдан 14 фоизга қисқароқ туюлишини айтишади.

Сингапурнинг "Кичик Ҳиндистон" мавзесидаги туннел дўконлари.

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, Сингапурнинг "Кичик Ҳиндистон" мавзесидаги туннел дўконлари.

"Доим жуда иссиқ ва жуда нам бўлган тропик минтақадасиз," дейди Сингапур Миллий университети профессори, ландшафт архитектори Юн Хе Хван. Йил давомида кунлик юқори ҳарорат 31-33°C атрофида бўлгани сабабли, "бизга доим соя керак," дея қўшимча қилади у.

Соя ҳақида гап кетганда, деярли ҳамма қўпол алюминий томдан кўра яшил дарахт баргларини афзал кўради, аммо дарахтлар доим ҳам ечим бўла олмайди, дейди ҳукуматга қарашли Cooling Singapore шаҳар иссиқлик ташаббуси собиқ тадқиқотчиси Леа Рюфенахт. Аммо унинг таъкидлашича, дарахтлар соя ва ҳавога сув буғлатиш орқали салқинлик яратади: нам Сингапурда эса намлик яна кўпайиши ноқулайликни ошириши мумкин.

Қулайлик учун Рюфенахт ҳам яшил, ҳам кулранг соялар мувозанатини тавсия қилади. Сингапурда энг зич кулранг соя шаҳар марказидаги осмонўпар бинолар остида жойлашган. Кўчмас мулк қурувчилари очиқ майдонларда соат 9:00 дан 16:00 гача бўлган вақт оралиғида ўтириш жойларининг камида 50 фоизини совутадиган, ҳокимият органлари "етарли" деб ҳисоблаган даражада сояни таъминлаши шарт. Соя исталган манбадан – дарахтлар, соябонлар, чодирлардан келиши мумкин.

Ушбу ёндашувни Нью-Йорк шаҳридаги ёндашув билан таққослаш мумкин. У ерда очиқ жойларда соялар яратиш тавсия этилмайди. Ушбу салқин иқлим шароитида қурувчиларга қишда иссиқлик бўлиши учун ўз майдонларини қуёшга қараган жанубий томонларга жойлаштириш буюрилган. (Аслида, майдонлар шимолга қараши мумкин ҳам эмас.)

Сингапурнинг кўп бинолари соя солишини ҳисобга олиб қурилган.

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, Сингапурнинг кўп бинолари соя солишини ҳисобга олиб қурилган.

Сингапур учун бошқа нарса муҳим. Энг маъқули, қурувчилар майдонларни биноларнинг шарқ томонига жойлаштиради, шунда уларга тушдан кейин соя тушади. Бу юрт шаҳар соялари жамоат манфаати сифатида рағбатлантириладиган ноёб жой ҳисобланади.

"Дунёнинг тропик минтақаларидаги бир муаммо шуки, аҳоли пунктлари учун қурилиш меъёрлари мўътадил ҳудудлардан олинган, бу меъёрларни қайта кўриб чиқиш ҳамда «бу ўзи бизга тўғри келадими?» деб сўраш имкониятига эга эмас улар, – дейди Сингапур Шаҳарни қайта қуриш бошқармасининг табиатни муҳофаза қилиш бўйича директори Келвин Анг. – Сингапурда эса қуёш жазирамаси сабабли қурилиш ва режалаштириш меъёрларида сояга урғу берилиши кераклиги ҳақида бой тушунча бор."

Режалаштирувчилар, агар жамоат жойида соя бўлмаса, унга ҳеч ким келмайди, деб ҳисоблайди. Намликка таъсири бўлиши мумкинлигига қарамай, Бош вазир Ли "тоза ва яшил" Сингапур хорижий сармоядорлар учун жозибадор бўлишига ишонган ва ҳамма жойда дарахтлар бўлишини талаб қилган. Унинг буйруғи билан янги ташкил этилган Боғлар ва дарахтлар бўлими асосий хиёбонларни Ангсанас, ёмғир дарахтлари, маҳагон ва акациялар билан кўкаламзорлаштирди. "Гуллар яхши, – деди Ли бўлим бошлиғига, – лекин аввал менга соя беринг".

1970-йилларда, сингапурликларни шахсий автомобиллардан жамоат транспортига ўтказиш мақсадида тирбандлик учун тўлов белгилаш ва бошқа чораларни амалга оширганида, Ли эътиборини тротуарлар, пиёдалар ўтиш жойлари ва автобус бекатларига қаратди, чунки бу жойлардаги қуёш жазираси потенциал янги йўловчиларни чўчитиши мумкин эди.

Лос-Анжелесда кўчаларни лойиҳалашда дарахтларга охирги ўринда эътибор берилади. Барча тротуарлар, йўлаклар, автотураргоҳлар ва ер ости ишлари тугаллангач, дарахтлар майда бетон чуқурчаларга суқиб жойлаштирилади.

Яшил ҳудудлар ва сояли туннелларга қарамай, Сингапур ҳануз ҳаво совутгичларига жуда қарам.

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, Яшил ҳудудлар ва сояли туннелларга қарамай, Сингапур ҳануз ҳаво совутгичларига жуда қарам.

Сингапурда эса Ли режалаштирувчиларга дарахтларни бошиданоқ ҳисобга олишни буюрди. Лос-Анжелес тротуарларини хунуклаштирувчи ва дарахтларни кичик ва бутага айлантирувчи осма электр узатиш линиялари бу ерда кам учрайди. Кўпчилик коммуникациялар кўча дарахтлари ва уларнинг илдизлари ёнидан ўтадиган ер ости қувурларига жойлаштирилган. Яшил инфратузилмани шаҳарсозлар режалаштиради, жамоат ишлари идоралари уни қуради ва уни ўз вақтида Ли бюджетини ўн баравар ошириб қўйган парклар кенгаши бошқаради.

Молиялаштириш ва мувофиқлаштириш даражасига қараб гуллаб-яшнаётган шаҳар ўрмони ва ночор шаҳар дарахтлари ўртасидаги фарқни аниқлаш мумкин. Шаҳарсозлар деярли йўқ бўлиб кетган табиий тропик ўрмонлар ўрнини қоплаш учун янги боғ-шаҳарни қайта тиклаш мақсадида хусусий қурилишларда ҳам яшилликни таъминлашни талаб қилади.

Сингапур ҳукумати катта таъсир кучига эга эди. Ҳукумат ернинг 90 фоизига эгалик қиларди ва қурилиш нозирлари дарахтларни кўрмагунча бинодан фойдаланишга рухсат бермасди. Сингапурнинг кенг кўламли давлат уй-жой комплексларида ҳам майсазорлар, дарахтли ҳовлилар ва парклар, қўриқхоналарга туташ яшил йўлкалар қурилган эди. Шунинг оқибатида Сингапурнинг деярли ҳамма жойида, бой ва камбағал маҳаллаларда бирдек дарахтлар бор.

"Биз ўрта синф ва ишчи синфи ҳудудларини ажратмадик," деб ёзади Ли ўз хотираларида, бу "Халқ ҳаракати" партияси учун "сиёсий ҳалокат" бўларди, деб таъкидлайди у. Ана шу жиҳат Сингапурни Америка шаҳарларидан фарқлайди, у ерда соя иқтисодий тенгсизлик кўрсаткичидир.

Лининг оқилона режалаштириш сиёсати, жумладан, минглаб гектар маҳаллий боғларни ривожлантириш ва жуда катта мелиорация ишлари туфайли Сингапур ажойиб натижага эришди: у бир вақтда ҳам зичроқ, ҳам яшилроқ бўлди. Расмийлар таъкидлашича, шаҳар ўрмони 1974 йилдаги 158,6 минг дарахтдан 2014 йилда 1,4 миллионгача етган, ваҳоланки шаҳар аҳолиси яна уч миллион кишига кўпайган, холос. Бугунги кунда оролнинг деярли ярми ўт-ўланлар, буталар ва қалин шохли дарахтлар билан қопланган бўлиб, бу ҳолат шаҳар ўсар экан, табиатга жой қолмайди, деган фикрни рад этади.

Li Kuan Yu
BBC
Biz o‘rta sinf va ishchi sinfi hududlarini ajratmadik. Bu "Xalq harakati" partiyasi uchun "siyosiy halokat" bo‘lardi.
Li Kuan Yu
Singapurning sobiq bosh vaziri (bbc.com/uzbek)

"Айнан биофизик муҳит фарқловчи омил ҳисобланади," дейди парклар кенгашининг собиқ тадқиқотчиси Дэниел Берчем, ундан Сингапурнинг муваффақиятини тушунтириб беришини сўраганимда. "Ҳар куни ёз бўлса ва ҳар йили 2 метрдан ортиқ ёмғир ёғса, дарахтларни ўстириш осон."

Аммо, у қўшимча қилишича, сиёсий ирода бўлмаганда, бу дарахтларнинг ўсиши учун жой ажратилмаган бўларди. "Бу улар [Ли ҳукумати] эришмоқчи бўлган мақсад эди ва бу улар биргаликда амалга оширишга интилган ғоя эди."

Берчем ҳозирда сиёсий раҳбарлар ўн йиллар эмас, балки бир неча йил хизмат қиладиган ярим қурғоқчил шаҳар Форт-Коллинздаги Колорадо штат университетида дарахтчилик фанидан дарс беради. "Баъзилар Ли Куан Юни кучли етакчи ёки ярим авторитар шахс сифатида таърифлайди ва маълум маънода бу тўғри, – дейди Берчем. – Лекин бу ўша тизимдан келиб чиққан ижобий натижа. У ўз олдига шу мақсадни қўйди ва унга эришиш учун одамларни моддий ресурс билан таъминлади, сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлади."

Аммо бу маъмуриятлар сиёсатида изчилликни талаб қилади. Маями ёки Ҳонолулу каби тропик шаҳарлардаги демократик сайлов йўли билан танланган ҳокимиятлар ҳам бундай лойиҳани давом эттирмаслиги учун ҳеч қандай сабаб йўқ.

Хўш, бу соя сингапурликларни ҳимоя қиладими? Куннинг иккинчи ярмида Сингапурнинг осмонўпар бинолар соясига чўмган ишбилармонлик тумани кўчалари шаҳардаги энг салқин гўшалардир. Қуёш ботгач, бу таъсир тугайди ва бинолар ўзи ютган қуёш радиациясини чиқара бошлайди. Кечаси аҳоли турар-жой ҳудуди яшил майдонлари кўпроқ енгиллик бериши мумкин, чунки у ердаги ҳаво гавжум тижорий кўчаларда эсаётган шабададан 1-2°C салқинроқ бўлади.

Ҳаво ҳарорати ва иссиқдан касалланиш ўртасидаги эпидемиологик боғлиқлик шуни кўрсатадики, бу серсоя ҳудудлар ҳақиқатан ҳам Сингапурнинг иссиқдан энг яхши ҳимояланган жойларидир. Дарахтлар ва бинолар каби соя инфратузилмаси иқлим ўзгаришининг барча таъсирларини бартараф этиш учун етарли бўлмаса-да, сезиларли самара беради.

Американинг маҳаллий ҳокимиятлари бу борада сояни шахсан яхши кўрган кучли шахс бошқарган автократик Сингапур ҳукуматидек самарали бўлиши даргумон. Шунингдек, АҚШнинг аксарият шаҳарлари дарахт ўстириш учун Сингапурдек идеал иқлимли эмас.

Шунга қарамай, Сингапур ҳукуматлар сояни махсус режалаштириш орқали нимага эришиш мумкинлигини кўрсатади. Ҳамма учун салқинроқ шаҳар яратиш имконияти мавжуд. Келинг, буни имконсиз деб ҳисобламайлик.