Наманганлик блогер Каримов ва қизларини "ҳақоратлаш"да айбланмоқда

Сурат манбаси, Facebook
Наманган МХХси Фэйсбукнинг фаол фойдаланувчиларидан Аббос Насриддиновга қарши жиноят иши ташаббускори бўлган.
59 ёшли Аббос Насриддинов (Фэйсбукдаги номи Аббос Асад) Маъмурий жавобгарлик кодексининг 40 ("туҳмат") ва 41 ("ҳақорат қилиш") моддалари бўйича айбланмоқда.
Насриддинов ишида унинг ўтган йил августида Фэйсбукдаги саҳифасида жойлаштирган публицист Алишер Таксановга тегишли пост таржимаси ва унга ёзилган "Арипов кетсин!" деган шарҳ ҳам бор.
Насриддиновнинг айтишича, у сўз эркинлиги доирасидан чиқмаган ва кимни ҳақорат қилгани ўзи учун тушунарсиз.
Унинг назарида ишда "жабрланувчи томон"нинг ўзи йўқ.
Маҳкама иши чоршанба куни эрталаб Наманган шаҳридаги Енгил Саноат коллежида маъмурий ишлар бўйича сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиши билдирилган.
Маҳкамада даъвогар, муқаддам "Ёшлар Иттифоқи"нинг Наманган шаҳар кенгаши раҳбари бўлган Анвар Икромовнинг ҳам ҳозир бўлиши кутилади.
"Ёшлар Иттифоқи" вакилининг Би-би-сига айтишича, Анвар Икромов 2017 йил 6 октябрида ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатилган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002












