Ўзбекистон: Бузилган тандир эгасининг ҳуқуқи, яшил энергия улуши ва яна қўлга тушган ҳоким ёрдамчилари

Тандир сомса
Сурат тагсўзи, Тандир сомса
    • Author, BBC Янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Тандир фақат суд қарори билан бузилиши мумкин

Ўзбекистондаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Бизнес омбудсман чиқарган баёнотга кўра, мамлакат бўйлаб экологик вазиятни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида айрим ҳудудларда тадбиркорларнинг қонуний мулкига зарар етказиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчилик кечикиши ва қиш мавсумидаги иситиш тизими иши кучайиши натижасида аксар ҳудудларда, хусусан пойтахт Тошкентда ҳавонинг кескин ифлосланиши Президент Мирзиёевнинг пойтахтдаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилган фармони имзоланишига сабаб бўлди.

Фармон ортидан вилоятларда ҳам «ҳавони тозалаш рейдлари» бошланиб кетди. Жумладан, Андижон вилоятида йўлчети ошхоналаридаги сомса тандирларининг бузиб ташланиши ижтимоий тармоқларда ҳам кулгу, ва ҳам ғазабга манба бўлди.

Андижонда ҳавони ифлослаш улушининг энг катта қисми тандирларга эмас, саноатга тегишли. Тошкентда ҳам шундай.

«Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, "Тадбиркорлик фаолиятининг эркинликлари кафолатлари тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир», дейди ўз баёнотида Бизнес омбудсман идораси.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Унга кўра, тадбиркорлик субъектини тугатиш ёки унинг мол-мулкига нисбатан бошқа чоралар кўриш фақатгина ваколатли орган ёхуд суд қарорига биноан амалга оширилиши керак.

«Шу муносабат билан ваколатли давлат органларини ушбу муҳим жараёнларда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонуний манфаатлари ва мулкий ҳуқуқларини таъминлашга, хусусий мулкка нисбатан қонун бузилишига йўл қўймасликка ва ҳар қандай чораларни амалдаги қонунчилик асосида амалга оширишга чақирамиз», дейилади Бизнес омбудсман мурожаатида.

Бизнес омбудсман идорасида мустақил эмас, Ўзбекистон президенти администрациясига бўйсунувчи ташкилот. Ўзбекистон президенти администрациясининг раҳбари Саида Мирзиёева эса баъзи экологик текширувларда шахсан ўзи қатнашди.

Яшил энергия қачон кўпаяди?

Президент Мирзиёев «Барқарор энергетика – Янги Ўзбекистоннинг келажак сари ишончли қадами» мавзусидаги анжуманда гапирди.

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев «Барқарор энергетика – Янги Ўзбекистоннинг келажак сари ишончли қадами» мавзусидаги анжуманда гапирди.

Қиш мавсуми ва иситиш тизимларига босим ошиши натижасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида одатий электр таъминотидаги узилишлардан шикоятлар ошаётган бир вақтда, Президент Мирзиёев яшил энергиянинг мамлакатдаги улуши 2030 йилгача 54 фоизга етказилишини маълум қилди.

У бу ҳақида «Барқарор энергетика – Янги Ўзбекистоннинг келажак сари ишончли қадами» мавзусидаги анжуманда гапирди.

Газ қазиб олиниши камайиши манзарасида Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергиянинг улуши ҳануз паст бўлиб қоляпти, лекин ўсмоқда. Йил бошида у 16 фоизга тенг бўлган бўлса, йил охирида 26% бўлиши кутилади.

Айни дамда, жаҳон бўйлаб 2024 йилда электрнинг 40%дан кўпроғи яшил энергияга тўғри келган. Эмбер тадқиқот марказининг ҳисоботида айтилишича, қуёш энергияси электр манбаининг энг тез ўсаётган тури бўляпти. Охирги уч йилда дунё бўйлаб қуёшдан олинган энергия икки баравар ошган.

Ўзбекистонда саноат кўламида йирик қуёш энергияси станциялари қурилаётган бўлса-да, халқ орасида уларга шубҳа сақланиб қоляпти. Бунга, Би-би-си билан аввалроқ суҳбатлашган энергетик Зафар Сафога кўра, маҳаллий ҳукуматларнинг панелларни мажбуран сотиб олиш бўйича босимлари ва имтиёзларнинг йўқлиги сабаб бўлган.

Унинг айтишича, Ўзбекистон истеъмолчилари орасида қуёш энергиясидан электр олишни кескин ошириш мумкин.

Президент нутқ сўзлаган кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент вилоятларида 3 миллиард 300 миллион доллар бўлган 3,5 минг мегаваттли "яшил" қувватларга старт берилаётгани маълум қилинди.

Ҳоким ёрдамчилари ҳибсга олинишда давом этяпти

Ҳокимлар ёрдамчилари

Сурат манбаси, DXX

Сурат тагсўзи, Ҳокимлар ёрдамчилари

Давлат хавфсизлик хизмати тарқатган хабарда учта ҳокимлик идоралари фаолиятида коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилгани маълум қилинди.

Хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департменти томонидан Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Боғдод туман ҳоким ўринбосари 8 минг долларни олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.

«Терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида аниқланишича, ушбу мансабдор шахс ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Бешариқ туманида яшовчи фуқаро томонидан "электрон онлайн аукцион" савдо платформаси орқали ижара ҳуқуқи асосида ютиб олинган 2,4 сотих ер майдонини бошқа бир фуқарога мулк ҳуқуқи асосида ўтказиб беришни ваъда қилган.»

Шунингдек, Наманган шахар ҳокимининг маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчиси ҳам пора билан қўлга тушди.

У маҳалладаги "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ажратилган ер майдонларидан 8 сотих қисми учун далолатнома расмийлаштириб, бир йил давомида нотурар сифатида фойдаланиб туриш ва бир йилдан сўнг ер тоифаси карорини турар-жой тоифасига ўзгартириб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига фуқародан 6 000 доллар талаб қилгани айтилмоқда.

"Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳокимлик вакили келишилган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди."

Худди шундай ҳолат, Янги Наманган тумани маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида ҳам кузатилган.

Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси туман ҳокимлиги ва кадастрдаги танишлари орқали ушбу маҳалладаги 12 сотих давлат захирасида бўлган ер майдонининг ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 16 000 АҚШ долларини талаб қилиб, олдиндан 6 000 долларни олган вақтида ушлангани ДХХ томонидан хабар қилинди.

Ҳозирда ушбу ҳокимликлар вакилларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.