"Фаластинлик ўсмир тириклайин ёқилган"

Муҳаммад Худайр ўғирланиб, кейин ёқиб юборилган.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Муҳаммад Худайр ўғирланиб, кейин ёқиб юборилган.

Шарқий Қуддусда ўлдирилган фаластинлик ўсмир тириклайин ёқиб юборилган, деб айтган Фаластин мухторияти бош прокурори суд-тиббий экспертиза хулосасига таяниб.

"Ўлимга бевосита бутун тананинг чуқур куйгани сабаб бўлган", - деб айтган Муҳаммад Авевий.

Бундан олдин ўсмирнинг танаси 90 фоиз куйиб кетгани хабари чиққан.

Исроил ҳукумати 17 ёшли Муҳаммад Абу Хдайрнинг ўлими билан боғлиқ вазият ноаниқлигини билдирди.

Муҳаммад Абу Хдайр жасадини текшириш Фаластин суд медицина институти директори Собир Алула иштирокида исроиллик шифокорлар томонидан ўтказилган.

Собир Алулага иқтибосан Фаластин прокурори маълум қилишича, нафас йўлларининг куйгани марҳумнинг ёндирилган пайт тирик эканини кўрсатади.

Экспертизанинг хулосалари ҳали расман эълон қилинмаган.

Сурат манбаси, Getty

Жума куни фаластинлик ўсмирнинг жасади кўмиш учун оиласига топширилган.

Сурат манбаси, Getty

Минглаб фаластинликлар унинг дафн маросимида қатнашганлар.

Сурат манбаси, non

Ғарбий қирғоқда хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлар тун бўйи давом этган ва араблар яшайдиган мамлакат шимолидаги бошқа шаҳарларга ҳам ёйилган.

Дафн маросимидан олдин ва кейин Фаластин ёшлари Исроил полициясига тошлар отишган.

Ушбу воқеадан сўнг Калансав шаҳрида яҳудий ҳайдовчиларга ҳужум қилинган, бир нечта машина ёқиб юборилган.

Сурат манбаси, Reuters

Маълумотларга қараганда, тўқнашувларда камида 50 фаластинлик ва ўндан ортиқ полициячи тан жароҳати олган. Исроил полицияси намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқин гранаталари қўллаган.

Фаластинлик бола ўлими уч исроиллик ўсмирнинг ўғирланиши ва ўлими орқасидан юз берган.

Исроил Бош вазири фаластинлик боланинг ўлимини қоралаган ва қотилларини топишга ваъда берган. Бундан ташқари у исроиллик уч йигитнинг ўлимида ҲАМАС ҳаракатини айблаган. ҲАМАС буни рад қилмоқда.

Сурат манбаси, AFP

Фаластинлик ва исроиллик ўсмирларнинг ўлдирилиши орқасидан шундай ҳам совуқ муносабатлар яна ҳам таранглашган.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02