Довутўғли: 'Россия ва ИШИД бир'

Довутўғли жаҳон ҳамжамиятини Сурияда Россиянинг ҳаракатларига фаолроқ қарши туришга чақирган

Сурат манбаси, REUTERS

Сурат тагсўзи, Довутўғли жаҳон ҳамжамиятини Сурияда Россиянинг ҳаракатларига фаолроқ қарши туришга чақирган

Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли Россия ва ИШИДни Сурияда инсониятга қарши жиноятлар содир этишда айблади.

Киевга ташрифи чоғида гапирган жаноб Довутўғлига кўра, Россия Сурияда "ўзини террорчи ташкилотдек тутмоқда".

"Биз Украина Бош вазири билан музокаралар олиб бораётган пайтимиз Россиянинг Каспий денгизидан отилган ракеталари шифохона ва мактабни вайрон қилди ва тинч фуқаролар орасида талофатларга сабаб бўлди",-деб айтган Туркия Бош вазири украиналик ҳамкасби Арсений Яценюк билан қўшма матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг амаллари, худди ИШИДники сингари халқаро қонунлар доирасида муҳокама этилиши керак.

Туркия Бош вазири жаҳон ҳамжамиятини Сурияда Россиянинг ҳаракатларига фаолроқ қарши туришга чақирган.

Аввалроқ Идлиб вилоятида "Чегара билмас шифокорлар" халқаро кўмак ташкилотининг шифохонаси ракетадан нишонга олинганди.

Ташкилотнинг айтишича, камида саккиз нафар ходимнинг тақдири номаълум қолмоқда.

"Чегара билмас шифокорлар" вакиллари тиббиёт муассасини кимнинг ҳаво кучлари нишонга олганини айтишга қийналишган.

Лондонда жойлашган "Сурияда инсон ҳуқуқларини кузатиш маркази"нинг айтишича, шифохона Россия учоқлари томонидан нишонга олинган.

Бундан ташқари, Азаз шаҳридаги шифохона ҳам ҳужумга учраган, камида 10 киши ҳалок бўлган.

Россия томони ҳозиргача ҳодисани шарҳламаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon