Мирзиёев "мудраб ётган" депутат ва сенаторларни танқид қилди

Сурат манбаси, SENAT
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда демократия қарор топмаганини эътироф этган.
Бу ҳақда у 12 июль куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қилган нутқида гапирган.
Мирзиёевга кўра, демократия ҳали парламентнинг ўзида ҳам мавжуд эмас.
"Демократия қаердан бошланади - парламентдан бошланади. "Парламент - демократия мактаби", деймиз. Шундай экан, миллий парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши керак. Бу борада сиз, ҳурматли депутат ва сенаторлар барчага намуна бўлишингиз зарур. Чинакам баҳс-мунозара, принципиал тортишувлар аввало шу ерда - парламент минбарида бўлиши керак. Шундагина ҳар бир сиёсий партия, парламентдаги ҳар бир партия фракциясининг ҳақиқий қиёфаси ва позицияси аниқ намоён бўлади", - деб айтган Президент.
У мавжуд сиёсий партияларни "мудраб ётгани" учун танқид қилган.
Президентга кўра, депутат ва сенаторлар ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларига эга бўлиши керак.
Мирзиёев парламент мажлисларини телевидение орқали тўғридан-тўғри олиб кўрсатишга ҳам буйруқ берган.
У сиёсий партиялар раҳбарларининг Президент билан учрашувини ҳам йўлга қўйишни таклиф қилган.
Айни пайтда сиёсий мухолифат фаолиятига рухсат бериладими, йўқми, қоронғу қолмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02












