Ўзбекистон: Тошкентда тунги клублар ёпиляпти - Солиқ қўмитаси яна эски усулларига қайтдими?

Сурат манбаси, Bojan Pipalovi/Viral travel
Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси курашчи Жамшид Кенжаев ўлими ортидан пойтахт тунги клубларига рейдлар ўтказмоқда. Буни Би-би-сига Солиқ бошқармасининг ходими тасдиқлади.
Ўзбекистонда нашр этилувчи сайтларга кўра, тунги клубларда "энг кам ҳисобда солиқ тушумлари ўртача 4 баробаргача" яширилаётганлиги аниқланди.
Аммо, хабарда айнан қайси тунги клубларга рейдлар уюштирилгани айтилмаган.
Би-би-си клублар ҳақида аниқроқ билиш учун Тошкент солиқ бошқармасига яна боғланганида, исмини ошкор қилмаган бошқа ходим "раҳбарият ундай нарса бўлмаяпти деб айтди" дея жавоб берди.
Айни дамда, ўзбек матбуоти хабарига кўра, тунги клублардан бюджетга 4,1 миллиард сўм тўланмаган.
"Давлат Солиқ Қўмитасининг маълум қилишича, тунги клубларнинг барчаси ягона солиқ тўловчиси бўлиб, улар томонидан жорий йилнинг I ярим йиллигида бюджетга 1,3 млрд сўм ёки ойига ўртача 226 млн сўмдан солиқ тўлаган. Аслида эса, текширувлар олти ой давомида ҳақиқий тушум 54,2 млрд сўмни ташкил этишини кўрсатди," деб ёзади соф.уз.
25 ёшли спорт устаси Жамшид Кенжаев ўтган чоршанба куни пойтахтнинг Юнусобод туманидаги "Aurum 898" клуби ташқарисида клуб қўриқчилари билан муштлашиши ва пичоқланиши оқибатида ҳалок бўлган.
Солиқ айби баҳонами?
Би-би-сига тошкентлик журналистнинг маълум қилишича, шу кунларда пойтахтнинг Чилонзор туманидаги бир неча клублар солиқдан бўйин товлаш гумони билан ёпиб қўйилган. Яна бир манбага кўра, Яккасарой туманидаги "Luxor" клуби бир неча кундирки ишламаяпти.
Бироқ, нима учун Жамшид Кенжаевнинг ўлимигача бу клубларнинг солиқ тўламагани аниқланмаган? Бунга изоҳ йўқ.
Журналистнинг билдиришича, Ўзбекистон солиқ қўмитаси одатда муайян муассаса ё бизнесни ёпиш ёки тортиб олиш жараёнида солиқдан бўйин товлаш айбини бир баҳона сифатида қўллайди.
Йиллар давомида ўзбекистонлик тадбиркорлар Солиқ қўмитасининг сохта айбловлари ортидан уларнинг бизнесини тортиб олиш ёки ёпиш мақсадлари турганидан шикоят қилиб келганлар.
Президент Шавкат Мирзиёев бир неча мажлисларда Солиқ қўмитаси раҳбариятини ва қўмитадаги коррупцияни кескин танқид қилган.
"Налог крышевать қилади, таниш-билишидан солиғини олмайди, бўлмаганидан кўпроқ олади, адолатсизлик қилади. Таниш-билиш ҳаммаси. Битта шаҳарда 120та солиқчи бўлса, унинг ҳар бирида 10тадан крыша бор, тамом. Бир ҳафтада бир кило гўшт олиб келиб беради, бир кило бало, баттар олиб келиб беради. Давлат бюджетига қарамайди", - деб айтган Президент Мирзиёев ўтган йил октябрида ўтган мажлисда.
Жорий йилнинг май ойида Давлат Солиқ қўмитасини 14 йил бошқарган Ботир Парпиев лавозимидан четлатилди. Аммо, қўмитадаги порахўрлик тизими танқид қилинишига қарамай, 72 яшар Парпиев Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раиси этиб тайинланганди.
Кўп ўтмай Парпиевнинг камида тўрт қариндоши давлат лавозимларидан олинди, ўринбосари Абдусалом Йўлдошев ва унинг ўғли Жавлонбек эса терговга тортилди.
Президент Мирзиёев: "Солиқда ҳам кўп ўйинлар бўлгани, раҳбарияти қандай ишлар билан шуғулланганидан ҳайрон қолдим. Ҳали уни ҳам халқимизга етказамиз," - дея май ойида ваъда қилганига қарамай, солиқ қўмитасининг иш услуби кескин ўзгармаган кўринади.
Тунги клубларга уюштирилаётган рейдлар эса, тошкентлик мустақил журналистга кўра, ҳойнаҳой тунги клубларни ёпиш борасида берилган оғзаки кўрсатманинг аломати.
Президент Мирзиёев "ҳатто иккита иш ўрнини яратган тадбиркор"ни бошида кўтариб юришини айтаётган бир вақтда, юзлаб кишиларни иш билан таъминловчи клублар сохта айбловлар ва рейдлар ортидан ёпилиши мумкин.
Қотилликлар ўчоғи тунги клубларми?
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатдаги қотилликларнинг 16 фоизи маст ҳолда содир этилмоқда.
Аммо, содир этилаётган умумий қотилликлар бўйича статистикага қаралса, жиноятлар ўчоғи ичкилик истеъмол қилинувчи тунги клублар эмас.
Жорий йилнинг 7 ойида 277та қотиллик жиноятининг 42 фоизи қариндошлар, 9 фоизи қўни-қўшнилар ўртасида бўлган.
Ушбу жиноятларнинг 34,2 фоизи эр-хотин, ака-ука, ота-ўғил ўртасида содир этилган.
Яъни йил бошидан буён содир этилган қотилликларнинг ярмидан кўпроғи оилавий муносабатлар ёки қўшнилар ўртасидаги ўзаро алоқалар натижасида содир этилган. Бу ҳақда uza.uz сайти Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг кенгайтирилган қўшма мажлиси маълумотларига асосланиб хабар берган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek











