Президент Путин россияликларни мустақил бўлишга чақирди

Сурат манбаси, AFP

Россия президентининг Федерал парламент аъзолари олдида йиллик чиқиши бўлиб ўтди.

4 декабрь куни Кремлнинг Георгиев залида соат 12.00 да бошланган маросим Россиянинг Биринчи телеканали орқали тўғридан-тўғри олиб кўрсатилган.

Одатда Путиннинг нутқи мавзулари олдиндан очиқланмайди. Бироқ бу гал жаноб Путин ўз чиқишида мамлакат капиталига алоҳида урғу берилишини маълум қилган.

Президент матбуот сўзчиси Дмитрий Песковга кўра, Федерал йиғилишга мурожаат илк бор бюджет тўғрисидаги баёнот билан бирлаштирилади.

Путин ўз нутқида Россия иқтисодини либераллаштириш, ички ва ташқи сиёсатга ҳеч кимнинг аралашишига йўл қўймаслик ҳақида гапирган.

Федерал парламент аъзолари олдида қилган йиллик чиқишида Президент Путин ўтган йил давомида Россия фақат "етук, якдил миллат" дош бера оладиган синовларга дуч келганини таъкидлади.

Владимир Путин Қиримнинг аннексиясини ҳимоя қилди.

Кремл раҳбари Қуддус шаҳри яҳудий ва мусулмонлар учун муқаддас бўлгани каби Қрим ярим ороли Россия учун муқаддас эканини урғулади.

Путин Россия Украинани қардош мамлакат сифатида ҳурмат қилишини, аммо Украина шарқидаги "фожиа" Россия юритаётган сиёсат "тўғри" эканини кўрсатганини айтди.

"Югославия сценарийсини тадбиқ этишга изн бермадик"

Владимир Путин Ғарб давлатларини Россияни 1990 йилларда Югославия каби парчалашга уринаётганликда айблаб, "улар Гитлер каби муваффақиятсизликка учради", деди.

Россиядаги бўлгинчиликнинг хориждан ҳам информатив, ҳам моддий, ҳам махсус хизматлар орқали ва ҳам сиёсий қўллови бизни Югославия сценарийси бўйича парчалаб ташлашга иштиёқ борлигидан далолатдир. Лекин улар бунинг уддасидан чиқишмади, биз бунга изн бермадик, деди Россия президенти.

Россия янги қуролланиш пойгаси гирдобига тортилмайди, дея таъкидлаган АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш режасини танқид қилган президент Путин.

Владимир Путин шунингдек, Ғарб жорий қилган санкциялар Россияга путур етказишга қаратилганини, бироқ у иқтисод ривожига туртки беришини урғулади.

Россия иқтисоди учун муҳими масъулиятсизликдан қутулишдир. Россия бутун дунёни ғоя ва технологиялар билан таъминлашга қодир деган у.

Айни вақтда Россия рублининг тушиши давом этар экан, жаноб Путин марказий банкни чайқовчилик орқали вазиятдан фойдаланиб қолишга интилаётганларга қарши "қатъий чоралар" кўришга чақирди.

Ғарб томонидан киртилган жазо чораларига тўхталар экан, Путин жаноблари Қрим бўлмаганда уларни киритиш учун барибир бошқа бир баҳона ўйлаб топиларди, деди.

Бу Украинадаги давлат тўнтариши юзасидан бизнинг мавқемизга ёки ҳатто таъбир жоиз бўлса Қрим баҳори воқеаларига жавобан Ғарбнинг асабий жавоби эмас, агар булар бўлмаганда ҳам бизнинг тараққиётимизни тўхтатиб, унга таъсир қилиш ва ҳатто ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолиш учун барибир қандайдир бошқа баҳоналар ўйлаб чиқиларди, деди у.

Бунинг ортидан у Ғарбни Россия атрофида янги темир пардани яратиш уринишларида айблади ва Россия янги қимматга тушувчи қурол пойгасига киришиб кетмаслиги, айни ҳолда ҳеч ким қурол устуворлигига эришмаслиги учун ўз хавфсизлигини ноанаънавий йўллар билан таъминлашга қодир эканлигини айтди.

140 миллард доллар зарар

Ўз-ўзини таъминлаш борасида гапирар экан, Россия раҳбари халқ ҳар қандай синовларга бардош бериши ва албатта ғолиб бўлишини урғулади.

Мухбирларнинг айтишларича, жаҳон бозорларида нефт нархларининг кескин тушиши ва Ғарбнинг жазо чоралари қўшилиб, Россиянинг иқтисодига катта зарар бермоқда.

Молия вазири Антон Силуановнинг айтишича, нефт нархларининг тушишидан Россия йилига 140 миллард доллар зарар кўради.

Октбяр ойидан буён Россия рубли ўзининг 40 фоиз қийматини йўқотди ва келгуси йил инфляция даражаси 10 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Лекин Россия президентининг обрўси у қадар тушаётгани йўқ.

Сурат манбаси, AP

Шу ҳафта ўтказилган сўров натижаларига кўра, россияликларнинг 72 фоизи ҳануз жаноб Путин томонидан юритилаётган сиёсатни қўллаб қувватлашади.

Путин соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапириб, 2015 йилни юрак-қон томирлари касалликларига қарши кураш йили деб эълон қилишни таклиф этган.

Би-би-сининг Москвадаги мухбирига кўра, Путиннинг мурожаати ўз чақириқлари билан кўпроқ Марказий Қўмита йиғилишида қилинган нутққа ўхшайди.

АҚШ давлат котиби Жон Керри, Путин нутқига нисбатан фикр билдириб, Вашингтон Россияни изоляция қилиш фикридан йироқ деди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Президент Путин ўз мурожаати билан Украинадаги вазият атрофида муросага бормоқчи эмаслигини намойиш қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002