Афғонистон: ‘Исломий Давлат’га қарши янги ‘Ўлим’ гуруҳи

Сурат манбаси, aljazeera.com
“Ўлим” гуруҳи қўшни Афғонистонда “Исломий Давлат”га қарши курашда расман ўз ёрдамини таклиф қилган биринчи кўнгиллилар гуруҳи бўлади. Аммо, шунга қарамай, маҳаллий хавфсизлик идоралари бу каби хабарлардан хавотирда.
Хабарларга кўра, “Исломий Давлат” қаторида Афғонистонда жанг қилаётган барча қуролли гуруҳларга қарши курашмоқчи бўлаётган “Ўлим” гуруҳига шу йил бошида Афғонистоннинг жанубий Термиз шаҳрига бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятида асос солинган.
Маҳаллий масъулларнинг сўзларидан аён бўлишича, бошдан-оёқ Афғонистон давлат байроғи рангидаги уст-бошда бўлган “Ўлим” гуруҳи вакиллари яқинда Балх Вилоят кенгашида бўлиб, кенгаш аъзоларига ўзларини расман таништиришган ва уларни ўз мақсадларидан воқиф этишган.
Ушбу жараёнда ҳозир бўлган Балх Вилоят кенгаши аъзоси Шижоиддин Шижонинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, янги гуруҳ вакиллари, “Қуроллари бўлса, бўлмасин, “Исломий Давлат”га қарши ўлгунча курашишлари, уларнинг минтақада ўрнашиб олишларига изн бермасликлари, шу байроқ остида жон бериб, кафанлари ҳам ана шу байроқ бўлиши”ни баён қилишган.
Аммо, вилоят кенгаши аъзосига кўра, худди шу сўзларни баён қиларкан, “Ўлим” гуруҳи аъзолари ўз мақсадларини қай йўсин амалга оширмоқчи бўлишаётгани акс этган бирор бир режа ёки дастурларини тақдим этишмаган.
Балх Вилоят кенгаши аъзоси Шижоиддин Шижонинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, янги гуруҳга вилоятда ташкил топганига қарийб бир йилча бўлган “Балх жиҳодчи қўмондонлари шўроси” негизида асос солинган ва аъзолари ҳам Балх аҳлига яхши таниш, ўтмишда Афғонистондаги турли сиёсий фирқаларга мансуб, аммо ҳозирда вазифасиз бўлган собиқ мужоҳиддан қўмондонларидир.
Уларнинг орасида Афғонистондаги деярли барча миллат вакиллари, жумладан, ўзбекларни ҳам учратасиз. Аммо бу янги гуруҳ ортида бирор бир қудратли шахс турибди, деган фикрдан йироқман, дейди Балх Вилоят кенгашининг аъзоси.
Хабарларга кўра, “Ўлим” гуруҳига миллати ҳазора, 50 ёшлар атрофида ва ўз вақтида “Ҳаракати Ваҳдати Миллий” фирқасининг собиқ қўмондонларидан бўлган Ҳожи Муҳаммад Маҳдийёр бошчилик қилмоқда.
Аммо янги гуруҳ аъзоларининг сони борасида маҳаллий мулозимларнинг ўзлари ва турли оммавий-ахборот нашрларида келтирилаётган маълумотлар бир-биридан фарқ қилади.
Агар, шу пайтгача имконли бўлган рақамлар бир ерга жамланса, қўшни Афғонистондаги “Исломий Давлат”га қарши курашмоқчи бўлаётган янги “Ўлим” гуруҳи аъзолари сонини бир неча юздан бир неча мингтагача, деб тахмин этиш мумкин.
Айрим нуфузли халқаро ҳарбий нашрларда “Ўлим” гуруҳи Афғонистоннинг жаъми беш шимолий вилоятида ўз аъзоларига эга экани айтилса-да, Шижоиддин Шижо жаноблари бу каби хабарларни рад этади.
Унга кўра, гуруҳ аъзоларининг жўғрофий мансубликлари Балх вилоятидан ташқарига чиқмайди.
Хабарларда гуруҳ аъзоларини тайёргарликдан ўтказиш учун собиқ мужоҳиддин қўмондонлари ўз қуролли ва ўқ-дориларидан фойдаланаётгани ҳам айтилади.
Хавотирлар

Худди шу манзарада Балх вилояти полиция идораси бошлиғи Абдураззоқ Қодирийнинг Би-Би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, давлат назоратидан ташқарида бўлган бирор бир норасмий гуруҳнинг ўз ҳудудларида фаолият юритишига изн беришмайди.
Жаноб Қодирийга кўра, “Ўлим” номли гуруҳ ташкил этилгани ёки ўз фаолиятини бошлганидан шахсан ўзининг хабари йўқ, аммо агар шундай бир гуруҳ идораларига расман мурожаат қилса, бу хусусда зудлик билан мамлакат Ички ишлар вазирлигини огоҳ этишади.
Балх вилояти полиция идораси бошлиғининг таъкидлашича, бу каби гуруҳлар масаласида фақатгина Афғонистон Ички ишлар вазирлиги қарор беришга ҳақлидир.
“Агар, бунга ўхшаш гуруҳ ташкил этилган бўлса ёки ташкил этилса, биз буни қабул қилмаймиз. Бу – ҳамма учун таҳдид саналади”, - дейди Абдураззоқ Қодирий жаноблари.
Худди шу ўринда Шижоиддин Шижо жанобларининг таъкидлашича ҳам, вилоят кенгаши янги гуруҳнинг “Исломий Давлат”га қарши курашиш мақсадига ҳамоҳанглик кўрсатган бўлса-да, уларнинг фаолиятга киришиб, Афғонистонда яна қандайдир бир гуруҳ ёки фирқанинг ташкил топишига қарши.
“Балхда нотинчлик бўлиб, “Исломий Давлат” жангариларининг ҳозирлиги бўлсагина, биз уларнинг мақсадларига қўшиламиз. Ҳатто, шунда ҳам, биз ўзини “Ўлим” гуруҳи, деб атаётган ва ўтмишда қўлларига қурол олиб, жиҳод қилиб, урушиб келган бу одамларнинг мустақил шаклда фаолият олиб боришларига қаршимиз. Шоядки, улар бориб, давлат кучлари сафига қўшилишса”, - дейди суҳбатдошимиз.

Сурат манбаси, EPA
Шижоиддин Шижо жаноблари, худди шу ўринда, қўшни Покистон ёки Эрон Жосуслик Хизматлари янги гуруҳдан ўз манфаатлари йўлида фойланишлари мумкинлиги эҳтимолидан ҳам жиддий хавотир изҳор этади.
Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, янги гуруҳ аъзолари халқ вакиллари, деб билишгани учун ҳам, энг аввало ўзлари, яъни Балх Вилоят кенгашига мурожаат қилишган.
Аммо, ҳалича, маҳаллий мулозимлар ёки марказий афғон ҳукумати томонидан янги гуруҳни хуш қаршилаш мазмунидаги ошкора ёки расмий чиқишлар кузатилганича йўқ. Менимча, аксарият ҳозир гуруҳ ҳақида кўпроқ маълумот олиш истагида, дейди у.
Унинг сўзларидан аён бўлишича, “Ўлим” гуруҳи жорий пайтда ўз вақтида “Балх жиҳодчи қўмондонлари шўроси” учун олган Мозори Шариф шаҳридаги идорасидан қароргоҳлари сифатида фойдаланмоқда.
Янги гуруҳнинг мустақил шаклда бўладими ёки давлат кучлари билан ҳамкорликда, қачон фаолиятга киришиши маълум эмас.
Маҳаллий масъуллар шимолий Балх вилоятининг нисбатан тинч ва “Исломий Давлат” жангариларининг қадами деярли етмаганини назарда тутаркан, бунга ҳозир ҳатто ҳожат ҳам йўқлигини алоҳида таъкидлашади.
“Ўлим” гуруҳи раҳбари Ҳожи Муҳаммад Маҳдийёр эса, “ал-Жазира” халқаро телеширкатининг интернет нашри келтириб ўтган сўзларида, “Мамлакатимиз учун оёққа қалқишимизнинг пайти келди”, - деб баён қилган.
“Биз урушлар, бошини танасидан жуда этишлар, қотилликлар, худкушлик ҳужумлари ва хотин-қизларга қарши тазйиқларга етарлича гувоҳ бўлдик. Қачонгача жим турамиз?”, - деб айтган собиқ мужоҳиддин қўмондони.
Аммо

Сурат манбаси, .
Ўзбекистоннинг шундоқ биқинида “Исломий Давлат”га қарши курашишни мақсад қилган янги “Ўлим” гуруҳининг ташкил топганига оид хабар Яқин Шарқдаги бу қудратли гуруҳ қўшни Афғонистонга ҳар томондан сизиб киришга уринаётган бир манзарада ўртага чиқмоқда.
Устига устак, “Исломий Давлат” гуруҳи катта сондаги Ғарб қўшинлари афғон можаросига бирор бир ечим топмай, Афғонистонни тарк этган, президентлик сайлови билан боғлиқ ярим йиллик бўҳрон ва янги Вазирлар Маҳкамасини ташкил этишдаги кечкишлар сабаб, Афғонистонда турли қуролли гуруҳлар қайта фаоллашган бир манзарада минтақага ўз қадамини қўйишга ҳаракат қилмоқда.
Худди шу манзарада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг душанба кунги махсус йиғинида ҳам “Исломий Давлат” гуруҳининг Афғонистондаги ҳозирлиги юзасидан жиддий хавотирлар янграган.
Халқаро ташкилотнинг махсус вакили, агар, “Исломий Давлат” Афғонистондаги жангариларини бир сафга жамлайдиган бўлса, воқеалар хавотирли тус олиши эҳтимолидан ҳам ташвиш билдирган.
Николас Ҳейсом жаноблари “Исломий Давлат” Афғонистонда ёллаётган жангариларининг собиқ толиблар эканини айтаркан, уларнинг аниқ сонига оид рақамларни келтирмаган. Аммо уларнинг пул эвазига ушбу гуруҳ сафларига киришаётганини билдирган.

Сурат манбаси, AP
Худди шу йиғинда чиқиш қилган Россиянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги элчиси муовини ҳам Афғонистонда террорчилик хавфи ортиб, “Исломий Давлат”нинг фаолият ҳудуди кенгайиб бораётганидан жиддий ташвиш изҳор этган.
Владимир Сафронков, бу билан кифояланмай, “Исломий Давлат”нинг Афғонистонда фаоллашишига йўл қўймаслик учун Хавфсизлик Кенгашини лозим чораларни кўришга ҳам ундаган.
Элчи муовини мамлакати Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатлари билан бевосита туташ шимолида вазиятнинг ёмонлашиб бораётганига оид хабарлар кунда-шундалик тус олганидан ҳам ташвишда эканини билдирган.
Жаноб Сафронковга кўра, Афғонистоннинг яқин-яқингача нисбатан тинч шимолида экстремистлар ҳозир ташвиқу тарғиботга зўр беришган, янги жангарилар ёллаш ва ўз жамлоқларини ташкил қилиш ҳаракатида.
Унинг таъкидлашича, Афғонистоннинг жангарилар ва экстремистлар учун қайта хавфсиз жаннатга айланишига умуман йўл қўйиб бўлмайди.
Хавфсизлик Кенгашининг айни шу хавотирлар янграган йиғинида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги миссиясини яна бир йилга узайтиришга қарор қилинган.
Душанба кунги махсус йиғин эса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Исломий Давлат" Афғонистонга сизиб киришга муваффақ бўлган ўтган тўрт ярим ойлик фаолияти муҳокамасига бағишланган эди.
Бу каби чиқишларга расман муносабат билдираркан, Афғонистон президенти идораси ҳам “Исломий Давлат” жангарилари мамлакатнинг қатор минтақаларида фаол эканликларини тасдиқлаган, аммо, гуруҳ янги аъзоларининг сони ҳақида бирор бир маълумот бермаган.
Афғонистон президенти воизининг Би-би-сига расман билдиришича, шу орада мамлакатда “Исломий Давлат”нинг икки лидери ўлдирилган ва гуруҳни мавҳ этиш учун махсус чораларга ҳам қўл уришмоқчи. “Исломий Давлат”га қарши ўз курашларини давом этдиришмоқчи.
Афғонистон ва "Исломий Давлат"

Сурат манбаси,
Шу йил бошида “Исломий Давлат” гуруҳи Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига ҳам асос солган, унинг Афғонистонда ҳам фаолият олиб боражагини баён қилганди.
Гуруҳ аллақачон ҳам Покистон ва ҳам Афғонистонда маҳаллий собиқ толиблар ҳисобидан юзлаб янги жангарилар ёллашга улгурган.
Афғонистоннинг шимолий-шарқий Қундуз, шарқий Лўгар ва жанубий Ҳелманд вилоятларида аллақачон қарши ҳужумга ҳам ўтган. Ғарбий Фароҳ вилоятида ҳам ўнлаб янги жангарилар ёллаётганига оид хабарлар бор.
Мамлакат хавфсизлик масъуллари ўтган душанба куни ўнлаб ҳазора миллатига мансуб афғонларни олиб қочган жанубий Зобул вилоятилик номаълум қуролли шахслар ҳам “Исломий Давлат” жангарилари, деган ишончда.
Афғонистонда вужудга келаётган бу каби вазият президент Ашраф Ғанининг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.
Афғон раҳбари яқинда Олмонияда глобал хавфсизлик масаласига бағишланган йирик анжуман чоғида қилган чиқишида халқаро ҳамжамиятни “Исломий Давлат” ўзларига солаётган таҳдиддан огоҳлантирганди.
Президент Ғанининг айтишича, жорий пайтда дунёдаги энг қудратлиси бўлган бу гуруҳнинг фаолияти ўз мамлакатида жадаллик билан уюшиш, мўлжал олиш, қарор бериш ва ҳужум қилиш даражасига етиб бормоқда.
Минтақадан олинаётган сўнгги хабарларга таянилса, яқинда илк ёлловчиси ва лидерининг америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилганига қарамай, президент Ашраф Ғани иқтидорга келган ўтган беш ой ичида Яқин Шарқдаги бу гуруҳ Афғонистоннинг турли бурчакларида янги жангарилар ёллаш, уларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш, ўз база ва истеҳкомларини ташкил этишга муваффақ бўлмоқда.

Сурат манбаси,
Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчиларга кўра эса, Афғонистонда “Исломий Давлат” гуруҳи тарафдорларининг сони секинлик билан бўлса-да, аммо изчиллик билан ортиб бормоқда.
Воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида хорижий қўшинларнинг оммавий сафарбарлиги “Исломий Давлат”нинг минтақага чуқурроқ кириб боришига замин яратиши, қўшни Афғонистоннинг иккинчи Ироққа айланишига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.
Жумладан, Ўзбекистон ва Россия президентлари сўнгги пайтларда бу хусусдаги хавотирларини бир эмас, бир неча бор ошкора баён этишгача боришган.
Куни-кеча Афғонистон масаласида якуний сўзни айтиш қудратида бўлган Америка Қўшма Штатларининг янги Мудофаа вазири ҳам Кобулга сафари чоғида илк бор, “кичик сонда бўлса-да, Ўзбекистонга бевосита қўшни бу давлатда “Исломий Давлат” жангарилари” борлигини расман ва ошкора эътироф этганди.
Худди шу манзарада “Ўлим” гуруҳи - “Исломий Давлат” қаторида Афғонистондаги Толибон дохил қолган қуролли гуруҳларга қарши жони борича кураш мақсади билан чиққан Афғонистондаги биринчи кўнгиллилар гуруҳи бўлади.
Ўтган ой бошида Афғонистондаги қудратли мужоҳиддин қўмондонларидан бири, “Даъвати Исломий” фирқасининг раҳбари Абдул Раб Рауф Сайёф ҳам “Исломий Давлат”га кескин қаршилик кўрсатишга ваъда берган, бу хусусдаги ягона мавқеълари қандай бўлишини тез орада маълум қилишларини баён қилганди.
Ҳам халқаро ва ҳам минтақавий таҳлилчиларга кўра, “Исломий Давлат” хавфи шундоқ ҳам беқарорликлар қайта кучайиб бораётган Афғонистонни қийин аҳволда қолдиради.
Шу кунларда Афғонистонга бевосита қўшни Покистон ҳукумати мулозимлари ҳам “Исломий Давлат” минтақага солаётган таҳдиддан жиддий хавотир билдириб чиқишганди.
Афғонистон раҳбари Ашраф Ғанининг огоҳлантиришича эса, агар, халқаро ҳамжамият минтақада вужудга келаётган ҳозирги вазиятга кўз юмадиган бўлса, бунинг оқибатлари ёмон бўлади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












