“Исломий давлат”нинг жинсий қуллари

Жинсий қулликдаги язидийлар
Сурат тагсўзи, Жинсий қулликдаги язидийлар
    • Author, Пол Вуд
    • Role, Би-би-си, Шимолий Ироқ

Ироқдаги язидийларга кўра, “Исломий давлат”жангарилари ҳамон уларнинг уч ярим минг хотин-қизларини қул қилиб ушлаб туришибди.

Аксарият хотин-қизлар жинсий қулликка мажбурланмоқдалар.

Жангарилар чангалидан қутулган бир неча аёл ўзларининг даҳшатли тақдирларидан ҳикоя қилишган.

Август ойи кунларидан бирида Ҳаннан ўз яқинларининг шоша-пиша кўч-кўронларини йиғиштираётганига гувоҳ бўлади.

У ўзларини “Исломий давлат” деб атайдиган жангарилар бу қадар яқинлашиб қолишганига ишонгиси келмас эди.

Кўчада тумонат одам...Синжардан язидийлар дод-фарёд солиб қочишар эди.

Тепадан ўқлар учаётган эди.

У менга бошидан ўтганларини гапириб берар экан, бармоқларини асабий қисирлатиб ўтирарди.

"Ҳаннан” унинг асл исми эмас.

Мен собиқ тутқунларнинг бирор нафарини ўз номи билан атай олмайман.

Ҳаннан энди 18 кирди ва бир куни ҳамшира бўлишни орзу қилади.

Ҳаннаннинг айтишича, Синжардан чиқадиган йўлни жангарилар тўсиб қўйишган.

Синжарга қайтишгач, хотин-қизлар бошқалардан ажратилган.

"Улар йигирма нафарча эди. Соқоллари узун ва қўлларида қуроллари билан...Улар бизга Мосулга боришимизни айтишди. Калтаклашди ва мажбурлаб машиналарига миндиришди”, деб хотирлайди Ҳаннан.

Орадан вақт ўтиб уларни бир тўйхонага жойлаштиришди.

Бу 200 нафарча хотин-қизлар йиғилган қул бозори эди.

ИД жангарилари келишиб ўзларига ёққан қизларни танлаб олишарди.

"Биз уларнинг кўзига қарашга ботинолмасдик. Қўрқар эдик. Бир қиз қайтиб келиб, қандай қилиб жинсий қулликка қолгани ҳақида гапириб берди. Шундан кейин ИД жангарилари ҳеч қайси қизни қайтаришмайдиган бўлишди”, дейди Ҳаннан.

"Улар бизни қўрқитиш учун ҳам ўт очишарди. Кимни исташса олиб кетишарди. Биз мудом йиғлар эди. Биз ўзимизни ўлдиришни истар эдик, аммо бунинг иложи йўқ эди...”

Ҳаннаннинг айтишича, қизлардан бири ўзини ўлдиради.

"Томирларини кесиб ташлади...Биз унга ёрдам бермоқчи эдик, қўйишмади...У ўлди. “Бунинг аҳамияти йўқ, бир жойга олиб бориб ташлаймиз жасадини”, дейишди улар...”

Аксарият маҳаллий суннийлар бўлса ҳам, жангарилар орасида хорижийлари ҳам бор эди.

Улардан бирини Ҳаннан таниди.

Бу жангари Синжарда қўл телефонлари дўконига эга эди.

Язидийларнинг динини энг кўп ҳақорат қиладиган ҳам шу бўлди.

"Улар бизга “ ана, кофирлар, мана энди мусулмон бўлиб яшайсизлар”, дейишарди. Аксарият қизларни фақат жимоъ учун олиб кетишди”.

"Эркакларимиз кунига беш маҳал намоз қилишарди бизни қутқариб қолиш учун...ИД жангарилари бизга “агар Исломга амал қилмасангиз, ўлдирамиз” дейишди”.

ИДнинг “пойтахти”саналмиш Раққага энг аввал ёшроқ қизлар олиб кетиларди.

Ниҳоят, Ҳаннаннинг ҳам кетадиган куни келди.

Турфа алдовлар билан уларни бир хонага олиб киришди.

Етти киши бир хонада қолдилар.

Айримларни олиб кетишар, зўрлаб яна қайтаришарди.

Ҳеч қаердан умид йўқ эди.

Аммо бу хонанинг деразалари пластик эди.

Тунлардан бирида улар бу эшикни очишга муваффақ бўлишди.

“ Бирма-бир чиқдик. Мен бешинчи бўлиб чиқдим. Ташқарида жиянимни кутиб ўтирдим. Кейин... чироқ нури ёришди ва яқинлаша бошлади. Ортиқ кутолмасдим ва жон-жаҳдимиз билан қочдик...Бошқаларга ёрдам беролмадик”.

Хаманинг тақдири

Қочишга жой йўқ...
Сурат тагсўзи, Қочишга жой йўқ...

Бошқа бир жамлоқда мен “Хама” билан учрашдим. Уни Раққага олиб кетишганди.

У қочолмаган, аммо оиласи томонидан тўланган 3000 доллар гаров пулига озод қилинганди.

Хама 30 ёшда.

У қандай қилиб ўзини малайликка сотганларини даҳшат билан хотирлайди.

Хама ўзини арзимаган 13 долларга сотишганини айтади.

У ва жиянини ғарб давлатларидан бирининг паспорти бўлган жангари сотиб олади.

Жангарининг уйида беш нафар язидий хотин-қизлар бўлиб, у бу ерда хотини билан истиқомат қиларди.

Шунга қарамай жангари яна икки язидий қизга мажбуран уйланмоқчи бўлади.

Хамага ўхшаганлар эса унинг малайлари эди.

Хаманинг айтишича, жангарининг хотини бу ҳолатдан мамнун эмас эди.

"Кунлардан бири жангарининг қўшниси – шайх келди ва Абу Бакр ал Бағдодий бир хонадонга бир нафар қиз деб буйруқ берганини айтди”.

Қуллик йўриқномаси

"Исломий давлат" учун Ислом қадриятлари бир пул...айниқса бошқа динларга муносабатда

Сурат манбаси, reuters

Сурат тагсўзи, "Исломий давлат" учун Ислом қадриятлари бир пул...айниқса бошқа динларга муносабатда

Афтидан, ИД раҳбарлари қул аёлларни қандай ишлатишга доир кўрсатма-қўлланма тайёрлашган.

Гуруҳнинг Фатволар ва Тадқиқотлар бўлими чиқарган йўриқнома “Тутқунлар ва Қулларга доир савол-жавоблар”деб аталади.

Насроний, яҳудий ва язидий аёлларни қул қилиш мумкин дейилади бу йўриқномада.

Аёлларни сотиб олиш, сотиш ва туҳфа қилишга ҳам рухсат берилган.

Йўриқномадан:

Савол: Қўлга тушган аёл билан дарров жимоъ қилса бўладими?

Жавоб: Агар у бокира бўлса, уни тутган шахс дарҳол жимоъ қилиши мумкин, аммо агар бокира бўлмаса, аввал унинг ҳомиладор эмаслигига ишонч ҳосил қилсин.

Савол: Қул қиз ҳали балоғатга етмаган бўлса, у билан жимоъ қилиш мумкинми?

Жавоб: Агар балоғатга етмаган бўлса ҳам, жимоъга яраса, рухсат берилади. Иложи бўлмаса эса жимоъсиз лаззатлансин.

Бу ҳужжат ваҳшатнокдир ва Ислом тамойилларига, Пайғамбар Муҳаммад (САВ) айтганларига зиддир.

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилотининг чиқарган баёнотида бундан ҳам даҳшатлироқ ҳикоялар бор.

Зотан, бу даҳшатли ҳикоялар ичида инсонийликнинг ажиб, аммо оз бир мисоллари ҳам бор.

Бир жангарининг хотини язидий қизалоққа “ўз онасидай бўлиб қолгани” ва ё яна бошқа бир мужоҳид 13 яшар язидий қизалоқни синглиси билан сотиб олиб...кейин озод қилгани...ана шундай оз, аммо инсон номини улуғловчи мисоллардир...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002