Саудия Раҳмонга ёрдам ваъда қилди

Ташриф Душанбе ва Ар-Риёднинг Эрон билан муносабатлари ёмонлашган паллага тўғри келган

Сурат манбаси, catoday.org

Сурат тагсўзи, Ташриф Душанбе ва Ар-Риёднинг Эрон билан муносабатлари ёмонлашган паллага тўғри келган

Эрон билан муносабатларнинг ёмонлашиши манзарасида Саудия Арабистонига сафар қилган Президент Имомали Раҳмон қироллик расмийларининг миллионлаб доллар ёрдам ваъдасини олишга муваффақ бўлган.

Қирол Салмон Абдулазиз ва бошқа расмийлар билан музокаралар чоғида Тожикистонга 108 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишга келишилган.

Саудия Ислом Тараққиёт Банки орқали Тожикистонга бериши кутилаётган ушбу маблағ Душанбе-Кўлоб-Хорог-Мурғоб халқаро автотрассаси таъмирига сарфланади.

Саудия подшоси ва Президент Раҳмон икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама этганликлари билдирилган.

Қисқа муддатли ташриф чоғида тожик раҳбари шунингдек, Саудия мудофаа ҳамда молия вазирлари билан кўришган.

Музокаралар чоғида мудофаа ва хавфсизлик, жумладан, террорга қарши кураш масаласи муҳокама этилган.

Президент Раҳмон Саудия Арабистони Тожикистоннинг араб дунёсидаги муҳим ҳамкори эканини таъкидлаган.

Эрондан хафа

Тожикистон раҳбарининг Саудияга ташрифи ҳам Душанбе ва ҳам Ар-Риёднинг Эрон билан муносабатлари ёмонлашган паллага тўғри келган.

Ўтган ҳафта Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги мухолиф сиёсатчи Муҳиддин Кабирийнинг Теҳрондаги исломий анжуманга таклиф этилганидан норозилик изҳор этган.

Тожик томони ушбу таклиф Эрон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

Тожикистон ҳукумати ўтган йили Ислом Уйғониш партиясини террорчи ташкилот деб эълон қилиб, унинг ўнлаб раҳбарларини ҳибсга олган.

Марказий Осиёда ягона расмий исломий партия бўлган ИУП Тожикистондаги фуқаролар уруши сўнггида Раҳмон билан миллий яраш битимини имзолаган ва ҳукуматдаги ўринларнинг 30 фоизини эгаллаганди.

Тожик расмийлари исломий партияни ўтган йили мамлакат шарқида юз берган зўравонликларда айблашган.

Партия раҳбари Кабирий ушбу айбловларни рад этади.

Англашилишича, "Ислом дунёсининг жорий инқирози" деб номланган халқаро анжуманга мезбонлик қилган Теҳрон жаноб Кабирийни Тожикистон расмий ҳайъати таркибига киритган ва уни Тожикистон муфтийси билан ёнма-ён ўтқизган.

Бу эса Душанбенинг ғазабига сабаб бўлган.

Тожикистон муфтийси Сайидмукаррам Абдулқодирзода Кабирийни "сотқин", Эронни эса "сотқинларнинг шериги" деб атаган.

29 декабр куни айни масала юзасидан Эрон элчиси Тожикистон ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

Вазирлик анжуман ташкилотчиларининг ҳаракатларини "қабул қилиб бўлмас" деб атаб, бу нарса икки давлат ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатишидан огоҳлантирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio