Тақиқларга қарамай Қрим Татарлари намойиш ўтказмоқчи

Сурат манбаси, AFP

Қрим Татарлари Мажлиси раиси Рефат Чубаровга кўра, Қримда оммавий тадбирлар ўтказилиши тақиқланганига қарамасдан, аксарият 18 майда Қрим татарлар депортациясининг 70 йиллиги муносабати билан намойишга чиқмоқчи.

Чубаровнинг таъкилдашича, охирги 23 йилда оммавий хотира маросимлари биринчи бор тақиқланиши ва бу одамларни қаттиқ норози қилган.

"Мен Украина раҳбарияти шаънига мақтов сўз айтишдан тийиламан. Лекин мен ақлимга сиғдиролмайман, хотира тадбирларига икки кун қолганда оммавий йиғилишлар бекор қилинганини. 22 ҳудудда қрим татарлар бориб эслайдиган, дуо фотиҳа қиладиган жойлари, ёдгорликлар бор ва қрим татарлар у ерга бора олмайдилар. Мен бунинг оқибатларини тушунмаслик учун ким бўлиш кераклигини тушунмайман ва одамларни қандай тўхтатишни ҳам билмайман. Бу одамларга зиёратгоҳларга, қабристонларга марҳумларни эслашга борманг, дейиш билан баробар. Сиз ўзингизни қандай тутар эдингиз бу шароитда? Куч билан ҳамма нарсани тўхтатиш мумкиндир, лекин одамларнинг кўнгилларига буйруқ бериб бўлмайди", дейди Чубаров.

"Мен билмайман, нима учун буни қилишяпти. Лекин шуни биламанки, 1 ва 9 майда оммавий тадбирлар Украина шарқидаги вазият бугунгидан ҳам ёмон бўлган вазиятда Қримда ўтказилди", деб айтади Қрим татарлар мажлиси раиси.

Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ҳукумати раҳбари Сергей Аксенов кеча, 16 майда Украина жануби-шарқидаги вазият беқарорлигини айтиб, ярим оролда 6 июнгача ҳар қандай оммавий тадбирлар ўтказилиши тақиқланишини билдирган эди.

Шу билан бирга Россия Президенти Владимир Путин Сочи қароргоҳида қрим татарлар билан учрашувда Қримнинг туб аҳолиси қрим татарлар эканини савол остига олган.

Жаноб Путин ушбу масала чуқур таҳлилни талаб қилиши, ярим оролда туб аҳоли сифатида совет даврида қувғинга учраган бошқа халқ сифатида греклар ҳам бўлганини айтади.

"Улар (греклар) оролда сиз билан биздан олдин бўлишган. Шунинг учун бу саволга эҳтиёт бўлиб қарашимиз керак", деган у қрим татар жамоаси билан Сочи қароргоҳида ўтган учрашувда.

Қрим татарлар 1944 йилда Сталин тузуми томонидан немис фашистлар билан тил бириктиришда айбланиб Марказий Осиёга депортация қилинган эди.

Қрим татарлар ҳар йили 19 майни хотира куни сифатида нишонлаб келишади.