Япониядаги кучли зилзила қурбонлари сони ортмоқда

Сурат манбаси, AP

Жумадан шанбага ўтар кечаси Японияда юз берган зилзила оқибатида ҳаётдан кўз юмган инсонлар сони ортмоқда, вайроналар остида тирик қолган одамлар қидирилмоқда.

Яна ер силкиниши эҳтимоли мавжудлиги хабар қилинган.

Ер қимирлаши оқибатида камида 32 инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатмоқда Япония оммавий ахборот воситалари.

Юзлаб инсонлар жароҳатланганлар.

Зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 7,3 баллни ташкил этган.

Сурат манбаси, Reuters

Энг кучли силкинишлар Кюсю оролидаги Кумамото префектурасида кузатилган.

У ерда кўплаб бинолар, йўллар, симёғочлар вайрон бўлган.

Маҳаллий шифохоналардан бирининг биноси қулаб тушиши хавфи туғилган, шу боис беморлар эвакуация қилинган.

Ятсуширо шаҳрида ҳам электр симлари узилиб, бинолар электр қувватисиз қолган, бир неча жойда ёнғин келиб чиққан.

Зилзиладан жабр кўрган ҳудудларга армия ва қўшимча қутқарувчилар гуруҳлари юборилган.

20000 ҳарбий қутқарув ишларига сафарбар этилган.

Сурат манбаси, AP

Улар вайрон бўлган бинолар остидан тирик қолган инсонларни қидирмоқдалар, бошпанасиз қолган кишиларга ёрдам беришган.

Япония расмийлари хабар қилишларича, кўплаб биноларнинг вайроналари остида одамлар қолиб кетгани маълум бўлган.

Шундай бинолардан бири қариялар уйи бўлган, у ерда ўнлаб қариялар яшаган.

Зилзиладан кейин денгизда цунами юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилган.

Аммо орадан бир соатча ўтиб цунами огоҳлантириши бекор қилинган.

Нисихара қишлоғида сув тўғони қулаб тушгани ҳақида хабар тарқалган.

Расмийлар зилзила Япониядаги олти АЭСнинг бирортасига ҳам шикаст етмагани ҳақида хабар тарқатганлар.

14 апрел куни ҳам зилзила рўй берган, оқибатда тўққиз инсон ҳалок бўлган эди.

Япония сейсмик фаол минтақада жойлашган мамлакат ва зилзилалар кўп юз бериб туради.

Мамлакат тарихидаги энг ҳалокатли зилзилалардан бири 2011 йилнинг 11 март куни рўй берган эди.

9 балли зилзила денгизда цунамини пайдо қилган, улкан тўлқинлар катта ҳудудни буткул вайрон этган эди.

Табиий офат оқибатида қарийб 15000 инсон нобуд бўлган.

2500 дан зиёд инсон бедарак кетган.

Зилзила "Фукусима" Атом электр станциясининг совутиш тизимини ишдан чиқарган, оқибатда АЭСнинг олти реакторидан тўрттаси ишдан чиққан.

АЭС атрофидаги 20 километр масофадан аҳоли кўчирилган, бу жойларда ҳозир одам яшаши уларнинг ҳаёти учун хатарли деб кўрилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.