Покистон трансгендерларни Ҳаж ёрдамчилари қилиб йўллайди

Сурат манбаси, A MAJEED/Getty Images
Покистон тарихида илк марта трансгендер шахслар Ҳаж зиёрати чоғида кўнгилли ёрдамчилар бўлиб хизмат қилиш учун Саудия Арабистонига жўнатилади.
Покистон жорий йилда 150 нафар ёшларни "ҳуддамул ҳужжаж", яъни ҳаж зиёратини адо этаётган юртдошларига ёрдамчилар сифатида сафарбар қилиши кўзда тутилган.
Покистоннинг Express Tribune нашри хабар қилишича, IPC Sindh Boys Scouts раҳбари Атиф Амир Ҳусайн бу маълумотни тасдиқлади.
Атиф Амир Ҳусайннинг айтишича, яқинда Синдҳ вилоятидан бўлган 40 трансгендер ёшлар Покистон бойскаутлари уюшмасига аъзоликка қабул қилинган. Бу ташкилот мамлакатдаги энг йирик кўнгиллилар уюшмасидир.
"Ҳуддамул ҳужжаж сафига қўшилиш учун ёшлар жисмоний машғулотлар ва тестдан ўтадилар. Ундан сўнг, ташкилотимиз муваффақиятли номзодлар рўйхатини Диний масалалар ва эътиқодлараро муроса вазирлигига йўллайди", - дейди Ҳусайн.
Унинг айтишича, бойскаутлар уюшмасига қўшилиш орқали трансгендер ёшлар жамият томонидан қабул қилинишига йўл очилади, ҳамда уларнинг ўзларига бўлган ишончи ортади.

Сурат манбаси, ASIF HASSAN/Getty Images
Покистон ҳукумати 2017 йилда қабул қилган "Трансгендер шахс ҳуқуқлари ҳимояси" қонунига биноан, аёл ё эркак жинсида бўлмаган инсонларга паспорт ва бошқа ҳужжатлар берилиши, ҳамда барча ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши кўзда тутилган.
Трансгендер шасхлар, транссексуаллардан фарқли ўлароқ, тиббий жарроҳлик амалиётидан ўтмасдан яшайдилар. Бадани эркак шахс ўзини аёл деб ҳисобласа, аёл қиёфасида кийиниши ва яшаши мумкин.
Уларнинг паспортларидаги "жинси" бўлимига эркак ё аёл эмас, балки "х" ёзилади.
Саудия Арабистони ўтган йили ўтмишда Сону лақабли раққоса бўлган, ва эндиликда Шакил Аҳмад номи билан танилган трансгендер шахснинг Ҳаж виза аризасини қабул қилмаганди.
Консуллик буни Шакил Аҳмаднинг паспортида эркак ё аёллиги аниқ кўрсатилмагани, "х" эса жинс сифатида қабул қилинмаслиги билан изоҳлаган.
Шакил Аҳмад Исломий Таблиғи Жамоат ташкилотининг аъзо экани ва Ҳаж зиёратини адо этишни орзу қилишини айтган.












