Қрим кимга тегишли?

Қрим соҳилида Россия байроғи ҳилпирамоқда
Сурат тагсўзи, Қрим соҳилида Россия байроғи ҳилпирамоқда
    • Author, Артем Кречетников
    • Role, Би-би-си, Москва

Москва Қрим атрофидаги баҳсларда қўллаётган иддаолардан бири шундай янграйди: Қрим азалдан русларнинг ери бўлган, шунинг учун бу ер бизники, тамом - вассалом!

Курраи заминда қадимги замонлардан ўзликни сақлаб муайян ерларда яшаб келаётган халқлардан фақат хитойликларни аташ мумкин.

Қолган халқлар эса катта бир қозонда қўшилишиб қайнагандек яшаганлар. Кимдир қачондадир қаердандир келгани, кимнидир устидан ғалаба қозонгани, ким биландир қўшилиб кетгани - бу тарихий фактларни аниқлаш осон эмас.

Масалан, Ўртарус текислигининг туб аҳолиси ўтмишда угро-фин қабилалардан иборат бўлган. Славянлар эса бу ерларда келгиндилар деб ҳисобланади.

Британ оролларининг қадимги туб аҳолисини замонавий шотландияликларнинг аждодлари- скотлар ва пиктлар ташкил қилган. Кейинчалик бу ерларни келтлар, англосаксонлар, улардан сўнг асли скандинавиялик бўлган лекин вақт ўтиши билан французлашиб кетган норманлар босиб олганлар.

Бу энди ўтган замон деб кимдир айтиши мумкин. Лекин ўтган вақтлар муддати қайси қонунда белгиланган? Ер эгалиги устидан баҳслар фақат назарий машқлар учун маъқул келишлари мумкин. Бу каби назариялар асосида реал сиёсатни қуриш одатда яхшиликка олиб келмайди.

Бу ер кимники?

Тарихга боқсак, Қримга тарихан на руслар ва на украинлар даъво қилишлари мумкин, бу ерлар азалдан татарларники бўлиб келган. 18-асрнинг охирида Россия бу ерларни қурол билан ишғол қилган. Россиянинг бу ҳаракатлари у вақтда ҳукм сурган андозаларга тўғри келган бўлиши мумкин, бироқ ҳозирги халқаро нормаларда уруш орқали ҳудудларни қўшиб олиш мутлақ маън этилади.

Қримни босиб олиш орқали қўлга киритишни Россия асрлар бўйлаб орзу қилган. 1687 ва 1689 йиллари княз Василий Голицин ва 1735 йили фелдмаршал Бурхард Минихнинг Қримга қилган юришлари тарихдан маълум. Миних ҳаттоки Бохчасаройни вақтинча эгаллашга муваффақ ҳам бўлган.

Бироқ, ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар Қримда ҳавонинг иссиқлиги ва сув танқислиги боис мағлубиятга учраган. Татарлар чўлларда одамлар ва отлар учун сув топиш йўлларини яхши ўзлаштиришган, руслар эса бундан бехабар бўлганлар.

Қримни бўйсундириш учун, авваламбор, флот (денгиз кучлари) керак бўлган. Иккинчидан, Россия Қора денгизда Туркиядан устунликни ўрнатиши керак эди.

Охир оқибат, уруш ҳаракатлари натижасида, 1774 йили Кучук-Кайнаржи тинчлик аҳдномасига биноан, Истанбул ярим оролга нисбатан эга ўз ярим вассаллик олий ҳуқуқидан воз кечишга мажбур бўлган. Етти йил ўтгач, ташқи дастакдан айрилган ва қуруқликда ҳамда денгизда мухосарага тушган Қрим хонлиги жанг қилмай, Россия империяси таркибига киришга рози бўлган.

1787 йили Екатерина иккинчи император Иосиф ҳамроҳлигида Қрим бўйлаб хашаматли «Таврида сафарини» уюштирган. Ташриф чоғида жойлардан бирида тантанали кортежга бирданига қаттиқ чинқириқлар билан қилич ўйнатиб отларга минган татарлар яқинлаша бошлаганлар. Екатерина «вой-вой, қўрқаяпман , бу ёввойи одамлар бизларни қўлга тушириб, қулликга сотиб юборишади» дея ноз-қарашма қилган.

Иосиф унга қараб «князь Потемкин уларга бундай буйруқ берган деб ўйламайман", дея кулиб жавоб қайтарган экан.

Руслар томонидан уюштирилган бу томоша яширин таҳдиддек кўринган, яъни "сизларнинг цивилизациялашган ерларингизга керак бўлса биз ўзимизнинг янги қўлга киритган ваҳший қабилаларимизни қўйиб юборишимиз мумкин" деган маъно келиб чиққан.

"Мустамлакачилар" ва "қулфурушлар"

Россия кучли аҳлоқий омилни ишга солган. Турли тафсилотларга кўра, XVI-XVII асрларда қитъани яриморол билан боғлаб турган Ор Қапи (Перекоп) дан босқинчилик оқибатида асир тушган икки милллиондан беш миллионгача украин, поляк ва рус тутқунлари ўтишган.

Замонавий Украинанинг жанубий-шарқий ҳудудларига «Ёввойи дала» деб ном берилганди. Бу ерларнинг тупроғи ва иқлими жуда қулай бўлгани билан, у ерда жойлашиб яшаш ўлим билан ўйнашишни англатарди.

Рус тарихчи Андрей Буровскийнинг айтишича, агар ҳозирда қрим татарлари вакили рус миллати вакилини «мустамлакачи» деб ҳақорат қилса, рус ҳам бутун асос билан «қулфуруш» дея жавоб қайтаришга ҳаққи бор.

Бироқ, бошқа тарафдан, инқилобдан олдин ва кейинчалик совет тадқиқотчилари кенг қўллаган назарияларга асосланиб, Қрим хонлигини қароқчилар уяси ва текинхўрлар мамлакати деб тасаввур қилиш нотўғридир. Ярим оролда руслар келишларидан олдин ҳам қишлоқ хўжалиги, зироатчилик ва турли хил ҳунарлар ривожланган эди.

Мисол учун, XVII асрда Москва Қрим қабилаларининг рус ерларига уюштирган босқинларига чек қўйилганидан сўнг, хонлик яна юз йил яшаб қолган ва унинг иқтисоди барбод бўлгани йўқ.

Қримда маърифатга алоҳида эътибор қаратилганди. Боғчасаройнинг эски мадрасаси катта дарвозасида оғир темир занжир осилган. Яъни ҳар ким, жумладан хон ҳам, ақл конига икки букилиб таъзим қилиши керак эди.

Қрим Россия империяси таркибига кирганидан сўнг рус ва украин келгиндилари оммавий тарзда кўча бошлаганлар. Уларнинг аксарияти Россиянинг Малоросия губерниясидан, айниқса Черниговдан кўчиб ўтишган.

Болшевиклар қирғини

Қрим ўтган асрнинг 1920 йилларида Россияда авж олган фуқаролар урушида катта рол ўйнаган.

Ўша вақтда тор-мор этилган оқ армия қолдиқлари Шимолий Қафқоздан яриморолга чекинганлар. Оқ армиясининг раҳбарлигини генерал Врангел ўз зиммасига олган.

Россия яхлитлигини сақлаб қолиш учун курашган оқ гвардия генералларидан фарқли ўлароқ Врангел Қримда болшевикларга қарши турган алоҳида давлат мавжудлигини инкор этмаган.

«Қрим ороли» ғояси, аксар тарихчиларнинг фикрича, амалга оширилиши мумкин эди. Агар Британия худди 1949 йили америкаликлар Чан Кай-шига Тайванга қочиб, у ерда Хитойга қарши ҳукумат тузишга имкон берганларидек, Қора денгизга флотини киритиб, Перекоп устидан назорат ўрнатилганда, бу лойиҳа амалга оширилиши мумкин эди.

Қримни забт этиш билан, коммунистлар кенг кўламли қирғинни йўлга қўйишган. Судсиз-терговсиз 80 минг одам отиб ўлдирилганди ўша қонли воқеаларда.

Бир пайтлар Россиянинг сўнгги оқ гвардия кучлари ўрнашган Қрим ҳозирги кунда аслида советча кайфиятларнинг посбони бўлиб чиқмоқда. Турли намойишларда москвапараст фаолларнинг қўлларида Россиянинг байроқлари билан бирга қизил байроқларни кўриш мумкин.

Бир қатор тарихчиларнинг келтиришича, Қримдан қрим-татар халқи сургун қилингач, яриморолни Россия федерацияси таркибида бўлган яҳудийлар мухториятига айлантириш ғояси пайдо бўлган.

Ҳар ҳолда бу ғоя билан "яҳудийлар аксил фашист қўмитаси"га аъзо бўлган зиёли одамлар чиқишган. Баъзи маълумотларга биноан, мазкур ғояни В. Молотовнинг рафиқаси Полина Жемчужина ҳам қўллаб қуватлаган.

Сталин бу ғояни ёқтирмагани сабаб, бутун қўмита аъзоларини қиришган ва Жемчужинани ГУЛАГга сургун қилишган...

Волюнтаризм ва ҳуқуқ

Кейинчалик Қрим аҳолисининг этник таркибини асосан руслар ташкил қилишига урушдан вайрон бўлган Россиянинг марказий ҳудудларидан ёлланма ишчиларнинг олиб келингани сабабдир.

1953 йилнинг ноябрида Никита Хрушевнинг Қримга қилган сафари чоғида, рус келгиндилари, унинг куёви Алексей Аджубей ўз хотираларида келтиришича, ЦК котибининг машинасини қуршовга олиб, турар жойлари йўқлиги, таъминот йўлга қўйилмагани ва улар экишга ўрганган картошканинг ўрнига узумзорларни парвариш қилишга мажбур қилинганлари борасида шикоят қилишган.

1960 йилларга қадар Қрим курортларида даволаниб, арзон ва ажойиб меваларни қўмсайдиган москваликлар ва киевликларни учратиш мумкин эди.

Ғарб демократияси андозаларига биноан, Қримнинг Украинага ўтиши жуда шубҳали бўлган. Бу мавзу борасида на референдум ўтказилган, на парламентда махсус сессиялар бўлган, на оммавий муҳокамага қўйилган. Бироқ у совет қонунчилигига ва амалда бўлган қонунларга тўла мос келган.

Бу масалага қаттиқ талаб қиладиган қонуният нуқтаи назаридан ёндашилганда, кўп ҳодисаларни, жумладан Октябр тўнтаруви ва етмиш йилдан бери совет ҳокимияти мавжудлигини қонунга зид бўлган, деб тан олиш керак.

Халқ иродаси

Ҳозирги кун ҳақида гапирганда, қримликларнинг ҳаммасини ўз иродасини билдирганлар деб бўлмайди.

Мисол учун, 2014 йилнинг сентябр ойига мўлжалланган Шотландия мустақиллиги борасидаги референдумга тўрт йилдан буён тайёргарлик кўрилмоқда. Қримда эса одамларга танлов берилмасдан ёппасига шошиб-пишиб қабул қилинган қарор дунёни факт олдига қўйди.

Россия томони Қрим вазиятини Косово вазияти билан солиштирмоқда. Бироқ НАТОнинг Косовога аралашувидан олдин реал инсоний инқироз бошланиб, қуролланган тўқнашувлар ва этник тозалашлар рўй берган. Қримда эса ҳеч кимни қутқаришга эҳтиёж бўлмаган.

Қрим татарлари лидери Мустафо Жамил билан суҳбатда, Владимир Путин Украина СССР таркибидан ноқонуний тарзда чиққан деб айтган. Агар Мустафо Жамил Путиннинг сўзларини тўғри келтирган бўлса (шу вақтга қадар Кремл томонидан расмий раддия янграгани йўқ), унда Россия президенти ари уясини қўзғагандек бўлиб чиқмоқда. Бир неча йил олдин Путин "СССР парчаланиб кетгани борасида ачинмаган шахснинг юраги тош, қайта тиклашни орзу қилаётганларнинг эса ақли йўқ", деб айтганди.

Агар СССР парчаланганини қонунга хилоф бўлган жараён деб тан олинса, унда қолган собиқ республикалар тўлақонли суверен давлатлар деб хисобланмасликлари керак деган хулоса келиб чиқади.

Умид учқуни

Миллий ифтихор - ўта жиддий масала. Ўтмиш аламлари ҳали ҳаёт ва тез муддатда унутилмайди...Қримни «ўз ери» деб ҳисоблаётганлар у ҳудудлардан сира воз кечмайдилар. Бир давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи масаласи жаҳон сиёсатида энг мураккаблардандир. Эски қарама-қаршиликлар ҳал бўлмайдиган кўринади.

Бироқ, бир неча тарихий боши берк ҳолатларга ечим топилгани дунёга маълум.

Франса ва Олмония асрлар бўйлаб Эльзас ва Лотарингия устидан бир бири билан курашиб келганлар. Ҳар бир тараф ишончли даллиларни йўлга солиб, қон тўкиб ўз жонини аямаган.

Бир неча йил олдин Эльзасда жойлаштирилиши учун иккала мамлакат биргаликда ҳарбий бригада тузишлари борасида хабар янгради. Яъни чегараларни шартли деб белгилаб, мулоҳазали ва инсоний қонунларни ижро этиб, бу икки давлат куч синашдан воз кечди. Бошқа давлатлар ҳам бу мисолдан ўрнак олиб, «тарихий адолатни тиклаш» ва «аждодлар шуҳрати» каби ибораларни унутиб, замондошлар ва янги авлодлар яхши ҳаёт кечиришлари борасида ўйлашлари керак эмасми?

Демак, Оврупо максимализм- яъни имкониятдан ташқари талабларни қўйиш ва тажанглик ёшидан чиқиб бўлган, бироқ Россия ҳали ҳам ўша ёшда қолаётир.

Файласуф ва маданият масалалари бўйича мутахассис Александр Никоновнинг фикр қилишича, Россия жамиятининг оммавий онги ўсмир боланинг психологиясини эслатади: бу ҳали ғўр ва онасига қарам, бироқ агрессив ва иззат-талаб, ҳамда эмоционал тарафдан беқарор боланинг жиҳатларини ўз ичига олгандек кўринади.

Бироқ, миллатлар ҳам ҳудди инсонлар каби ўсиб-улғайишлари табиийдир...

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02