"Ал-Қоида" раҳбари Завоҳирий янги Толибон раҳбарига байъат берган

Сурат манбаси, Reuters

Интернетда эълон қилинган аудио мурожаатида "Ал-Қоида" раҳбари Айман аз-Завоҳирий Толибоннинг янги раҳбари Мулло Ахтар Мансурга содиқликка қасамёд қилган.

Бу Айман аз-Завоҳирийнинг ўтган йил сентябридан буён эълон қилинган илк мурожаати бўлган.

Аудио мурожаат "Ал-Қоида"нинг матбуот бўлими деб кўриладиган "Ал-Саҳаб" тармоғи орқали тарқатилган.

Ўтган ой Толибон асосчиси Мулло Умарнинг икки йил олдин Покистонда хасталикдан вафот этгани ҳақидаги хабар тарқалди.

Толибон раҳбарияти бу хабарни тўғри деб эълон қилиб, Мулло Умарнинг сиёсий вориси сифатида Мулло Ахтар Мансур сайлангани ҳақида хабар тарқатди.

Аммо Толибон орасида ҳамма ҳам Мулло Мансурни ўз раҳбарлари сифатида кўришни истамасликлари, айрим раҳбарлар Мулло Умарнинг ўғли унинг ўрнини босишини хоҳлашлари маълум бўлди.

Мулло Умар Афғонистон ҳудудида паноҳ берган Ўзбекистон Исломий ҳаракати эса Мулло Умар билан 2001 йилдан буён мулоқот қила олмагани, унинг тирик ёки дунёдан ўтгани ҳақида ишончли маълумотга эга эмаслиги сабабидан уни бедарак кетган деб билишини эълон қилди.

Мулло Умар ўлими ҳақидаги хабарлар ортидан тарқатилган баёнотларида Ўзбекистон Исломий ҳаракати Толибон раҳбариятини ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳга қўшилишга чақирди.

Сўнгги баёнотида эса Ўзбекистон Исломий ҳаракати тугатилгани, энди улар ўзларини "Исломий Давлат"нинг Хуросон вилояти жангарилари деб билишлари ҳақида видео тарқатди.

Мулло Умар ўлими ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кейин "Ал-Қоида"нинг раҳбари Айман аз-Завоҳирийнинг ўзи тирикми, деган гап-сўзлар ҳам тарқалган.

Ўзининг аудио мурожаатида Завоҳирий Мулло Умар ўлими муносабати билан таъзия изҳор этган.

Мухбирларга кўра, "Ал-Қоида" ва Айман аз-Завоҳирий Мулло Умарни глобал жиҳодий ҳаракатнинг бўлажак раҳбари деб кўриб келган.

Ўтган йили эса Ироқ ва Сурияда исломий халифаликни қайта тиклаганини эълон қилган "Исломий Давлат" жангари гуруҳи пайдо бўлган ва бу гуруҳ ўзини дунё жиҳодчиларининг асосий гуруҳи деб билади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio