Путиннинг попуги пасаймоқдами?

Сурат манбаси, RIA Novosti
Президент Путин Украина президентлик сайловини дастаклабгина қолмади.
У жанубий-шарқий Украинадаги россияпараст бўлгинчиларга ҳам мурожаат қилди ва келаётган дам олиш кунига мўлжалланган мустақиллик референдумини ҳозирча ўтказмасликка чақирди.
Хусусан, токи мулоқот учун замин ҳозирлаш жараёнида айни референдумни кечиктириб туриш кераклигини урғулади.
Россия президенти Москванинг Киев ҳамда Ғарб билан муносабатлари ўта танг аҳволга тушган паллада бундай йўл тутмоқда.
Лекин Владимир Путин аниқ-таниқ қилиб, Украинадаги рус миллатига мансаб аҳоли ҳақ-ҳуқуқларини Киевнинг нодемократик бошқарувидан ҳимоя қилишини ҳам урғулаган.
Россияпараст русларнинг каттароқ мухториятга эга бўлиш талабларини Украина ҳукумати рад этмоқда. Киевнинг қўрқишича, бу масаладаги муроса Украинанинг парчалаб ташлайди.
Шу асно Киев жанубий-шарқий минтақалардаги ҳукумат биноларини бўлгинчилардан тозалаш учун ушбу минтақаларга ҳарбий қўшинлар жўнатганди.
Айрим бинолар эса ҳамон бир Киев, бир бўлгинчилар қўлига ўтиб турибди.
Аввалгисига ўхшамас
Путиннинг сўнгги баёноти аввалгиларига қараганда анча юмшоқ оҳангда жаранглади. У, шунингдек, Украина чегараларига яқин ҳудудлардан Россия қўшинларини қайтариб олганини айтди.
"Қўшинларимиз боис хавотирлар юзага келгани ҳақида бизга тинмай айтишди" - деб изоҳлади Владимир Путин - "Ҳозир уларни одатий ўқув-машғулотлари ўтказиладиган жойга кўчирдик".
Аммо НАТО вакилларига кўра, чегарадаги Россия қўшинлари жойлашувида сезиларли ўзгаришлар кўринмайди.
Бундан бироз олдин эса Британия Ташқи ишлар вазирлиги "Россия Украинада низо чиқариш учун ҳаракат қилаётгани" ҳақида билдирганди.
Россия Қримни ўз таркибига қўшиб олганидан бери Москва ва Ғарбнинг муносабатлари қарийб совуқ давридаги танг ҳолатига қайтган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002












