Тожикистон: Қамоқхонадаги исёнда ҳалок бўлганлар бор

Душанбе яқинидаги Ваҳдат қамоқҳонасида бундан олдин ҳам қонли исён бўлганди

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Душанбе яқинидаги Ваҳдат қамоқҳонасида бундан олдин ҳам қонли исён бўлганди
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Тожикистондаги қамоқхонада маҳкумлар ва муассаса ходимлари ўртасида тўқнашув бўлди. Яраланган ва ҳалок бўлганлар бор.

Расмий маълумотга кўра, пойтахт Душанбе яқинида жойлашган қамоқхонадаги исённи қўлбола пичоқлар билан қуролланган тўққиз нафар маҳкум уюштирган.

Улар қўриқчиларга ҳужум қилиб, жазони ўташ муассасидан қочишга уринган.

3 феврал куни Тожикистоннинг расмий ахборот агентлиги "Ховар" ҳодиса душанба куни, тушдан кейин содир бўлганини ёзди. Хабарга кўра, маҳкумлар томонидан уюштирилган ҳужум натижасида 3 нафар қамоқхона ходими оғир жароҳат олган.

Алоқадор мавзулар:

Манбага кўра, маҳкумлар ўзларининг қўлбола ўткир қуролларидан фойдаланиб, қамоқхона қоровулларига ҳужум қилган ва "ўлдириш ҳамда қочиш"ни режалаштирган.

Тожикистон қамоқхоналари бошқармасининг маълум қилишича, ҳужумчилар қамоқхона маъмурияти буйруқларига итоат этмаган ва ҳеч қандай шарт қўймасдан ҳужумни давом эттирганлар. Улар қамоқхона қоровулларини ўлдириб, қамоқхонани тарк этишга уринишган.

Мамлакат Адлия вазирлиги қамоқхона қўриқчилари исёнчи маҳкумларга қарши қурол ишлатишга мажбур бўлгани, оқибатда, уларнинг уч нафари ўлдирилгани, қолган олтитаси қўлга олинганини маълум қилган.

Тожикистон ҳукумати маҳкумларнинг шахсига оид маълумотни ҳали очиқламаган.

Аммо матбуотга сиздирилган маълумотда исёнчи маҳкумлар Тожикистонда тақиқланган Исломий давлат ва Салафий ҳаракатига алоқадорликда айбланган шахслар бўлгани айтилади.

Бир вақтнинг ўзида, Тожикистон ҳукуматига мухолифатдаги ташкилотлар ҳодисада ҳалок бўлганлар сони расман эълон қилинган 3 нафардан кўп эканлигини даъво қилмоқда.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
BBC
Mahkumlar o‘zlarining qo‘lbola o‘tkir qurollaridan foydalanib, qamoqxona qorovullariga hujum qilgan va o‘ldirish hamda qochishni rejalashtirgan.
Tojikistonning "Xovar" agentligi manbasi
Batafsil: BBC.COM/UZBEK

Улар ўз медиаларда камида 7 нафар шахснинг исм-шарифини эълон қилган.

Reuters агентлиги камида 5 нафар маҳкум ҳалок бўлганини ёзди.

Бундан ташқари тармоқдаги турли саҳифаларда воқеа жойидан олингани иддао қилинган тасвирлар ҳам тарқалган.

Бу тасвирларда камида беш нафар жасад кўзга ташланади ҳамда уларнинг икки нафари бошидаги қалпоқда Исломий давлат байроғи ёпиштирилганини кўриш мумкин.

Ҳозирча норасмий каналлар орқали тарқатилган бу маълумотларни мустақил тасдиқлаш ёки ҳодиса ҳақида батафсил маълумот олиш имкони йўқ.

Бу Душанбе яқинидаги Ваҳдат қамоқхонасида биринчи бор содир бўлаётган исён эмас. Қарийб олти йил аввал, шу қамоқхонада исён кўтарилган ва расмий маълумотларга кўра, ушбу воқеада 3 қамоқхона ходими ва 29 маҳкум ҳалок бўлган.

Ўшанда Тожикистон расмийлари исённи қамоқда сақланаётган радикал ва экстремистик гуруҳларга аъзо маҳкумлар уюштирганини маълум қилган эди. Кейинчалик, 2019-йил майида содир бўлган бу ҳужум учун "ИШИД" масъулиятни ўз зиммасига олган.

2018-йилда Хўжанд шаҳридаги қамоқхонада ҳам исён содир бўлган ва бу воқеа 21 нафар қурбонга олиб келган. Ваҳдат ва Хўжанд қамоқхоналарида содир бўлган аввалги икки исённинг асосий сабаби сифатида маҳкумларга нисбатан ноҳақ муомала келтирилган.

2024-йилга оид расмий маълумотда мамлакат қамоқхоналаридаги маҳкумлар сони 13 000 нафардан ошгани айтилади.

Тожикистон расмийлари доимо қамоқхоналардаги шароит яхши эканини таъкидласа-да, халқаро ташкилотлар ва айрим давлатлар маҳкумлар сони ортиб бораётганини жиддий муаммо сифатида баҳолайди.