Бу йил Ҳажга бориш хавфсизми?

Сурат манбаси, Reuters
Саудия Арабистони мулозимларига кўра, келаси октябр ойида ўтадиган Ҳаж зиёратида одамларни Яқин Шарқ Нафас Йўллари Синдроми касаллигидан сақлаш учун барча чоралар кўрилмоқда.
Ушбу коронавирус туялардан одамларга ўтган. Аммо инсонларда у кўпинча ўлим билан тугамоқда.
Рақамларга қараганда, қарийб ҳар икки ҳолатдан биттаси инсонларда ҳалокатли кечиши мумкин.
Хусусан, ўтган икки йил ичида Саудия Арабистонида 723 киши бу вирусни юқтирган бўлса, улардан 302 нафари оламдан ўтган.
Касалликни аниқлаш осон эмас, чунки унинг аломатлари оддий тумовдан унчалик фарқ қилмайди: Иситма чиқади, йўтал бошланади ва нафас олиш тезлашади.
Шунингдек, коронавирус зотилжам ва буйрак фаолиятининг ишдан чиқишига ҳам етаклаши мумкин.
Бироқ мазкур вирус боис оламдан ўтган одамларда бошқа касалликлар ҳам бўлган.
Туядан одамга
Ушбу коронавирус туялардан инсонларга қандай ўтгани маълум эмас. Олимларга кўра, касалланган жониворнинг бурун суви ва ёки сўлаги орқали коронавирус одамларга ўтган бўлиши мумкин.
Назарий жиҳатдан, туянинг хом сутини ичганда ҳам коронавирус юқиши эҳтимоли катта бўлади.

Сурат манбаси, AFP
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотига кўра, туя боқадиган ёки туялар билан ишлайдиган ҳар қандай одам юзига тиббий ниқоб тутиб, жарроҳлик қўлқопи кийиши лозим.
Аммо туя боқиладиган ҳеч бир мамлакатда одамлар бу маслаҳатга тўлиқ амал қилишмаётгани айтилади.
"Мен мана 17 йилдан бери ҳар куни янги соғилган туя сутини ичаман" - дейди саудиялик Юсуф - "Аммо соппа-соғман".
Жиддалик бошқа бир туякаш эса ўз туяси юзини юзига босаркан, ҳали ҳеч бир туякашнинг оламдан ўтганини кўрмаганини айтади.
"Туялар хавфсиз" - деб таъкидлайди бу араб туякаш.
Тарихан, чўчқа, маймун ва паррандадан одамларга турли юқумли касалликлар ўтиб келган. Айниқса, бу жониворлар тиқилинч шароитда боқилган ҳолатларда янгидан-янги касалликлар пайдо бўлган.
Лекин туя тумови ҳеч қачон одамларга ўтмаган. Шу боис коронавирус манбаи туялар эмас, балки бу жониворни тишлаган кўршапалаклар бўлиши мумкин, деган тахминлар ҳам бор.
Айни пайтда, касал одам йўталса ёки аксирса, тупук орқали вирус атрофга сачраб, яқиндаги бошқа одамларга ҳам ўтади. Чунки аксар тумов турлари каби бу вирус ҳам ҳаво орқали юқади.
Ҳожилар хавфсизлиги
Мазкур хасталик аслида Саудия Арабистонидан ташқарида пайдо бўлган.

Сурат манбаси,
Аммо аксар беморлар саудиялик. Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари ҳам бу касалликка чалинганлар сони бўйича иккинчи ўринда туради.
Мутахассисларга кўра, зиёрат ва тижорат кучли ривожланган бу икки мамлакатга келиб-кетадиганлар сони кўп. Шу боис ҳам Яқин Шарқ Нафас Йўллари Синдроми тарқалиши хавфи ҳам Саудия ярим оролида баландлигича қолмоқда.
Келаси ой эса икки миллион ҳожи Саудия Арабистонига келади.
Одам тирбанд шароитда касалликнинг тарқалиши ҳам тезлашади.
Шу пайтгача аксар касаллар вирусни туялардан эмас, балки тирбанд касалхоналарда юқтиришган.
Касалларнинг учдан икки қисми эса шифокор ва ҳамширалар бўлишган. Аммо тозалик ва профилактика чоралари боис ҳозир Саудия касалхоналарида ушбу касаллик ҳоллари камаймоқда.
Айни шу хасталик боис Саудия қироли Соғлиқни сақлаш вазирини ишдан бўшатганди. Янги вазир эса мазкур коронавирус қиролликда эндиликда муаммо эмаслигини айтмоқда.
"Ҳожилар ва барча меҳмонлар хавфсизлиги учун қўлимиздан келган ҳамма чора-тадбирларни кўрамиз" - дейди янги Соғлиқни сақлаш вазири Одил Муҳаммад Факиҳ.
Аммо ҳозир эбола каби ҳалокатли касаллик тарқаган қатор ғарбий Африка давлатларида ҳам кўплаб мусулмонлар яшашади. Бу ерлардан ҳам минглаб инсонлар Ҳаж зиёратини адо этиш учун Саудияга келишни истайдилар.
Шу боис эбола хавотирлари ҳам бу йилги Ҳаж маросимида баланд бўлиб қолади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












