'Исломий Давлат' энди қўшни 'Афғонистонга кирмоқчи'

Сурат манбаси, BBC World Service
Шу кунларда бунинг илк яққол далили пайдо бўлган:
Афғонистоннинг энг беқарор жанубий Ҳелманд вилоятида собиқ Толибон қўмондони ўзининг "Исломий Давлат"га содиқлигини эълон қилган.
Мулла Абдул Рауф ўз жангарилари билан аллақачон "Исломий Давлат" байроғи остида Толибонга қарши жанг ҳам олиб борган.
Бу ҳақда вилоятнинг Сангин тумани оқсоқоли Сайидуддин Сангинвол Би-би-сига айтиб берган.
Оқсоқолнинг сўзларидан аён бўлишича, икки гуруҳ орасида кечган жангда камида 20 нафар жангари ўлиб, яраланган.
Афғонистон жанубида янги гуруҳ пайдо бўлганини мамлакат ҳарбийлари ҳам тасдиқлашган.
Жумладан, генерал Маҳмуднинг айтишича, ўтган бир неча куни ичида бунга оид хабарларни ўзлари ҳам олишган.
Унга кўра, янги гуруҳ "Исломий Давлат"га янги жангарилар ёллаш ҳаракатида ва "жангга ҳозирлик кўрмоқда".
Аён бўлишича, Мулла Абдул Рауф 2001 йилда Афғонистонда бошланган ҳарбий амалиётлар чоғида АҚШ кучлари томонидан ҳибсга олинган.
Бунинг ортидан, умрининг олти йилини Американинг Кубадаги "Гуантанамо" ҳарбий базасида тутқунликда ўтказган.
Хабарларга кўра, Мулла Абдул Рауф Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар билан уришиб қолган.
Унинг Нимрўз вилояти ҳокими Амир Муҳаммаднинг узоқ қариндоши экани ҳам айтилади.
Гуантанамога олиб кетилмасидан аввал эса, битта оёғини йўқотган бўлган.
"Ҳаммаси ўша-ўша"
Ҳоким жанобларининг айтишича, "Исломий Давлат" гуруҳи бундан аввал жанубий-ғарбий Фароҳ вилоятидан ҳам ўзига тарафдорлар орттиришга уриниб кўрган.
Аммо бунга муваффақ бўлмаган: маҳаллий аҳоли полициянинг кўмаги билан уларни вилоятдан қувиб чиқарган.
"Бу одамлар вақтида "ал-Қоида", кейин Толибон ва энди эса, "Исломий Давлат" номи остида жанг қилишмоқда. Ўша-ўша мақсаддаги ўша-ўша кишилар", - дейди ҳоким.

Сурат манбаси, BBC World Service
Худди шу манзарада Толибон ҳаракатининг ичдан зил кетаётганининг бошқа нишоналари ҳам пайдо бўлган.
Ҳаракатнинг собиқ воизи янги видеомурожаат билан чиққан:
Ҳудудда "Исломий Давлат"нинг бир қанча қўмондонлари фаолият олиб боришаётганини айтган.
Покистон Толибон ҳаракати ҳозирда гуруҳ билан иттифоқчиликка киришганини иддао қилган.
Собиқ воиз даъволарини мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.
Аммо у акс этган видеолавҳада бутун Афғонистон бўйлаб ўзларининг "Исломий Давлат"га содиқликларини баён қилган бир қанча қўмондонларни кўриш мумкин бўлган.

Сурат манбаси, BBC World Service
Унда янграган иддаолардан аён бўлишича, бу қўмондонлар Мулла Муҳаммад Умардан воз кечиб, "Исломий Давлат" гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтиришган.
Бу эса, узоқ йиллар бадалида илк бор Толибон ҳаракати раҳбариятининг қудратига жиддий таҳдид солиши мумкин бўлган воқеъликдир.
Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар эса, 2001 йилдан буён ўзининг қорасини кўрсатмай келади.
Аммо, лекин, бироқ...
Аммо халқаро иттифоқ қўшинлари Афғонистонда ўз жанговар амалиётларини якунлашганига қарамай, унинг жангарилари ҳамон бутун Афғонистон бўйлаб ўз ҳужумларини давом эттиришмоқда.
Катта сонда талофатларга учраётганига қарамай, ҳозирча, Афғонистон хавфсизлик кучлари назоратни қўлдан бой бериб қўйишганича йўқ.
Ўтган йилги оммавий сафарбарлик ортидан, катта сондаги хорижий қўшинлар жанубий Ҳелманд вилоятини ҳам тарк этиб бўлишган.
Афғонистонлик ҳарбийларнинг айтишларича, қиш қуруқ ва илиқ келгани боис, бу йилги жанг мавсуми узоққа чўзилган.
Уларга кўра, агар, "Исломий Давлат" Афғонистонга сизиб киришга муваффақ бўлса, кечаётган урушларнинг табиати ҳам ўзгаради.
"Хуросон" ҳам жим ўтиргани йўқ

Сурат манбаси, BBC World Service
Айрим хабарларга кўра, Яқин Шарқда жанг олиб бораётган бу гуруҳ ҳам Афғонистоннинг Вардак вилоятидан янги жангарилар ёллаш ҳаракатида.
Қадимда Афғонистоннинг ўзи ҳам Хуросон, деб юритилган.
Баъзи бир мусулмонлар эса, Қиёмат қўпишидан олдин Хуросон ўзра қора байроқлар ҳилпирайди, деган ақидага ҳам ишонишади.
"Хуросон" гуруҳи ҳақида илк бор ўтган йил сентябр ойида хабарлар ўртага чиққанди.
АҚШ ҳарбийлари гуруҳнинг Ҳалаб шаҳри яқинидаги базасини ҳаводан ҳужумга тутишгани ҳақида айтишганди.
"Хуросон" ҳам сўнгги йилларда Ироқ ва Сурияда жанг олиб бораётган "Исломий Давлат"га содиқлигини эълон қилган.
Афғонистондан янги жангарилар ёллаш масаласида ҳам икковлоннинг баҳамижиҳат иш олиб боришаётгани ёки йўқлиги, ҳозирча, номаълум.
Аммо буларнинг барчаси афғон можароси ўзининг янги ва беқарор босқичига кириб бораётганини англатади.
Сўнгги ойларда бутун Афғонистон бўйлаб бевосита оддий фуқароларни нишонга олган худкушлик ҳужумларининг сони ортган.
Ўтмишда Толибон бу каби ҳужумларга деярли қўл урмаган.

Сурат манбаси, BBC World Service
Агар, Мулла Муҳаммад Умарнинг қудрати заифлашиб, "Исломий Давлат" қўшни Афғонистонга сизиб кирган бўлса, президент Ашраф Ғани ҳукумати жуда мушкул муаммо қаршисида қолади.
Устига устак, Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати иқтидорга келганидан тўрт ойча ўтиб, фақат куни-кечагина ўзининг янги аъзолари номини эълон қилган.
"Исломий Давлат"
Ўтган бир неча ойнинг ўзида Ироқ ва Суриядаги каттагина ҳудудларни босиб олиб, ўз исломий халифалигини эълон қилган “Исломий Давлат” эса, жорий пайтда барча жангари гуруҳлар орасидан “энг бойи” ва қудратлиси сифатида эътироф этилмоқда.
Жорий пайтда бу мутаассиб жиҳодий гуруҳ аъзоларининг сони 30 мингдан ортиши ва улар сафларида дунёнинг деярли ҳар бурчагидан жанг қилиш учун келаётган инсонларнинг борликлари айтилади.
Маҳаллий фаолларга кўра, "Исломий Давлат" ўтган ярим йил ичида биргина Суриянинг ўзида икки мингга яқин кишини отиб ташлаган, бошини танасидан жудо қилган ва тошбўрон қилиб ўлдирган.
Диний ва миллий озчиликларга қарши шафқатсиз қатағонларга қўл урган.

Сурат манбаси, AFP
Айрим таҳлилчиларга кўра, бундан кейин ҳам бутун дунёдан жиҳодчиларнинг Ироққа йиғилиш тенденцияси борган сари кучайиб боради ва яқин йиллар ичида асосий кураш нуқтаси ҳам ана шу Ироқ бўлади.
Уларнинг айтишларича, “Исломий Давлат” эълон қилган жиҳод, гуруҳнинг глобал Исломий халифат барпо этиш ғояси, Ғарбга қарши мавқеи ва бу йўлда эришаётган ютуқлари радикал қарашдаги инсонларни ўзига жалб этишда давом этади.
Айрим минтақа давлатлари эса, худди шу манзарада аллақачон ўз фуқароларининг “Исломий Давлат” назорати остидаги ҳудудларга сафар қилишларининг олдини олиш йўлида қатор чора-тадбирларга ҳам қўл ура бошлашган.
Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бутун МДҲ давлатлари орасидан биринчилардан бўлиб “Исломий Давлат”ни дастаклашини ошкора баён этган жангари гуруҳлардан бири бўлади.
Бошқа томондан, айрим таҳлилчиларга кўра, агар, минтақадаги бошқа исёнчи гуруҳлар ва қўмондонлар ҳам "Исломий Давлат” гуруҳини танлайдиган бўлишса, бу – Ўзбекистоннинг шундоққина биқинидаги Афғонистон ва Покистонга энг аввало шафқатсиз жанг усулларининг кириб келишига замин яратади.
Яқинда Россия ва Ўзбекистон олиймақом музокаралари якунида Президент Путин билан матбуот брифингида гапирган Президент Каримов "Исломий Давлат" гуруҳи аллақачон Афғонистонга сизиб кираётгани ва мавжуд вазият тегишли чоралар кўришни тақазо этишини баён қилганди.
Сўнгги ойларда жаноб Каримов Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги ортидан, қўшни Афғонистондаги вазият Ироқдагиси каби тус олиб кетишидан ошкора хавотир билдира бошлаган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












