Арманистон Тоғли Қорабоғ эътирофи устида ўйланиб қолди

Сурат манбаси, Getty
Арманистон оммавий ахборот воситалари хабар тарқатишича, парламентнинг ташқи ишлар бўйича комиссияси пленар мажлис муҳокамасига ўзини Тоғли Қорабоғ республикаси деб эълон қилган ўлка мустақиллигини тан олиш масаласини киритмаган.
Бу дегани Тоғли Қорабоғ мустақиллигини Арманистон томонидан тан олиш масаласи Арманистон парламенти кейинги сессияси кун тартибига киритилиши ҳам ҳозирча савол остида.
Тоғли Қорабоғ мустақиллигини тан олиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Арманистон парламентидаги мухолиф депутатлар Грант Багратян ва Заруи Постанжян тайёрлаган эдилар ва парламентга тақдим этган эди.
Арманистон парламентидаги фракция раҳбари Левон Зарубяннинг сўзларига кўра, агар ҳозир Тоғди Қорабоғ мустақиллиги Арманистон томонидан эътироф этилса, бу амал акс таъсирга сабаб бўлиши ва тинчлик музокаралари жараёнига халақит қилиши мумкин.
Матбуот хабарларига кўра, Арманистон парламентининг ташқи ишлар бўйича комиссияси аксар аъзолари ҳукуматнинг шу кеча-кундузда Тоғли Қорабоғ(ёки Арманистонда Арцах республикаси деб аталаётган ўлка) мустақиллигини тан олиш мақсадга мувофиқ эмас, деган фикрига қўшилганлар.

Сурат манбаси, G
Ташқи ишлар комиссияси раҳбари Артак Закарян ҳамкасбларини "бир томонлама қадам қўйишдан" тийилишга чақирган.
Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш бўйича Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳи Арманистон Президенти Серж Саргсян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев учрашувга келишганлари ҳақида хабар тарқатган.
Арманистон ва Озарбайжон президентларининг 16 май куни Вена шаҳрида учрашишлари мўлжаллангани, шунингдек, Венага АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам бориб икки мамлакат раҳбарлари билан учрашишлари хабар қилинган.
2016 йил апрели бошида Арманистон ва Озарбайжон ҳарбийлари бир-биридан ажратилган чизиқларда ўт очишлар бошланиб кетди.
Икки томон ҳам оғир қуроллардан фойдаланиб ҳужумга ўтдилар.
Озарбайжон ва Арманистон бир-бирини оташкесим битимини бузишда айбладилар.
Икки тарафдан 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.
Арманистон Президенти Серж Сергсян, агар Тоғли Қорабоғда жанглар кучаядиган бўлса, Арманистон Тоғли Қорабоғнинг мустақиллигини расман эътироф этиши ҳақидаги баёнот билан чиқди.
Тоғли Қорабоғ уруши 1988 йили бошланган.

Сурат манбаси, Getty
Бироқ бу ҳудудда яшовчи насроний ва мусулмонлар ўртасида ер учун қарама-қаршиликлар 100 йилларга бориб тақалади.
Аҳолисининг аксарини арманлар ташкил қилган Тоғли Қорабоғ Мухтор вилояти СССР замонида Озарбайжон таркибида бўлган.
Арманларнинг Тоғли Қорабоғни Озарбайжон таркибидан олиб чиқиб Тоғли Қорабоғ республикасини ташкил қилиш ғояси қонли ҳодисаларга сабаб бўлган.
1994 йилгача давом этган уруш оқибатида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ билан бирга ўзининг етти тумани устидан назоратни йўқотган.
Тоғли Қорабоғ ўзини республика деб эълон қилган, бироқ бу республика халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган.
1992 йилдан буён Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиш мақсадидаги музокаралар давом этмоқда.
Озарбайжон ўзининг ҳудудий яхлитлиги таъминланишини талаб қилади.
Арманистон эътироф қилинмаган республика тарафини олиб келади.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг












