Коронавирус иқтисоди: Пандемия вақтида янги иш ўрни яратиш мумкинми? - O'zbekiston

Президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат олдига камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш учун жорий йилда 810 минг доимий иш ўринларини қайта тиклаш вазифасини қўйган.
9 июн куни ўтган ҳукумат йиғилишида йил давомида 310 минг доимий ва 633 мингта мавсумий иш ўринлари яратилиши кераклиги айтилган.
Аввалроқ мамлакатда ишсизлар сони қарийб 2 миллионга етгани хабар қилинганди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусановга кўра, пандемияга қадар ишсизлар сони ўртача 1 миллион 350 мингни ташкил этган.
Ишсизлар сони ортишига пандемия туфайли қатор корхоналар фаолиятини тўхтатиши сабаб бўлган.
Шунингдек, у 550 мингга яқин ўзбекистонлик доимий равишда меҳнат муҳожирлигига чиқиб кета олмагани учун ҳам мамлакатда ишсизлар сони ортиб кетганини маълум қилган.
Ўзбекистон ҳукумати пандемия даврида тадбиркорлик субъектларини субсидия, солиқ ва кредит имтиёзлари билан қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлашни мақсад қилган.
Биринчи навбатда хориждан қайтаётган ўзбекистонликларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилаётгани айтилади.
Ҳукумат қўшни Қозоғистон ва бошқа айрим давлатларда бўлгани каби аҳолига тўғридан-тўғри пул тарқатиш ғоясини рад этган.
Президент Мирзиёев бу каби амалиёт коррупция ҳолатларига олиб келиши мумкинлигини айтган.
Талаб ва таклиф
Тошкентдан тадбиркор ва собиқ депутат Қобул Дўсовнинг Би-би-сига айтишича, ҳақиқатан ҳукумат тадбиркорларга қатор ва имтиёз ва субсидияларни тақдим қилмоқда.
Аммо унинг сўзларига кўра, бозорда талабнинг йўқлиги маҳаллий тадбиркорларга янги иш ўринларини яратишга имкон бермайди.
"Бизда 50 фоизгача иш ўринлари қисқарди ва уйда ўтирган ходимларимизга 50 фоиз миқдорида иш ҳақларини тўлаб келдик. Биз Samsung, Hyundai ва Лукойл сингари хорижий кампаниялар билан ишлаймиз. Уларда каранитн сабаб қурилиш ишлари тўхтагани учун бизнинг хизматимизга ҳам талаб кам. Шунинг учун биз ҳозир қўшимча иш ўрни таклиф қила олмаймиз", - дейди Тошкентдаги MBS ширкати бош менежери Қобул Дўсов.
Ҳукумат аввалроқ ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турлари сонини 24 тадан 67 тага кўпайтирганди.
9 июнь кунги йиғилишда сўнгги 3 ойда Ўзбекистондаги иқтисодиёт тармоқларига 2,3 триллион сўм солиқ имтиёзлари берилгани ва Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 3,6 триллион сўм ажратилгани маълум қилинган.
Ўз ватанида мигрант
Ўзбекистон Молия вазирлигининг билдиришича, жорий йилнинг январь-март ойларида ишсизлик даражаси 9,4%. фоизни ташкил этган.
Энг ёмон вазият Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида экани айтилади.
Бу икки вилоятда ҳар ўнинчи одам ишсиз.
Энг паст ишсилик даражаси - 7,8%.
Бир қатор ҳолатларда вазирлик ва ҳокимиятлар "ишсиз қолган мигрантларга ёрдам кўрсатилаётгани"ни айтган.
Расмийларнинг пандемия боис Россияга кета олмаган фуқароларни "мигрантлар" қаторига қўшаётгани ишсизлик борасидаги статистиканинг қанчалик шафофлиги борасида саволларни пайдо қолган.
Президент Мирзиёев ўтмишда 1 миллион иш ўринлари яратилганига доир статистик маълумотлар сохталаштириб келинганини айтган эди.
Ўзбекистон Марказий Банкига кўра, апрель ойида карантин ва бошқа чекловлар боис иқтисодий фаолиятнинг кескин пасайиши кузатилган.
Айни пайтда карантин чоралари юмшатилиши бошланган май ойида тўловлар 25 фоизга ортгани хабар қилинади.
Пайшанба куни Марказий Банк май ойида шунингдек, пул ўтказмалари ва тижорий банкларга маҳсулотлар ва хизматлар савдосидан нақд пул тушуми ҳам ошганини маълум қилган.
Ўзбекистондан фарқли пандемия даврида аҳолига 1 миллиард доллар миқдорида пул тарқатган Қозоғистон аҳоли бандлигига доир "йўл харитаси"ни қабул қилган.
Унга мувофиқ, мамлакатда 1 миллион доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилади.
Жаҳон Банкига кўра, жорий йилда пандемия боис Марказий Осиё давлатларида ялпи ички маҳсулот ҳажми пасайиши 4,7 фоизни ташкил этиши кутилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek













