Обид қори суиқасд ҳаракати ортида "Ўзбекистон турибди"

Сурат манбаси, metro.se
Швецияда имом Обид Назаровни ўлдиришда гумон қилиниб келган Юрий Жуковскийга расмий айбловлар эълон қилинган. Айблов хулосасига кўра, Жуковсийга Обид қорини ўлдиришни Ўзбекистон ҳукумати буйруқ берганига ишоралар бор.
Би-би-си билан мулоқотда терговга раҳбарлик қилган Стокгольмдаги Халқаро Прокуратура идораси раҳбари Кристер Петерссоннинг айтишича, мазкур суд ишида Ўзбекистон давлати расман айбланмаяпти, чунки прокуратура фақат жисмоний шахсларни айблаши мумкин.
"Мен айтаётганим шуки, далил-исботлар бу суиқасд ҳаракатини ўзбек ҳукумати буюргани ёки истаганига ишора қилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати мен билан деярли ҳеч қандай ҳамкорлик қилмади. Шундай экан, бу терговда мен Ўзбекистон бўйича янги исботни топишимнинг эҳтимоли жуда кам деб ўйлайман", - деди прокурор Би-би-сига.
Швецияда қатор хабар агентликлари, хусусан Svenska Dagbladet газетаси мазкур иш унда бутун бошли давлат айбланиши билан уникал дея хабар тарқатишмоқда. Аммо, прокурор Петерссон Ўзбекистон давлатини расман айблаш унинг ваколатига кирмаслигини айтди.
Суд иши келгуси ҳафта - 23-ноябрда очилиши ва 27-ноябрда якун топиши режаланган.
Унда айбланувчи, гувоҳлар, хусусан Обид қори Назаровнинг ўғли кўрсатмалари тингланади.
Прокурор Петерссоннинг ишонишича, ўзбеклар учун қийин бўлган ҳужжатлар, хусусан қатор паспортлар ва визаларни олиш Жуковский учун осон бўлган.
37 ёшли Жуковский жиноятга алоқаси борлигини рад қилган, бироқ 2012 йилда, яъни айнан жиноят содир этилган вақтда Обид қори яшаган Стромсунд шаҳрида бўлганини тан олган.
Ўзбекистон ҳукумати Швеция прокуратурасининг бу ишга шарҳ бериш илтимосини бир неча бор рад этган.
Обид Назаров бошидан ўқ ейиши ортидан омон қолган, бироқ мияси оғир жароҳат олганди.
Ўтмишда Ироқ ва Эрон ҳукуматлари Швециядаги қатор мухолифат арбобларини ўлдиришга буйруқ беришда айбланганлар, бироқ бу ишлар маҳкамагача етиб бормаган.
Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский шу йил август ойи охирида Россиядан Швецияга экстрадиция қилинганди.
Суиқасд уриниши 2012 йил 22 февраль куни Обидхон қори Назаров ўз уйи йўлагида пешин намозига кетаётган вақти амалга оширилган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












