Исроил ҳаво ҳужуми натижасида фаластинлик жангарилар ҳалок этилган

Фаластиннинг Ғазо бўлгасига Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида 9 нафар фаластинлик жангари ўлдирилган.

Ҳамас гуруҳи ҳарбий қанотининг маълум қилишича, Рафаҳ шаҳри яқинида амалга оширилган ҳужумлар натижасида 6 жангарилари ҳалок бўлган.

Яна уч киши Ғазонинг бошқа ҳудудларида амалга оширилган ҳужумларда ҳалок этилган.

Фаластинлик ўсмир Муҳаммад Абу Хдейрнинг ўлдирилишидан сўнг минтақада вазият ўта танг.

Якшанба куни полиция унинг ўлимига алоқадорликда гумон қилинган олти яҳудийни қўлга олганлигини маълум қилганди.

Полицияга кўра, "Абу Хдейр миллати туфайли ўлдирилган".

Унинг ўлимидан аввал Ғарбий соҳилда уч исроиллик ўсмир ўғирлаб кетилиб, кейинчалик жасдалари топилганди.

Исроилнинг даъво қилишича, ўсмирларни Ҳамас гуруҳининг икки аъзоси ўғирлаб, ўлдирганлар.

Ҳамас ушбу ҳодисага алоқаси йўқлигини билдирган.

Исроил ҳарбийларининг айтишларича, Ғазо бўлгасига охирги ҳаво ҳужумлари якшанба куни Исроил ҳудудига уюштирилган камида 25 ракета ва артиллерия ҳужумига жавобан амалга оширилган.

Эндиликда Ҳамас Исроил бу ҳужумлар учун "жавоб бериши" билан пўписа қилмоқда.

Қуддусда бўлган Би-би-си мухбирининг айтишича, исроиллик уч ўсмирнинг қотилларини излаш жараёнида юзлаб Ҳамас аъзолари ҳисбга олинган.

"Қотиллик ҳамиша қотилликдир"

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Муҳаммад Абу Хдейрнинг қотилларини топиб, жавобгарликка тортишга ваъда берган.

16 ёшли Абу Хдейр чоршанба куни Қуддус шарқидан ғойиб бўлган ва судмедэкспертиза хулосаларига кўра, "тириклайин ёқиб юборилган".

Исроил расмийларига кўра, унинг ўлимига алоқадорликда гумон қилинган олти шахс ҳозирда ҳибс остида қолмоқда.

Абу Хдейрнинг ўлимига қарши норозиликлар мобайнида келиб чиққан тўқнашувларда эса 50 киши ҳибсга олинган.

Улар орасида Абу Хдейрнинг 15 ёшли аммакиваччаси, АҚШ фуқароси Тариқ Хдейр ҳам бор эди. Унинг оиласининг айтишича, Исроил Хавфсизлик кучлари уни ҳибс остида калтаклаганлар.

Тариқ Хдейр якшанба куни полицияга ҳужум қилишда айбловлар билан маҳкама ўнгида пайдо бўлганидан сўнг товон эвазига қўйиб юборилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02