Таҳлил: ‘Боко Ҳарам’ - ‘Исломий Давлат’ иттифоқи нимани англатади?

Сурат манбаси, REUTERS
Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Африка қитъасидаги энг жангари бу исломий гуруҳнинг қарори ўзи қолиб, энг аввало “Исломий Давлат”га қўл келади.
Уларга кўра, жорий пайтда ҳар томондан босим остида қолган “Исломий Давлат” “Боко Ҳарам”нинг қарори билан ўзининг янада глобаллашиб, бугун қадами Шимолий Африкадан ташқарига етганини ҳам даъво қила олади.
“Тўғри, “Боко Ҳарам”нинг “Исломий Давлат”га ўз садоқатини расман баён қилиши ҳозир амалийдан кўра, кўпроқ рамзий маъно ташийди. Бошқа томондан, бу - сўнгги ойларда Ғарб бошчилигидаги ҳарбий иттифоқнинг шиддатли ҳаво ҳужумлари остида қолган “Исломий Давлат” учун фойдадан холи бўлмайди. Гуруҳ анчайин қийин аҳволда қолганига қарамай, биринчи марта қадами Ғарбий Африкага етиб, фаолияти глобаллашиб бораётганини иддао эта олади”, - дейди Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерс.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, "Боко Ҳарам" раҳбариники, деб ишонилган баёнот Нигерия ҳукумати бошчилигидаги уч қўшни давлат Канада ҳарбийларининг кўмаги билан гуруҳга қарши йирик ҳарбий амалиёт бошлаган бир паллага тўғри келмоқда.
"Боко Ҳарам" қандай гуруҳ?
Аҳолисининг сони бўйича Африканинг энг йирик мамлакати Нигерияда "Боко Ҳарам" қуролли гуруҳи ҳукуматни ағдариб, Исломий давлат қуришни ўзига мақсад қилган.
Суиқасд ва бомба ҳужумлари билан Нигерияда нотинчлик уйғотиб келган ушбу гуруҳ яқин пайтлардан бери одам ўғирлаш йўлига ўтган.
Унинг тарафдорлари Қуръони Каримнинг "Моида" сураси 44-оятидан илҳомланишлари ҳам айтилади.
"Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган Дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир", деб келтиради улар.
"Боко Ҳарам" Ғарбга боғлиқ ҳар қандай сиёсий ёки ижтимоий фаолиятни мусулмонларга "ҳаром" деб билади.
Ман этилган фаолиятлар жумласига сайловларда овоз бериш ва дунёвий таълим олиш киради.
Би-би-си Ҳауса хизмати муҳаррири Мансур Лиман таҳлили: "Боко Ҳарам" Нигерияда Шариат қонунларини таъсис этишни истайди. Ушбу эктремист гуруҳ ўз мақсадига куч билан эришишига ишонади. Улар Нигерия ҳукуматига қарши қуролли кураш йўлини танлашган. Улар, шунингдек, Нигерия халқига қарши ҳам уруш очганлар. Чунки "Боко Ҳарам" Нигерия аҳолисини ҳукумат билан бир сафда деб билади. Ҳауса тилидан таржима қилинганда "Боко Ҳарам" - "Ғарб маорифи ҳаромдир", деган маънони билдиради. Шунинг учун ҳам, гуруҳ Нигерияда кўплаб мактабларни вайрон қилган, катта сондаги ўқувчиларни ўлдирган. Яқинда 200 дан ортиқ ўқувчи қизларни якуний имтиҳонларга тайёргарлик кўраётган пайтларида мактабдан ўғирлаб кетган".

Сурат манбаси, AFP
Ўтган бир неча ойнинг ўзида Ироқ ва Суриядаги каттагина ҳудудларни босиб олиб, ўз исломий халифалигига асос солган “Исломий Давлат” эса, жорий пайтда барча жангари гуруҳлар орасидан “энг бойи” ва қудратлиси сифатида эътироф этилмоқда.
Ҳозир бу мутаассиб жиҳодий гуруҳ аъзоларининг сони 30 мингдан ортиши ва улар сафларида дунёнинг деярли ҳар бурчагидан жанг қилиш учун келаётган инсонларнинг борликлари айтилади.
Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, мақсади - Нигерияда исломий давлат барпо этиш бўлган “Боко Ҳарам” ҳозир ҳар томонлама дунёдаги энг қудратли жангари гуруҳ сифатида эътироф этилувчи “Исломий Давлат”га байъат келтирган биринчи исёнчи гуруҳ эмас.
Яъни...
Бундан аввал Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва Марказий Осиёдаги қатор жангари гуруҳлар ҳам “Исломий Давлат”га ўз садоқатларини ошкора ва расман баён қилиб улгуришган.
Бу каби гуруҳлар орасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам бор.
Бундай баёнот билан ўтган йил охирларида ҳаракат раҳбари Мужоҳид Усмон Ғозий чиққан ва “барча ҳаракат аъзолари номидан ўзларининг Исломий Халифат билан бир сафда экани”ни эълон қилганди.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари бунинг сабабини, “Ислом ва куфр ўртасида давом этиб келаётган бу мужодалада ўзларининг иймоний мажбуриятлари экани” билан изоҳлаганди.
Уларнинг бу каби қарори ортидан, минтақадаги энг яқин иттифоқчилари саналган Покистон ва Афғонистон Толибон ҳаракатининг қатор юқори мартабали қўмондонлари ҳам ўз амирул мўмининлари Мулла Муҳаммад Умардан воз кечиб, “Исломий Давлат” гуруҳи раҳбари ва исломий халифати халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтиришганди.

Сурат манбаси,
Эслатиб ўтиш жоиз, буларнинг барчаси ортидан, “Исломий Давлат” Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига ҳам асос солган ва ҳали ўшандаёқ халифалиги биргина Яқин Шарқ сарҳадлари билан чегараланмаслигига ишора қилганди.
Худди шу ўринда, “Исломий Давлат” гуруҳи ва халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтириб бўлган ва келтираётган жангари гуруҳлардан аксариятининг асосий мақсади эса, ўз давлатларида исломий давлат қуриш бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
“Исломий Давлат” гуруҳи эса, глобал миқёсда ўзини Ислом динининг асосий ҳимоячиси сифатида тақдим этишга уриниб келади ва халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, “Боко Ҳарам”нинг сўнгги қарори улар тарғиботининг яна бир муваффақиятига далолат қилади.
Чунки “Исломий Давлат”нинг жорий пайтда Шимолий Африка ва Араб ярим оролидаги бошқа жангари гуруҳлар билан ҳам алоқага эга экани ишонилади.
Чунки ўтган йил ноябр ойида Миср, Ливия, Жазоир, Яман ва Саудия Арабистонидаги қатор жиҳодчилар ҳам Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтиришган.
Аммо, халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, “Исломий Давлат” гуруҳи, ҳозирча, улар билан ўз жангари фаолиятини тўлиқ мувофиқлаштиришга улгурганича йўқ.
“Боко Ҳарам”

Сурат манбаси, AFP
Халқаро таҳлилчиларнинг айтишларича, Африка қитъасидаги йирик исёнчи гуруҳлардан биттаси экани назарда тутилса, “Боко Ҳарам”нинг сўнгги баёноти муҳим аҳамият касб этади.
“Боко Ҳарам” катта ва жуда жангари гуруҳ эканига қарамай, ўзининг ўзак ташкилотидан фарқли тарзда, шу пайтгача глобал миқёсда фаолият олиб боришга қизиқиш билдирмай келаётганди. Шу боис ҳам, “Боко Ҳарам”нинг “Исломий Давлат”га байъат келтириш қарори гуруҳнинг бундан буёғига фақат Нигерия шимоли билан чекланиб қолиш нияти йўқлиги, глобал жиҳод жабҳасига қўшилиш ниятида эканига далолат қилади”, - дейди, жумладан, таҳлилчи Пол Рожерс.
Аммо, таъкидлаш жоиз, гуруҳ раҳбари номидан экани ишонилган ва ўтган шанба куни “Твиттер”да эълон қилинган баёнотнинг асл ёки йўқ экани, ҳозирча, тўлиқ ўз тасдиғини топмаган.
“Боко Ҳарам” Нигерия шимолида исломий халифат ўрнатиш ғояси билан 2009 йилда ўртага чиққан.
Гуруҳ 2002 йилда асос солинган “Жамаату аҳли Сунна Лиддаавати вал-Жиҳод” ташкилоти негизида пайдо бўлган.
"Боко Ҳарам"нинг асосий даромад манбаси эса, товон пули, ўғрилик ва товламачилик орқасидан келади.
Гуруҳни яна Нигериядаги бойвачча ҳомийлари ҳам пул билан таъминлаб туришади.
"Боко Ҳарам"ни гиёҳванд моддалар контрабандаси билан боғловчи хабарлар ҳам йўқ эмас.
"Боко Ҳарам" раҳбари
Абубакир Шекау олти йилдан буён Нигерия шимоли-шарқида ўз қонли ҳужумларини уюштириб келаётган ушбу жиҳодий гуруҳ раҳбаридир.
У Нигерия ҳукумати томонидан қидирувга берилган, исми АҚШ томонидан "террорчилар" рўйхатига ҳам киритилган.
Нигериялик эксперт Абдуллаҳи Тасиу Абабакир фикрича, "Боко Ҳарам" раҳбари қўрқмас сўққабош, мураккаб ва мантиққа мос келмайдиган, бир томондан чаласавод диний ваъзгўй, бошқа томондан, қароқчи шахс. У раҳбарликка эришгач, "Боко Ҳарам" янада радикаллашиб, қонли қирғинларни амалга оширган.
Тарафдорлари томонидан имом деб қаралган Абубакар Муҳаммад Шекау Нигериянинг Йобе шимолий-шарқий вилоятида Шекау қишлоғида туғилган.
Баъзилар унинг ёши ўттизда, бошқалари қирқдан ошган деб айтишади.
Шекау ҳақида аниқ маълумотларнинг йўқлиги ҳам унинг мавҳумлигига уйдирма афсоналарни қўшиб туради.
АҚШ ҳукумати унинг қаерда эканлиги борасида маълумот берган шахсга 7 миллион доллар мукофот пули ваъда қилган.

Сурат манбаси, AFP
Бугунги кунда “Боко Ҳарам” аъзоларининг сони бир неча юздан 10.000 тагача экани тахмин этилади.
Гуруҳнинг ўшандан буён олиб бораётган ҳарбий амалиётлари аллақачон Нигериянинг ҳудудий яхлитлигига раҳна солган ва инсоний бўҳронга ҳам сабаб бўлган.
“Боко Ҳарам” сабаб, юзага келган қуролли низолар, ҳозирга келиб, Нигерия сарҳадлари қолиб, унга қўшни давлатларга ҳам ёйилган.
Гуруҳ шу пайтгача минглаб одамларнинг умрларига зомин бўлган, ўқувчи қизлар дохил юзлаб инсонларни олиб қочишга ҳам улгурган.
Нигерияга қўшни давлатларга ҳам ҳужум қилишнинг уддасидан чиққан.
“Боко Ҳарам” орада Нигерия шимоли-шарқидаги қатор шаҳарларни босиб олиш ва у ерларда ўз исломий халифатига асос солишга муваффақ бўлган.
2013 йилда эса, гуруҳ АҚШ томонидан "террорчи ташкилот", деб эълон қилинган.
“Исломий Давлат”нинг жозибаси

Сурат манбаси, AP
Худди шу манзарада ҳам халқаро ва ҳам минтақавий таҳлилчилар жиҳодчи гуруҳларнинг бу каби устма-уст баёнотлари сабабини энг аввало “Исломий Давлат” гуруҳи сўнгги йилларда эришаётган ютуқлар билан боғлашади.
Уларга кўра, жорий пайтда “Исломий Давлат” Яқин Шарқда эришаётган муваффақиятлар, аллақачон қўл остида бўлган жуда катта ҳудуд, глобал исломий халифат қуриш ғояси ва эга бўлган улкан молиявий ресурслари қолган жиҳодчиларни ўзига жалб этувчи энг муҳим омиллар бўлиб хизмат қолмоқда.
Бошқа томондан, таҳлилчиларга кўра, АҚШ бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ томонидан “Исломий Давлат”га қарши очилган уруш ҳам дунёнинг турли бурчагидаги исломий жангари гуруҳлар эътиборини ўзига жалб этмай қолмаган.
Яъни, уларнинг таъкидлашларича, ҳозир бу каби гуруҳлар глобал исломий давлат қуриш ва Ғарбга қарама-қарши туриш мафкураси атрофида бирлашишмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, худди шу сабабдан ҳам, жиҳодчилар ўз олдларига ана шу жабҳага қўшилиб, Ғарбга қарши курашиш каби вазифани қўяётган бўлишлари мумкин.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, бундан кейин ҳам бутун дунёдан жиҳодчиларнинг Ироққа йиғилиш тенденцияси борган сари кучайиб боради ва яқин йиллар ичида асосий жиҳод жабҳаси ҳам ана шу Ироқ бўлади.
Америкалик юқори мартабали ҳарбий мулозимлар эса, яқинда “шу пайтгача Исломий Давлат” каби “мукаммал ва яхши молияланган гуруҳга гувоҳ бўлмаганликлари”ни эътироф этишганди.
Худди шу манзарада таъкидлаш жоиз, “Боко Ҳарам” ҳам Нигерия шимолида ғарбона ҳаёт тарзига буткул чек қўйиб, буткул шариатни жорий этишни мақсад қилган.
“Ал-Қоида”га нима бўлади?

Сурат манбаси, AFP
Эслатиб ўтиш жоиз, “Боко Ҳарам” шу пайтгача глобал исломий давлат барпо қуриш истагида бўлган “ал-Қоида” тармоғига алоқадорликда гумон этиб келинган.
Бошқа томондан, ҳозиргача “Исломий Давлат”га ўз садоқатларини баён этиб улгурган энг йирик исломий жангари гуруҳларнинг аксарияти яқин-яқингача “ал-Қоида” тармоғининг яқин иттифоқчилари ҳам саналишган.
Эслатиб ўтиш жоиз, “Исломий Давлат” гуруҳининг ўзи ҳам 2000 йиллар бошларида айнан “ал-Қоида”нинг Ироқдаги бир тармоғи сифатида пайдо бўлган.
Таҳлилчилар эса, “Ал-Қоида” тармоғи ҳамон дунёдаги жиҳодий гуруҳлар орасида ўзини йўлбошловчи санаши боис, ўрнимни эгаллайди, деган хавотирда “Исломий Давлат”га жуда шубҳа билан қарайди.
Унинг гуллаб-яшнаши йўлида ҳар қандай қўлловдан ўзини тийишини таъкидлайди.
Устига устак, таҳлилчилар глобал жиҳод даъвосидаги бу икки гуруҳ орасида қатор масалалар юзасидан жиддийгина келишмовчиликлар борлигига диққат қаратишади.
Уларга кўра, "ал-Қоида" "Исломий Давлат"нинг миллий ва диний озчиликларга ҳам қаратилган шафқатсиз жанг олиб бориш услубидан тортиб, халифликка танлаган номзодигача ёқламайди.
Аммо, шунга қарамай, “ал-Қоида” шу пайтгача яқин иттифоқчиларидан бирортасининг “Исломий Давлат”га байъат келтириш қарорига бирор бир расмий ва ошкора муносабат билдирмаган.

Эслатиб ўтиш жоиз, орада тармоқ раҳбарининг Сурия ва Ироқда жанг қилаётган барча жангари гуруҳларга мурожаат билан чиқиб, уларни бирлашишга даъват қилгани ҳам бор гап.
Ҳалқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, қатъий тармоқ сафида эканини расман баён қилмаган бўлса ҳам, “Боко Ҳарам”нинг сўнгги қарори “ал-Қоида” тармоғини анчайин қийин аҳволда қолдиради.
Таҳлилчилар, худди шу ўринда, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистонда олиб борган 14 йиллик ҳарбий амалиётлари ва америкаликларнинг дрон ҳужумлари сабаб, шундоқ ҳам “ал-Қоида” тармоғининг аввалги туришидан асар ҳам қолмаганига диққат қаратишади. Тармоқнинг ҳозирги раҳбарияти ҳам, йилларки, яширинча фаолият олиб боришга мажбур.
Устига устак, тармоқнинг Араб ярим оролидаги мавқеълари ҳам АҚШ кучлари томонидан ҳужумга тутиб келинади.
Таҳлилчилар, ҳозирга келиб, “ал-Қоида”нинг ғоя ўлароқ тирик экани, аммо бугун фаолиятда бўлган аксарият исломий жангари гуруҳларнинг ҳам “Исломий Давлат”ни афзал билишаётгани – тармоқ ғоясининг ижросида ҳам Яқин Шарқдаги бу гуруҳ устунлик қилаётганига далолат қилишини таъкидлашади.
“Ал-Қоида” ҳозир ўзига бошқа бир гуруҳлар байъат келтиришаётганини айтиб, баёнотлар ёки турли иддаолар билан чиқиши мумкин. Аммо, амалда, “ал-Қоида” яхлит бир тармоқ сифатида парокандаликка юз тутмоқда ва ўзига содиқ гуруҳларнинг “Исломий Давлат” сафларига ўтиб кетишаётгани қаршисида қўлидан кўп иш келмайди, менимча”, - дейди Лондондан халқаро ҳарбий таҳлилчи Пол Рожерс.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












