Қуддусда фаластинлик ўсмир боланинг жасади топилди

Сурат манбаси, AFP

Исроил полицияси тун оша Шарқий Қуддусда ўғирлаб кетилган фаластинлик ўсмирнинг жасадини топган.

Гувоҳлар ўсмир бола чоршанба куни эрталаб араблар яшовчи Шуфат туманида машинага зўрлаб тиқиб олиб кетилганини айтганлар. Бир неча соат ўтиб унинг қисман ёниб кетган жасади Гиват Шаул тумани яқинидаги ўрмондан топилган.

Исроил полицияси қотиллик ортидаги сабаблар ҳақида маълумот бермаган, бироқ фаластинлик манбалар бу афтидан уч исроиллик ўсмирларнинг ўлимига жавобан қасддан қилинган ҳаракат эканини айтмоқдалар.

Бироз кейинроқ фаластинликлар ўсмир боланинг уйи яқинида Исроил полицияси билан тўқнашганлар.

Намойишчилар полицияга қарата тош отганлар, полиция эса кўзни ёшлантирувчи газ ва елим ўқларни ишга солган.

Қуддус ҳокими Нир Баркат барча тарафларни тинчланишга чақирди.

"Бу даҳшатли ва ваҳшиёна амал, мен уни қаттиқ қоралайман. Бу биз тутадиган йўл эмас, ва менинг ишончим комилки, хавфсизлик кучларимиз жиноятчиларни жавобгарликка тортади", - дейилади унинг баёнотида.

Уч ўсмирнинг дафн маросимида минглаб яҳудийлар иштирок этганлар
Сурат тагсўзи, Уч ўсмирнинг дафн маросимида минглаб яҳудийлар иштирок этганлар

Фаластин ҳукуматидаги Фатаҳ ҳаракати воизи Дмитри Дилиани Исроил ҳукумати "яҳудийлар террорчилиги ва ишғол остидаги Қуддусда юз бераётган ўғирлашлар ва қотилликлар" учун масъул эканини айтди.

Би-би-сининг ҳудуддаги мухбири Кевин Коннолигига кўра, ҳозирча бирон нарса дейиш қийин, лекин афтидан бу қотиллик ўч олиш амалидир. Унинг айтишича, бу ҳодиса Исроил ва Фаластин ўртасидаги алоқаларга рахна солади.

Араб ўсмирнинг ўлимидан бир кун олдин Ғарбий Соҳилда ўғирлаб кетишидан икки ярим ҳафта ўтиб ўлик ҳолда топилган уч яҳудий ўсмир болаларнинг дафн маросими бўлиб ўтганди.

Модеин шаҳрида ўтган маросимга Исроил Бош Вазири Бенямин Нетаняҳу ва Президент Шимон Перес дохил минглаб одамлар келганлар.

Жаноб Нетаняҳу ўзи уч ўсмирнинг ўлимида айбдор деб кўрган Фаластиннинг Ҳамас исломий гуруҳига қарши ҳужумларни амалга оширишни ваъда қилди. Ҳамас қотилликларга алоқаси борлигини рад қилади.

Сешанба оқшомида Қуддус кўчаларида ўнлаб исроилликлар намойишларга чиққанлар. Уларнинг "арабларга ўлим" деб қичқиргани хабар қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02