Украина инқирози: Мариупол қурбонларга мотам тутмоқда

Сурат манбаси, Reuters

Украинанинг Мариуполида россияпараст бўлгинчилар ва Украина ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлган инсонлар хотирасига 10 май мотам куни деб эълон қилинган.

Расмий хабарларга кўра, етти киши ўлган, 30 дан ортиғи жароҳатланган.

"Мариупол шаҳар кенгаши қурбонларнинг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади", дейилади шаҳар раҳбарияти чиқарган мурожаатда.

Охирги кунлар шаҳар кенгаши биносида бўлгинчилар ва ҳарбийлар ўртасида тўқнашувлар давом этган. Пайшанба куни Украина кучлари бинони ўз назоратларига олганларини билдирганлар.

Бундан аввал вақтинча Ички Ишлар вазири Арсен Аваков ҳодисада 20 террорист ўлдирилгани ҳақида Фейсбукда ёзган эди.

Унга кўра, россияпарастларнинг ички ишлар бошқармасини ишғол қилиш уринишлари иш бермаган, бино ичида қақшатқич жанглар кетган.

Жангларда Украина Миллий гвардияси, "Азов" махсус бўлинмаси қатнашган, тўрт бўлгинчи қўлга олингани, қолганлар яширингани хабар қилинади.

Би-би-си мухбирининг сўзларига қараганда, маҳаллий кишилар ҳарбийлар ҳукуматга бўйсунмаган милиционерларни ўзлари отишганини айтиб беришган.

"Киев ҳукумати шаҳар милиция бўлимида қирғин уюштириб, одамларга байрам совғаси қилди. Маҳаллий милиционерлар олдин одамларни отишга кўнмаган эди. Уларни хиёнатчи деб аташди. Мана бугун уларни йўқотишга уринишди", дейди маҳаллий аксилфашист қўмита аъзоси.

Украина Миллий гвардияси бир жангчи қурбон берилгани ва тўрт киши яраланганини айтган.

9 майдаги тўқнашувларда Маруопол Ички ишлар бошқармаси биносига ўт кетган.

Би-би-си мухбирига кўра, шаҳардаги вазият бугун ҳам таранглигича қолмоқда.

Шаҳар марказидан ҳарбийлар олиб чиқилган. Гувоҳлар шаҳарда қуролли одамлар бор дейди.

Сурат манбаси, AP

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002